Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:17

Беларусда президентлик сайловида қатнашадиган тўрт номзод рўйхатга олинди


17 феврал куни Беларус Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловида қатнашадиган тўрт номзодни рўйхатга олди. Беларус президенти лавозимига мамлакатнинг ҳозирги президенти Александр Лукашенко, йирик мухолифат гуруҳлари қўллаб-қувватлаётган Аляксандр Милинкевич, Либерал демократик партия раҳбари Сергей Гайдукевич ва Социал демократик партия раҳбари Александр Казулик даъвогарлик қилмоқда.


Аляксандр Милинкевич


Сергей Гайдукевич


Александр Казулик

Европа Иттфоқи ва АҚШ расмийлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 19 март куни ўтказиладиган президентлик сайлови демократик бўлмайди, деган фикрда. Чунки Лукашенко режими мустақил ахборот воситалари ва ўз сиёсий рақибларини таъқиб қилмоқда.

“Беларуские новости” газетаси муҳаррири Кирил Позняк президентликка номзодлар намойиш ўтказиш учун ҳукуматдан рухсат олиши кераклигини айтади:

“Номзодлар аҳоли билан қонуний равишда мулоқотда бўлиш ҳуқуқига эга бўладилар. Улар сайловчилар билан учрашишлари мумкин. Шунга қарамай, чекловлар жорий қилинмоқда. Минск ҳукумати сайловчилар билан учрашиш учун рухсат олиш кераклигини эълон қилди. Сайлов ҳақидаги қонунда бундай рухсат олиш кераклиги кўрсатилмаган”.

Мухолифат ҳукумат қарорини конституцияга зид, дея бахоламоқда.

“Gullup/Baltic Service” томонидан январ ойи биринчи ярмида ўтказилган сўров натижасига кўра, сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган Беларус фуқароларининг тахминан 55 фоизи ҳозирги президент Александр Лукашенкога, 17 фоизи Милинкевичга овоз бериш ниятида.

Позняк фикрича, Лукашенко президент сифатида қатор устунликларга эга:

“Давлатга қарашли газеталар, радио ва телевидение Лукашенко тарафдори. Шу боис оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган мавзуларнинг 70–90 фоизи Лукашенко ҳақида. Газета ва телекўрсатувларда Лукашенко тўғрисида фақат ижобий гаплар айтилади. Мухолифат вакилларига муносабат эса салбий”.

Сайлов қонунига кўра, президентликка даъвогарлар ўз номзоди расман рўйхатга олингани эълон қилинмагунича сайловолди кампанияси олиб оришга ҳақли эмас. Аммо ҳукумат расмийларга кўра, оммавий ахборот воситаларида Лукашенко ҳақида берилаётган маълумотлар сайловолди кампанияси эмас, балки унинг президентлик фаолияти билан боғлиқ.

Айни пайтда, Познякка кўра, давлатга қарашли ахборот воситалари сиёсий мухолифат, айниқса, президентликка даъвогар бўлган мухолифат вакилларини танқид қилишни кучайтирмоқда.

Беларусда президентга туҳмат қилганлик тўғрисида қонун борлиги учун Лукашенкони танқид қилишга ҳеч ким журъат эта олмайди. Кузатувчилар фикрича, Лукашенко катта устунликка эга бўлгани боис у ахборот воситалари қўллаб-қувватламаса ҳам сайловда ғолиб чиқа олади. Аммо кузатувчилар мухолифат вакиллари жиддий кураш бошлаш учун нега бирлаша олмаётгани сабабини билмайди.

Валерий Карбалевич Минскдаги “Стратегия” тадқиқот маркази таҳлилчиси. Унинг фикрича Беларус давлат университети собиқ ректори Казулинниг сиёсий амбициялари мухолифат бирлаша олмаётганининг асосий сабабидир:

“Аляксандр Казулин ва унинг гуруҳи бошиданоқ мухолифат коалицияси ўйинларида иштирок этмади. Улар мухолифатни жамият қўллаб-қувватламаяпти, деган фикрда. Улар Лукашенко ва мухолифатга қарши учинчи куч пайдо бўлиши керак, деб ўйлашади”, – дейди беларуслик таҳлилчи.

Валерий Карбалевичга кўра, халқ қўллаб-қувватлаши уч фоизга тушиб кетганига қарамай, Казулин ўзи танлаган йўлдан боришда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG