Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:49

Украинчасига депортация


Украина Қримда қўлга олинган 10 нафар Ўзбекистон фуқаросини ўз мамлакатига депортация қилди. Ушбу фуқаролар ўтган ҳафта Украина миграция қонунларини бузганликда гумон этиб, ҳибсга олинган эди. Украинадаги БМТнинг қочқинлар идораси вакиллари Киев ўзбек фуқароларини халқаро қонунларга зид равишда депортация қилди, демоқда. Сабаби, бу фуқаролар ватанларига қайтарилган тақдирда қийноққа солинишлари мумкин.

Украина хавфсизлик хизмати вакили Марина Остапенконинг айтишича, 10 нафар Ўзбекистон фуқароси миграция қонунини бузганликда айбланиб, депортация қилинган.

"Бу фуқаролар Украина худудида ноқонуний бўлганликлари ва мамлакат қонунчилигини бузганлиги сабаб 14 феврал куни Симферополнинг Киев туман суди уларни мажбурий тарзда Украинадан депортация қилиш тўғрисида хукм чиқарди ва шу куни кечқурун улар Симферополдан самолет билан Ўзбекистонга жўнатилди", - деди Остапенко.

Украинанинг UNIAN ахборот агентлигига кўра, 10 нафар фуқаро Ўзбекистон томони илтимосига кўра, Қримда қўлга олинган. Тошкент ҳукумати уларни 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеаларига алоқадорликда айблаган. Аммо Украина хавфсизлик ҳизмати вакили бу ҳақда маълумотга эга эмас.

Украинадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар идораси Қримда қўлга олинган ўзбек фуқаролари депортация қилинганидан жиддий хавотир билдирди. Ташкилот вакили Наталия Прокопчукнинг айтишича, Андижон воқеалари гувоҳи бўлган бу фуқаролар ватанларига қайтарилганлари тақдирда қамоққа олиниши ва қийноққа солиниши мумкин. Ташкилот эса Украина ҳуқуқ-тартибот органларини олдиндан бу ҳақда огоҳлантирган ва уларни депортация қилмай туришликни сўраган.

"4 феврал куни бизга Украина ўзи олган мажбуриятларни билади ва бу одамлар билан қонун доирасида муносабатда бўлинади, суд қарори бўйича шикоят қилиш ҳуқуқи уларга берилиши ҳақда кафолат беришган эди. Шунингдек, биз бу одамлар билан учрашишга рухсат сўраб хат билан хавфсизлик хизматига мурожаат этдик. Аммо, сал ўтиб давлат идораларидан эмас, балки оммавий ахбророт воситалари орақли бу фуқаролар аллақачон депортация қилингани ҳақида хабар топдик".

Наталия Прокопчукнинг айтишича, Кримда қўлга олиниб, депортация қилинган бу фуқаролардан 9 нафари қочқин мақоми берилишини сўраб Крим миграция ҳизматига мурожаат қилган ва буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Шу жиҳатдан уларнинг қуйи инстанцияда турувчи суднинг қарори билан депортация қилиниши Қочқинлар тўғрисидаги Женева конвенциясига зид эканини айтади БМТ Қочиқнлар идораси вакиласи.

"Женева конвенцияси миллий қонунлар ёки икки томонлама келишилган шартномалардан устун туради. Ва энг қизиғи, халқаро қонунларга риоя қилинади деб бизни ишонтиришди. Ҳозир эса биз нима бўлганини ўрганиш мақсадида суриштирув олиб боряпмиз. Менимча ушбу депортацияни одамларни ҳаёти хавф остида бўлган мамлакатга куч билан қайтариш деб баҳоласа бўлади".

Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам ўзбек фуқароларининг Ўзбекистонга мажбуран депортация қилинишини халқаро қонунларга зид деб билади. Ташкилот вакили Виталий Пономорев 10 нафар ўзбек фуқароасининг бу қадар тез суратда депортация қилинишида коррупция механизми ишга солинган бўлиши мумкинлигини назардан қочирмайди.
"Холатнинг дунё жамоатчилигига овоза бўлиши эхтимоли депортация жараёнини тезлаштирган бўлиши мумкин. Сабаби бу билан журанлистлар қизиқа бошласа, халқаро ташкилотлар хавотир билдирса ўзбек фуқароларининг депортация қилиниши қийинлашарди. Ўзбекистон махсус ҳизматларининг ўзга давлат маҳаллий ҳуқуқ тартибот органларига у ёки бу одамни ушлаб бериш учун йирик миқдорда пулларни таклиф этиш амалиёти эскидан мавжуд. Агар уларни экстрадиция қилиш ҳақида Киев ҳукуматига расмий мурожаат бўлганида эди, бу Крим маъмурияти ваколати доирасидан чиқиб, иш билан Бош прокуратура шуғулланган ва қарор қабул қилиш қийинлашган бўларди. Арзимаган маъмурий жазони қистириб одамни зудликда депортация қилиб юбориш жуда осон", - дейди Виталий Пономорев.

Украинада Ўзбек фуқароларининг ватанларига депортация қилиниши Киевда ҳукумат тепасига Виктор Юшченко бошлиқ демократик кучлар келиши билан боғлиқ рангли инқлобдан кейинги илк холатдир. 1999 йил 16 феврал Тошкент портлашларидан бир ой ўтиб Украинанинг ўша пайтдаги ҳукумати Ўзбекистонга тўрт мухолифат вакили, жумладан "Эрк" партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжонни ушлаб берган ва украин полицияси Муҳаммад Бекжон ёнида бўлган бир неча минг долларни талон-тарож қилган. Муҳаммад Бекжон ҳали ҳануз қамоқхонада қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари унинг жисмоний аҳволи ёмон эканлиги ҳақида хавотир билдириб келмоқда. Россиядаги "Фуқаролик кўмак" ташкилоти вакили Елена Рябинина Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар одатий хол экани ва фуқаролар экстрадиция қилингани холда қийноққа юз тутиши муқаррар эканини айтади.

"Ўзбекистонда қийноқлар қўлланилади, адолатли судлов мавжуд эмас бу давлатда. Бу нуфузли халқаро ташкилотлар тарафидан тан олинган. Агар худо кўрсатмасин, кимдир бу давлатга экстрадиция қилинадиган бўлса, унинг қийноққа солиниши муқаррар", - дейди Рябинина.

Украинадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар идораси эса 10 нафар ўзбек фуқароасининг Тошкентга депортация қилиниши юзасидан Киев ҳукуматига норозилик билдирган.

"Биз Украина ҳукуматига ўз норозилигимизни билдирамиз ва бу каби холлар бошқа такрорланмаслиги учун ҳукумат билан конструктив мулоқот олиб бормоқчимиз. Биз бу одамларни қутқариб қоломадик. Лекин келажакда одамларни қутқариб қолиш учун аниқ механизм ишлаб чиқилиши керак ва ҳукумат билан бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", - дейди Украинадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочиқинлар идораси вакили Наталия Прокопчук.
XS
SM
MD
LG