Линклар

logo-print

Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси етти йилга қамалди

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/40AAF6AE-3CD2-4CD7-A283-34AB13583065_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/40AAF6AE-3CD2-4CD7-A283-34AB13583065_mw800_mh600.jpg Андижон воқеалари гувоҳи бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов етти йилга қамалгани ҳақидаги маълумот яна бир бора тасдиғини топди. Нью Йоркдаги Хьюман Райтс Уотч ташкилоти бу ҳақдаги маълумотни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасидан олган.

“Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг 5 январ куни етти йилга қамалганини тасдиқловчи маълумотни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасидан ҳамкасбларим олишибди’, - дея билдирди ташкилотнинг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Берг.

Андижондаги норасмий "Апелляция" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари бўлган Саиджаҳон Зайнобиддинов 13 май воқеаларидан бир хафта ўтиб ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан олиб кетилган эди. Хибсга олинишидан олдин Зайнобиддинов хорижий журналистларга 13 май куни Андижонда халқ қўзғолони бўлгани ва ҳукумат кучлари бу қўзғолонни бостириш учун куч қўллаганини айтган.

“Ҳақиқий халқ қўзғолони бўлган. Одамлар сиёсий талабни илгари суришмаган. Улар ҳукуматнинг ички сиёсати оқибатида тушкунликка тушган одамлар бўлган”, - деган эди Саиджаҳон Зайнобиддинов Андижон воқеаларидан уч кун ўтиб берган интервьюсида.

Маълумки, Ўзбекистон раҳбари қонли воқеалардан бир кун ўтиб ўтказилган матбуот анжуманида Андижон ходисасини радикал исломий гуруҳлар иши деб атаган. Андижонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов Ислом Каримовнинг бу баёнотига ҳам муносабат билдирган.

“Матбуот анжуманларида ўзини оқлаб гапириш жуда осон. Агар бу гаплар далиллар билан айтилганда эди, бошқа гап. Президент айбдор эмаслигини исботлаб бериши керак. Агар у буни қилмаса оммавий қамашлар, халқни қирғин қилишлар давом этаверади”, - деган эди Саиджаҳон Зайнобиддинов. Мана шу гапларидан саноқли кунлар ўтиб Зайнобиддинов хибсга олинди.

Ўзбекистон ҳукумати уни нотўғри маълумот тарқатганликда ва аҳоли орасида саросима яратганликда айблади. Ҳибсга олинганидан бери узоқ вақт давомида Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳақида унинг оиласига маълум қилинмади.

“На унинг оила аъзолари на ҳимоячиларига унинг қаердалиги ҳақида маълум қилинди. Саиджаҳон устидан маҳкама бошланганмиш деган миш-мишлар пайдо бўлгунга қадар, унинг оиласи Зайнобиддиновнинг қаердалиги ҳақида билмаган”, - дейди Андреа Берг.

Зайнобиддинов устидан маҳкама ҳам жамоатчиликка ёпиқ ўтказилди.

“Андижон воқеаси бўйича Олий суддаги биринчи маҳкамадан ташқари қолган судларнинг бари ёпиқ ўтказилди. Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳкамалар ёпиқ ўтказилаётганини айтишмоқда”, - дейди Хьюман Райтс Уотч ташкилоти вакиласи Андреа Берг. Аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси маҳкама ёпиқ ўтказилгани ҳақидаги маълумотларни инкор этиб чиққан.

Ҳукумат Андижондаги воқеалар пайти 187 одам ҳалок бўлгани ва уларнинг кўпчилиги экстремистлар эканини иддао қилиб келган. Аммо, воқеа гувоҳлари, инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам Андижонда ҳалок бўлганлар сони ҳукумат келтирган рақамдан бир неча бор кўп эканини таъкидлашган. Хьюман Райтс Уотч ташкилоти андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси дунё жамоатчилигига ҳақиқатни гапиргани учун жазоланган, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG