Линклар

logo-print

Карикатура можароси шиддати пасайгандай


C. Усмон Муҳаммад пайғамбарнинг аввалига Даниядаги газетада, сўнгра Ғарбдаги бир қатор газеталарда чоп этилган карикатуралари туфайли мусулмон мамлакатларда кўтарилган норозилик тўлқини 9 февраль куни бироз пасайгандай бўлди.

Шу кунгача бир қатор давлатларнинг етакчилари карикатура можароси юзасидан ўз фикрларини билдирди. Улар ўз чиқишларида норозилик акциялари иштирокчиларини намойишлар чоғида бегуноҳ кишиларга нисбатан куч ишлатмасликка даъват қилдилар.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс 8 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида мана бундай деди:

- Кўплаб бегуноҳ кишиларнинг жароҳатланишига олиб келган зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Дунё бўйлаб элчихоналарнинг ёндирилишини, дипломатларга таҳдид қилинганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳозир ҳар бир киши ўзини босиб олиши керак.


Давлат котиби Теҳрон билан Дамашқни пайтдан фойдаланиб, Ғарбга қарши нафратни кучайтиришга ҳаракат қилаётганликда айблади.

Эрон вице-президенти Исфандиёр Раҳим Машойиҳ Индонезияга қилган сафари давомида бу айбловни "ёлғон", деб инкор этди.

Айни пайтда “The New York Times” газетаси карикатура можаросини атрофлича ёритар экан, Яқин Шарқ бўйича мутахассисларга таяниб, можаро Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг декабрь ойида Маккада бўлиб ўтган учрашувидан сўнг авж олганини таъкидлаб ўтди.

Макка саммитига қатнашган 57 мусулмон давлати раҳбарлари, деб ёзади газета, қўшма баёнот қабул қилиб, унда баъзи мамлакатлар ОАВларида Муҳаммад пайғамбар масхара қилинганидан ташвиш билдирилган эди. Ҳужжатда фикр билдириш эркинлигидан диний эътиқод устидан кулиш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин эмаслиги уқтирилган эди.

Данияда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олмасликка чақириқлар, бир қатор араб давлатлари раҳбарларининг Данияга қарши чиқишлари бундан бир неча ой илгари, яъни Муҳаммад пайғамбар карикатуралари илк бор босилганда эмас, балки Макка саммитидан сўнг юз бера бошлади, деб ёзади газета,

Яқин Шарқ бўйича мутахассисларнинг фикрича, карикатура можаросини авж олдиришдан араб давлатлари етакчилари икки мақсадни кўзлаган. Улар, бир томондан Исломнинг ҳимоячилари сифатида мухолифатдаги исломчи ҳаракатлар ҳурматини қозонишга, иккинчи томондан, эркин матбуотга ҳамла орқали жамиятнинг демократиялашуви жараёнини сусайтиришга эришмоқчи бўлганлар.

Бироқ, бугунга келиб, бўҳрон ўзига ўзи куч бераётганга ўхшайди.

Индонезия пойтахти Жакартада бугун ҳам талаба ёшлар Дания элчихонаси олдига йиғилиб, карикатурани биринчи бўлиб босган газета муҳаррирининг жазоланишини талаб қилди.

- Биз ўз намойишимиз билан Муҳаммад пайғамбарни масхара қилувчи карикатурани биринчи бўлиб босиб, бутун мусулмон дунёсини ҳақорат қилган газета жазоланиши кераклигини Дания элчихонаси ва ҳукуматига билдириб қўймоқчимиз, - деди индонезиялик талаба Абдул Раҳим.

Францияда чиқадиган ҳафталик газеталардан бирининг бош муҳаррири Филипп Вал муросасозлик қилмоқчи эмас. У 8 февраль куни Рейтер ахборот агентлигига берган интервьюсида, сўз эркинлиги ҳар қандай қадриятдан устунлигини таъкидлаб, жумладан бундай деди:

- Бу масаладаги ҳар қандай муросасозлик тоталитаризмни қўллаб-қувватлаш бўлади. Бугун гап Ислом билан боғлиқ бўлса, эртага бошқа баҳона пайдо бўлади. Тоталитаризм яшаб қолиш учун ўз шакли ва доктринасини ўзгартириб туради.

Айни пайтда, ўзини Толибон ҳаракатининг дала қўмондонларидан бири Мулла Додуллоҳ деб таништирган киши Франс пресс ахборот агентлиги мухбири билан боғланиб, карикатуралар чоп этилганидан буён 100 нафар жанггари худкуш-бомбачи бўлиш истагини билдиргани тўғрисида хабар қилди.

Мулла Додуллоҳнинг айтишича, экстремистлар гуруҳи карикатурани чоп этишга масъул шахсларни ўлдирган кишига 100 килограмм олтин ваъда қилган.
Шу кунда 100 кило тилланинг қиймати 1 миллион 900 минг доллар атрофида.
XS
SM
MD
LG