Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:01

Охиргисини ҳам ҳайдашмоқчи...


7 феврал куни Тошкент шаҳар маъмурий суди АҚШнинг “Freedom House”- Озодлик уйи ноҳукумат ташкилоти шикоят аризасини кўриб чиқди. Бор-йўғи 7 дақиқа давом этган суд мажлиси Ўзбекистон Адлия вазирлигининг “Freedom House” фаолиятини олти ойга тўхтатиш ҳақидаги қарорини кучда қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди. Адлия вазирлиги АҚШдаги энг йирик ва нуфузли ноҳукумат ташкилотини Ўзбекистон фуқароларини бепул интернет хизмати билан таъминлаб келганлик¸ рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар¸ хусусан инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиëсий мухолифат вакилларига ўз биноси ва техник имконларидан фойдаланишга рухсат берганликда айблаган эди.

“Freedom House”нинг Тошкент ваколатхонасига Мюша Север раҳбарлик қилган кунларда¸ бу ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан Тошкент ҳукуматининг яқин ҳамкори¸ дея айбланган эди. Президент Каримовнинг Север хонимни қабул қилиши¸ икки томоннинг бир-бири шаънига илиқ сўзлар айтиши¸ қолаверса Север хонимнинг Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари расмийлари билан тез-тез учрашиб туриши¸ ташкилотнинг Тошкент идораси шаънига танқидлар оқими ëғилишига сабаб бўлган эди.

Аммо бундай яқинлик кўпга чўзилмади. Аксарият Ғарб ташкилотлари каби¸ 13 май Андижон фожеаларидан кўп ўтмай¸ “Freedom House” бошида ҳам қора булутлар йиғила бошлади.

Ташкилот дастурлари директори ўринбосари Лиза Дейвиснинг айтишича¸ ўзи 29 май куни Самарқандда машғулот ўтказаëтган бир пайтда¸ 15 тача одам машғулот залига бостириб кириб¸ “Freedom House”ни ваҳобийлик ва ўзбек давлатига душманликда айблаган. Бу ҳужумнинг тасодифий эмас¸ балки махсус уюштирилганига¸ бугун Дейвиснинг ишончи комил. Айни пайтда¸ Андижон воқеаларидан аввал ҳам¸ ташкилотимиз ходимлари анча қийин шароитда ишлашаëтган эди¸ деб қўшиб қўяди Дейвис.

“Маҳаллий ходимларимизнинг деярли ҳаммаси¸ хусусан эса миллати ўзбек бўлган дастур мутассадиларидан бири¸ сўроққа чақиртирилган¸ босимга учраган эди. Уни университетдаги ишидан бўшатиб ҳам юборишди”¸ - дейди Дейвис Озодлик мухбирига.

“Freedom House” ижроия директори Женифер Виндзорнинг айтишича¸ ташкилот Ўзбекистон суди чиқарган ҳукмга риоя қилади ва ўз фаолиятини олти ойга тўхтатади. Аммо¸ деб қўшимча қилади у¸ айни кунларнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари учун белгиловчи эканидан келиб чиққан ҳолда¸ ташкилот Ўзбекистондаги ходимларини ойлик билан таъминлашда давом этади ва судда белгиланган муддат тугаши билан¸ яна ўз ишига қайтади.

“Ҳозирда Ўзбекистондаги ходимларимиздан бирортасини ишдан бўшатиш режамиз йўқ. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жуда-жуда қийин даврни бошдан кечираëтган бир шароитда¸ “Freedom House” ва халқаро ҳамжамиятнинг уларни қўллаб-қувватлаши ўта муҳимдир”¸ - дейди ташкилот раҳбари Виндзор хоним.

Тошкент шаҳар судининг Адлия вазирлиги қарорини кучда қолдиргани¸ биз учун кутилмаган ҳол бўлди¸ зотан қарорнинг сохта айблар устига қурилгани шундоққина кўриниб турган эди¸ деб давом этади “Freedom House” раҳбари.

“Бизга қарши қўйилган айблар ва берилган айрим кўрсатмаларни куракда турмас деб ҳисоблаймиз. Суд ҳукми Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасида зиммасига олган ўз халқаро мажбуриятларига қанчалик ëмон муносабатда эканини кўрсатади. Бу режим ўз фуқаролари орасида ҳар қандай объектив маълумот тарқалишини эзиб-янчиб ташлашга уринмоқда”¸ - дейди “Freedom House” раҳбари Женифер Виндзор.

“Freedom House”нинг жаҳон давлатларидаги инсон эркинликлари вазиятига оид эълон қиладиган йиллик ҳисоботлари¸ бу борадаги энг нуфузли тадқиқотлардан ҳисобланади. Йиллардан бери Ўзбекистондаги инсон эркинликлари вазияти ташкилот томонидан жаҳондаги энг ëмонлардан бири деб баҳолаб келинмоқда. Ўзбекистондан ëмонроқ вазият¸ “Freedom House” тадқиқотчилари баҳосича¸ фақат Шимолий Корея¸ Ливия¸ Куба¸ Сурия¸ Судан ва Муанмардадир.

“Ўзбекистон ҳозирча Шимолий Корея каби рўйхатимизнинг энг тубидан жой олмади. Аммо ҳукуматнинг бугун қилаëтган ишларига қараб¸ улар инсон эркинликларини бўғиш борасида Шимолий Кореядан ҳам ўтишга уринмоқда¸ деб айтиш мумкин”¸ - дейди Виндзор хоним.

Кейинги ойлар ичи Ўзбекистонда қарийб 200 га яқин ноҳукумат ташкилоти ҳукумат босими остида ўз фаолиятини тўхтатди. Аксарият Ғарб ноҳукумат ташкилотлари эса¸ Каримов режими бошлаган кампания оқибатида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Бундайлар орасида¸ Internews¸ Очиқ жамият институти¸ БиБиСи ва Озодлик радиолари бор.

Мустақил таҳлилчилар фикрича¸ хориж ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистондан ҳайдалиши инсон ҳуқуқлари вазиятнинг янада ëмонлашишга йўл очмоқда. Қолаверса¸ хориж гуруҳларининг кетиши билан¸ Андижон воқеаларидан сўнг Тошкент ва Ғарб ҳукуматлари ўртасида бошланган совуқчилик даврида икки ўртадаги мулоқотни давом эттириш учун қолган сўнгги йўл ҳам кесилди¸ дейди шарҳловчилар.
XS
SM
MD
LG