Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:35

Карикатурадан чиққан можаро давом этмоқда


С. Усмон Муҳаммад пайғамбарнинг тасвири сифатида чизилган карикатуралар туфайли пайдо бўлган норозиликлар шиддати секин-аста пасайиш ўрнига, аксинча, тобора авж олмоқда.


Афғонистон расмийларидан олинган хабарларга қараганда, 8 февраль куни Зобул вилояти маркази Қалот шаҳрида бўлиб ўтган норозилик акциялари пайтида камида 4 киши нобуд бўлди, 9 киши жароҳат олди.

Афғонистон армияси ва мамлакат Ички ишлар вазирлиги ходимларига кўра, хавфсизлик кучлари тошбўрон қилаётган оломонга қарата ўт очган.

Норозилик намойишлари пойтахт Кобулда ҳам давом этди.

Индонезия пойтахти Жакартада талаба ёшлар норозилик намойишига чиқиб, Дания элчихонаси биноси олдида шу мамлакат байроғини ёқиб ташладилар. Акция уюштирувчиларидан бири данияликларнинг Индонезиядан чиқиб кетишларини талаб қилди.

Норозилик намойишлари Яқин Шарқда, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ҳам бўлиб ўтди. Юзлаб намойишчилар Хеврон шаҳридаги халқаро кузатувчилар миссиясини тошбўрон қилди.

Миссия вакилининг айтишича, тошбўрон пайтида бино ичида ташкилотнинг 60 дан зиёд ходими бўлган.
Бироқ тартиб сақлаш учун етиб келган Фаластин полицияси ҳаракатлари билан ҳеч кимга жароҳат етмади.

Эроннинг нуфузли газеталаридан бири пайғамбар карикатураларига жавоб тариқасида "Холокост карикатуралари" мавзуида танлов эълон қилди.

Теҳрон шаҳар ҳокимияти нашри бўлган Ҳамшаҳрий газетаси Иккинчи жаҳон уруши даврида 6 миллион яҳудийнинг ёстиғи қуритилгани устидан кулишни ҳам сўз эркинлиги, деб атаса бўлармикин, деган мақсадда ҳорижлик рассомларни ҳам карикатуралар танловига таклиф қилди.

Эрон газетасининг бу тутумига АҚШ Давлат департаменти вакили Шона Маккормак бундай муносабат билдирди:

- Холокостдай даҳшат устидан кулиш ёки бошқа йўл билан бу масалада бўҳтон қилиш ғазабни қўзғайди холос.

Германияда, Яҳудийлар марказий кенгаши президенти Поль Шпигель Эронда бошланган ҳаракатни қаттиқ қоралади. Айни пайтда, у, Муҳаммад пайғамбарнинг тасвири сифатида карикатуралар чизилишини ҳам қаттиқ қоралаб, бундай тутум маънавий-аҳлоқий меъёрларга зиддир, деди.

Россия президенти В. Путин ҳам бугун Испания ТВси орқали намойиш қилинган интервьюсида шунга ўхшаш фикр билдирди.

- Бирон нарсани нашр қилиш ёки чизишдан аввал юз марта ўйлаб кўриш керак. Бу соҳада ҳар қандай провокацияга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, - деди Россия раҳбари.

АҚШ президенти Жорж Буш ва Иордания қироли Абдуллоҳ мусулмон дунёсида давом этаётган норозиликлар пайтида зўравонлик қўлланилганини қораладилар.

Оқ уйда қилган чиқиши пайтида Жорж Буш бундай деди:

- Биз эркин матбуотда босилган нарсадан норозилик усули сифатида куч қўлланишига қаршимиз. Мен дунё бўйлаб барча ҳукуматларни зўравонликни тўхтатишга, ўз уйидан узоқда мамлакати учун хизмат қилаётган бегуноҳ дипломатлар ҳаётини ҳимоя қилишга чақираман.

Иордания қироли Абдуллоҳ эса бундай деди:

- Биз охир-оқибат бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келаётган норозиликлар, зўравонликларнинг гувоҳи бўляпмиз. Бундай ҳолат билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди. Ислом насронийлик ва иудаизм каби тинчлик ва сабр-тоқат динидир.
XS
SM
MD
LG