Линклар

logo-print

Россия ҳукумати ноҳукумат ташкилотлар устидан назоратни кучайтирмоқда

  • Ҳасанжон

Яқинда Россия президенти Владимир Путин хавфсизлик кучларини чет давлатлар ноҳукумат ташкилотларнинг орқали Россия ички ишларига аралашишига йўл қўймасликка чақирди. Айни пайтда, Путин Россиядаги ташкилотларни ҳориждан молиявий ёрдам олишда хушёр бўлиш ҳақида огоҳлантирди. Кейинроқ Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов ҳам шу маънода баёнот берди. Бу Грузия, Украина ва Қирғизистонда амалга оширилган рангли инқилоблардан кейин Кремл расмийлари нодавлат ташкилотларининг демократия қуриш дастурларига жиддий эътибор қарата бошлаганидан далолат беради.

Россиядаги ноҳукумат ташкилотларини молиялаш билан боғлиқ масалалар бир неча ойдан бери қизғин мубоҳасалар бош мавзуи бўлиб келди.

7 феврал куни Москвада Федерал хавфсизлик хизматининг йиллик йиғилишида сўзлаган президент Владимир Путин ноҳукумат ташкилотлар масаласини четлаб ўта олмади. Путин фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ноҳукумат ташкилотлар муҳим рол ўйнагани ва улар ўз фаолиятини давом эттириши кераклигини айтди. Бироқ у хавфсизлик хизматини чет давлатларнинг ноҳукумат ташкилотлари орқали Россия ички ишларига аралашишига йўл қўймасликка чақирди.

Россия хавфсизлик хизмати ходимлари кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотларини молия билан таъминлаган Москвадаги Британия элчихонаси расмий ходими бўлиб ишлаган шахс январ ойида қўлга олинганини маълум қилган эди. Хавфсизлик хизмати йиғилишида президент Путин ўша воқеага ишора қилиб хориждан молиявий ёрдам олишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўриш кераклиги ҳақида ноҳукумат ташкилотларини огоҳлантирди:

“Россия контрразведкаси профессионал ишлади. Бу жанжал ноҳукумат ташкилотларига соя солганига афсусланиш билдириш мумкин холос. Аммо бу воқеага сизларнинг ҳеч қандай алоқангиз йўқ. Молиявий ёрдам олаётганлар ўзаро муносабатларда хушёр бўлишлари керак”.

23 январ куни Федерал хавфсизлик хизмати Британия элчихонасининг тўрт ходимини сунъий тош ичига ўрнатилган алоқа узаткичи ёрдамида Москвада жосуслик билан шуғулланганликда айблаган эди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этиб, агар дипломатларга қарши чора кўрилса, жавоб чоралари кўрилиши ҳақида огохлантирди. Федерал хавфсизлик хизмати Британия элчихонаси дипломатларидан бири инсон ҳуқуқлари ташкилотларига пул бераётган пайтда қўлга олинганини билдирди. Британия расмийлари эса Россияда инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини тарғиб қилаётган гуруҳларга очиқдан-очиқ пул бераётганини баён қилди.

Россияда кўпчилик Россия ҳукумати жосуслик билан боғлиқ сўнгги жанжални атайлаб уюштирган, деган фикрда.

Евгений Волк Москвадаги “Херитаж” тадқиқот маркази раҳбари. Волк рангли инқилоблар Кремл расмийларини ноҳукумат ташкилотларнинг Россияга таъсири масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилганини айтади:

“Узоқ вақт давомида Россияда ноҳукумат ташкилотларга ҳеч қандай аҳамият берилмади. Бу ташкилотлар жиддий қабул қилинмади. Украина, Грузия ва Қирғизистонда амалга оширилган рангли инқилоблар Россия ҳукумати учун муҳим омиллар бўлди. Ноҳукумат ташкилотларнинг кучи Россиядаги юқори лавозимли амалдорларни чўчитди. Шу боис ноҳукумат ташкилотларга нисбатан эътибор кучайди”.

Айниқса Украинадаги зарғалдоқ инқилобидан кейин Россия ҳукумати расмийлари мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотлар хорижий давлатлар ҳукуматлари томонидан молиялаштирилишини қоралай бошлади.

АҚШ Конгресси ўтган йил ноябрида Россиядаги демократик ташкилотларга ёрдам бериш учун 2006 йилда тўрт миллион доллар маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу маблағ АҚШдаги “National Endowment for Democracy”, “National Democratic Institute” ҳамда “International Republican Institute”га бўлиб берилди.

Жон Сквир “National Endowment for Democracy” ташкилотининг Россия ва Украинага мўлжалланган дастурлари ходими. У ўз ташкилоти амалга ошираётган дастурлар ҳақида бундай деди:

“Бизнинг ташкилот кенг қамровли дастурларни амалга оширяпти. Биз Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволии, ошкоралик, матбуот ва ахборот эркинлиги каби масалаларни қамраб олган дастурларни амалга оширяпмиз”.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Вилямс Бернс 2006 йил 7 февралдан бошлаб ноҳукумат ташкилотларига нисбатан қатъий қонунлар кучга кирганига қарамай, АҚШ Россиядаги ноҳукумат ташкилотларини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди:

“Биз ноҳукумат ташкилотларга оид қонун амалда қандай бажарилаётганини диққат билан кузатишни давом эттирамиз. Бу Россиядаги кўплаб ноҳукумат ташкилотларига тегишли. Чунки биз ноҳукумат ташкилотлар Россия жамиятида ўта фойдали рол ўйнайди, деб ўйлаймиз. Биз Россия қонунлари доирасида ноҳукумат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз”.

Сўнгги йилларда бошқа собиқ Совет Иттифоқи республикалари, жумладан Ўзбекистон ҳам Россия каби мамлакатда инсон ҳуқуқлари, демократияни тарғиб қилаётган ноҳукумат ташкилотларига босимни кучайтирмоқда.
XS
SM
MD
LG