Линклар

Экологияга оид халқаро хабарлар

  • Ҳасанжон

Сешанба куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Дубай шаҳрида БМТ Атроф-муҳит дастури ҳомийлигида дунё мамлакатлари атроф-муҳит вазирлари иштирокида йирик халқаро анжуман очилди. БМТ Атроф-муҳит дастури матбуот вакили Ник Наттал Озодлик радиосига йиғилиш мақсади ҳақида бундай деди:

“Асосий мақсад Атроф-муҳит вазирларини бир жойга йиғиш. Йигирма беш давлатнинг атроф муҳит вазирлари Ғарбий Осиёда биринчи марта учрашяптилар. Анжуманда 160га яқин мамлакат расмийлари қатнашяпти. Бу атроф-муҳит вазирларининг биринчи энг йирик учрашувидир”.

Ник Натталга кўра, икки муҳим масала йиғилиш кун тартибидан ўрин олган:

“Анжуманда асосан минтақа, шунингдек, дунё миқёсидаги масалалар, яъни, энергия ва туризм масалалари муҳокама қилинмоқда. Чунки энергия хавфсизлиги атроф-муҳит муаммолари, хусусан, иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ифлосланишига бевосита алоқадор. Бундан ташқари бу муаммо одамлар саломатлиги, қишлоқ хўжалиги ва экосистемага зарар етказиши мумкин”, – дейди БМТ Атроф-муҳит дастури матбуот вакили Ник Наттал.








*** *** ***

7 феврал куни Жаҳон савдо ташкилоти Европа Иттифоқи ва унга аъзо олти давлат ген хужайралари ўзгартирилган экинлар ва улардан тайёрланган озиқ-овқат махсулотлари импортини таъқиқлаш орқали савдо қонунларини бузган, деган қарор чиқарди. Жаҳон савдо ташкилоти можарога алоқадор томонларга минг бетдан иборат дастлабки ҳисоботни махфий равишда жўнатган. Жаҳон савдо ташкилоти тақдим этган ҳужжатлар Европа Иттифоқи ҳукуматлари расмийлари, қонунчилар ва бошқа мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар хусусан “Greenpeace” ташкилоти Жаҳон савдо ташкилоти қарорини қоралади. “Greenpeace” вакили Даниел Миттлер:

““Greenpeace” бу қарорни қоралайди. Бу Жаҳон савдо ташкилоти эркин савдо ва иқтисодий манфаатни дунёда атроф-муҳит, одамлар саломатлигидан юқори қўйишини кўрсатади. Шунга қарамай, биз АҚШ ва “Монсанто” каби биотехнология ширкатларининг ген хужайралари ўзгартирилган экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларни тарғиб қилиш йўлидаги уринишлари муваффақиятсизликка учрашига умид қиламиз”, – дея муносабат билдирди “Greenpeace” вакили.

Франция, Германия, Австрия, Италия, Люксембург ва Греция Европа Иттифоқи қонунига қўшимча равишда ген хужайралари ўзгартирилган экинлар ва улардан тайёрланган махсулотлар рекламаси ва импортини якка тартибда таъқиқлаган. Бунинг оқибатида 1999 йилдан 2003 йил август ойигача шундай махсулотлар Европа Иттифоқи давлатларига олиб келинмаган.

Миттлер фикрича, Жаҳон савдо ташкилоти чиқарган қарор Европадаги вазиятни ўзгартира олмайди. Чунки бу қарор Европа Иттифоқи қонунларидан устивор эмас:

“Жаҳон савдо ташкилоти қарори бошқалар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишдир. Айни пайтда, биз АҚШ шу қарор ортидан эришмоқчи бўлган мақсадига ета олмайди, деб ўйлаймиз. Чунки ген хужайралари ўзгартирилган экинлар ва улардан тайёрланган озиқ-овқат махсулотлари истеъмолчилар, фуқаролар ва дунё ҳукуматлари томонидан рад этилади, деган умиддамиз”.

Бироқ, АҚШ расмийлари Жаҳон савдо ташкилоти чиқарган қарор дунё фермерлари ва қишлоқ жойларда яшовчи аҳолига катта манфаат келтиради, демоқда.







*** *** ***

Бир неча ҳафтадан буён Евроосиё минтақасида совуқ об-ҳаво сақланиб турди. Шу кунларда, айниқса, Украинада ҳаво харорати меъёрдан анча паст. Чоршанбага ўтар кечаси Луханск минтақасида ҳаво харорати минус 34 даражани, Харковда 30, Донецкда 28 даражани ташкил этди.

Газ ва электр танқислиги боис Украинада минглаб аҳоли совуқда яшашга мажбур бўлмоқда. Охирги бир ой ичида Украинада Сибирнинг совуқ ҳаво оқими хукм сурмоқда. “ДПА” ахборот агентлиги хабарига кўра, сўнгги бир неча ҳафта давомида Украинада совуқ ва совуқ билан боғлиқ касалликлар оқибатида 738 одам нобуд бўлган. Украина Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маълумотига кўра, касалхоналар совуқдан азият чеккан тўрт минг 300дан ортиқ фуқарони даволаган. Совуқ туфайли Украина бўйича икки минг 100 мактаб ёпилган.

Айни пайтда, Туркиянинг шимоли-ғарбий минтақалари, хусусан Истанбул шаҳри ва унга туташ ҳудудларда ҳам бир неча кундан бери тинимсиз қор ёғаяпти. Маълумотларга кўра, қалин ёққан қор шаҳар атрофидаги йўлларни беркитиб қўйган.
XS
SM
MD
LG