Линклар

logo-print

Свердловск вилоятида қўлга олинган ўзбекистонликларнинг Андижон воқеаларига алоқаси йўқ


Басира Ахборот агентликлари тарқатган хабарларга қараганда, 2005 йил давомида Свердловск вилояти ҳудудида ўзбекистонлик бир неча киши Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар уларнинг тақдиридан ташвиш билдириб, Россия Бош прокуратурасига сўровнома билан мурожаат қилган эди.

Бош прокуратура куни кеча ўша сўровномага жавоб берди. Жавоб матнидан маълум бўлишича, Свердловск вилоятида қўлга олинганларнинг Андижон воқеаларига алоқаси йўқ.

Хўш, унда ким бўлди улар?

Даставвал, Бош прокуратура рад этган ўша маълумотлар ҳақида гапирсак.

2005 йил, 19 декабрь куни “Евроосиё янгиликлари” агентлиги Федерал хавфсизлик хизмати Свердловск вилоят бошқармасининг мажлиси ўтказилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Мажлисда хавфсизлик бошқармасининг 2005 йилдаги фаолияти бўйича якунлар чиқарилган, жумладан, 2005 йил июнида вилоят худудида Андижондаги воқеаларга алоқадорликда гумон қилинган шахс қўлга олингани ҳам айтиб ўтилган эди.

2005 йилнинг 20 декабрида эса “АПИ-НОВОСТИ” агентлиги Федерал хавфсизлик хизмати Свердловск вилоят бошқармасига таяниб, 2005 йил давомида ўзбекистонлик икки фуқаро қўлга олингани тўғрисида хабар берди. Хабарда улардан бири –Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб хибсга олингани, иккинчиси эса жазо муддатини ўташ жойидан қочганлиги сабабли халкаро қидирувда бўлганлиги ёзилган эди.

Хабарларда қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларининг исми шарифи келтирилмаган эди. Шу боисдан олдинги дастурларимизда биз Свердловск вилоятида Андижон воқеаларига алоқадор дея қўлга олинганларнинг исми шарифи аниқ эмаслигини айтиб ўтган эдик.

Инсон хуқуқларини химоя этувчи Москвадаги икки йирик ташкилот – “Мемориал” ва “Фуқаровий кўмак” ташкилотлари мана шу хабарлар юзасидан Россия Бош прокуратурасига сўров йўллаган эди

“Мемориал” инсон хуқуқларини химоя этувчи марказ рахбари Виталий Пономарёв:

“Агарда хақиқаттан Андижон воқеалари муносабати билан қидирувга эълон қилинган Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинган бўлса, Россия бош прокуратураси уларнинг экстрадицияси билан шуғулланиши керак. Биз шунга асосланиб, бош прокуратурага суров йулладик.
Менимча, прокуратуранинг жавоби хақиқатга яқин. Яъни, у хақиқаттан хам Свердловск вилоятида қўлга олинганларнинг экстрадиция масаласини кўрмаган”,
- деди.

Россия Бош прокуратурасининг сўровга берган жавобида ёзилишича, юқорида тилга олинган ахборот агентликлари Федерал хавфсизлик бошқармаси берган маълумотни бузиб талқин этган.

Бош прокуратурага кўра, 2005 йилнинг 29 ноябрида Свердловск вилоятида Ўзбекистон фукароси Қиличев К.Г. қўлга олинган. Уни Ўзбекистон ўғирлик қилганликда айблаб, мамлакатга қайтариб беришни талаб этган.

2005 йил 4 декабрида эса Свердловск вилоятида Кишваров Ф.Б исмли Ўзбекистон фуқароси фирибгарликда айбланиб, қўлга олинган. Уни ҳам Ўзбекистон хукумати қайтариб беришни талаб қилган.

“Россия ОАВларида ёзилганидек, Свердловск вилоятида Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб ҳеч ким қўлга олинмаган ва экстрадиция килинмаган”, - дейилади Россия Бош прокуратурасининг жавоб хатида.

Бироқ, “Мемориал” инсон хуқуқлари маркази вакили Виталий Пономарёв Прокуратура жавоб хатида номувофиқлик борлигини таъкидламоқда.

”Прокуратура жавобида Свердловск вилоятида ноябрь охири ва декабрь бошида қўлга олинган Узбекистон фукаролари ҳақида маълумот берилмоқда.Федерал хавфсизлик хизматининг коллегиясида эса 2005 йил июнь ойида қўлга олинган шахслар ҳақида хабар берилган. Демак, бу прокуратура жавоб хатида тилга олинмаган бошқа одамлар”, - деди Виталий Пономарёв.


“Фуқаровий кўмак” қўмитаси вакили Елена Рябинина эса 2005 йилнинг июнида Уралда қўлга олинган, Андижон вокеаларига алоқадорлик айби қўйилган фуқаролар Ўзбекистонга жўнатилган дея тахмин қилмоқда

”Уларни экстрадиция қилиш меъёрларини бузган холда, Узбекистонга беришгани хақиқатга яқинроқ. Биз Россиядан Узбекистонга Бош прокуратура санкциясисиз олиб чикиб кетилган, одамлар ўғирлаб кетилган кўплаб холатларни биламиз.Бу воқеада ҳам худди шундай бўлган бўлиши ҳам мумкин”, - деди Елена Рябинина

Хозирда Россиядан Ўзбекистонга ўғирлик ва фирибгарлик айблари қўйилиб Ўзбекистонга жўнатилаятган икки Ўзбекистон фуқаросига Ўзбекистонда Андижон воқеаларига алокадорлик тамғаси босилиши мумкинми?

”Бу хаммаси қанчалик Ўзбекистон хукумати Андижон воқеаларига алоқадор дея судланганлар сонини оширмоқчи бўлгани билан боғлиқ”, - деди Елена Рябинина.

Шундай қилиб, Россия ОАВларида Федерал хавфсизлик хизматининг 2005 йилги хисоботида айтиб ўтилган, июнь ойида қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида Бош прокуратура маълумот бермади.

Свердловск вилоятида қўлга олинган ва хозирда Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши лозим бўлган икки фуқарога эса ўғирлик ва фирибгарлик айби қўйилганини айтмоқда.

Шу билан бирга, 3 февраль куни Россияда Андижон вокеаларига алоқадор дея қўлга олинган 42 ёшли яна бир Ўзбекистон фуқаросининг исми шарифи ҳам сир тутилмоқда.
XS
SM
MD
LG