Линклар

Парранда гриппи хавфи кучаймоқда


А.Арал

Россия ва Осиë ҳудудларидан Каспий ва Қора денгиз орқали жанубга учиб ўтадиган паррандаларнинг йўл бўйидаги минтақаларда парранда гриппини тарқатгани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра¸ Украина ва Озарбайжон ҳудудларида ушбу касалликдан нобуд бўлган паррандалар тўдаласрнинг ўлиги топилган. Сўнгги маълумотларга кўра¸ парранда гриппи Россиянинг Доғистон республикаси¸ шунингдек¸ Эрон ҳудудида ҳам пайдо бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ 2003 йилдан буëн парранда гриппи вируси тақрибан 100 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Эндиликда бу вируснинг Словения¸ Италия ва Австрия каби Европанинг бир қатор мамлакатларига ҳам тарқалгани айтилмоқда.


Каспий ва Қора денгиз соҳилларидаги мамлакатларда ҳукумат расмийлари парранда гриппини тарқатиши гумон этилаëтган паррандаларни йўқ қилишга киришган. Айниқса¸ Озарбайжонда ушбу вирус тарқалиши хавфи кучаймоқда. Ўтган ҳафта сўнггида Озарбайжон Соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат фуқароларини ëввойи паррандаларга яқинлашмасликка чақирди.

Озарбайжонлик эпидемиолог Ибодулла Агаев Рейтер ахборот агентлигига¸ “республикада парранда гриппи мавжуд¸ аммо бу вирус одамларга ўтгани йўқ”¸ деб маълумот берди.

“Республикамизда парранда гриппи аломатлари одамларда кузатилгани йўқ. Ҳа¸ биздаги ëввойи паррандаларда бу касаллик пайдо бўлгани аниқланди. Бу масала билан ветеринария бўлимлари шуғулланмоқда”¸ - дейди эпидемиолог Агаев.

Парранда гриппи тарқалишининг олдини олиш учун Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари товуқ фермаларига паррандаларини йўқ қилиш ҳақида кўрсатма берган. Пойтахт Баку каби шаҳарларда одамлар товуқ гўштини истеъмол қилишдан қўрқиб қолган. Дунë мутахассисларининг товуқ гўштини яхшилаб пишириб еса зарар етмаслигини айтаëтганига қарамай¸ Соат Мамедова оиласи каби озарбайжонликлар товуқ гўштини истеъмол қилишни бутунлай тўхтатиб қўйган.

“Бизнинг уйдагилар камида 10 кундан буëн товуқ гушти емаяпти. Мен ўзим шифокорман¸ парранда гриппи тарқалгани телевидение орқали эълон қилинишидан олдин товуқ гўшти емасликка қарор қилган эдим”¸ - дейди Маметова.

Бакулик бошқа бир фуқаро – Конул Мустафоева оиласи¸ асосан¸ арзонбаҳо товуқ гўшти истеъмол қилади.

“Мен товуқ гўшти ейишдан қўрқаман. Аммо ҳукумат мулозимлари келажакда бу муаммонинг олдини олишларини умид қиламан”¸ - дейди бу аëл.

Ўтган декабр ойи бошларида Украинанинг Қрим ярим оролида бир қанча ўлик парранда топилиши билан Қора денгиз ҳудудларида парранда гриппи тарқалгани маълум қилинган эди. Аммо минтақада бу касалликнинг ҳозирча одамларга юққани қайд этилгани йўқ.

Парранда гриппи шунингдек¸ Россия ҳудудида ҳам қайта пайдо бўлган. Сўнгги кунларда Доғистондаги бир товуқ фермасида 42 минг¸ Махачқаладаги бошқа бир товуқ фермасида 4 минг парранда нобуд бўлган.

Россия ветеринария хизматининг билдиришича¸ мазкур паррандалар нобуд бўлишига Н5N1 вируси сабаб бўлган.

Айни пайтда¸ парранда гриппининг Ғарбий Европанинг бир қатор мамлакатларида ҳам пайдо бўлгани айтилмоқда. Германия расмийлари¸ Болтиқ дегизидаги Руйген оролида топилган икки ўлик ëввойи оққушда Н5N1 вируси борлигини маълум қилди. Бу воқеадан сўнг дарҳол Дания¸ Норвегия ва Швеция товуқ фермаларига паррандаларни ичкарида сақлашга бўйруқ берди.

Куни-кеча Австрия ўлик паррандаларда мазкур грипп вируси аниқланганини билдирди; бундан олдинроқ Италия икки ўлик оққушдан Н5N1 вируси топилганини тасдиқлаган эди.

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти вакили Самуэл Юутзининг айтишича¸ Европа мамлакатлари жиддий хавф остида қолмоқда¸ келаси ойлар мобайнида Африкадан шимолга учиб ўтувчи қушлар орқали парранда гриппи тарқалиши мумкин.

Эронда парранда гриппининг Каспий денгизи қирғоқларидаги ҳудудларда пайдо бўлгани тасдиқланди. Мамлакат шимол-ғарбидаги Гилон вилоятида парранда гриппидан нобуд бўлган 135та оққуш топилгани айтилмоқда. Афғонистонда эса¸ шаҳардан-шаҳарга учиб юрувчи бир миллиондан зиëд каптарнинг парранда гриппини юқтиргани тахмин этилмоқда.
XS
SM
MD
LG