Линклар

Бугун Москвада Эрон ядровий дастури атрофида юзага келган танг вазиятни юмшатишга қаратилган музокаралар ниҳоясига етди.


Эрон делегацияси бошлиғи Али Ҳусайни Тош икки кунлик музокараларни "ижобий ва конструктив" дея баҳолади.
"Биз Россия планини мухокама этдик. Аввал айтганимиздек, бу таклифни биз ижобий баҳолаймиз. Лекин биз, бу режани янги формула доирасида кенгайтиришга келишдик", - деди Али Ҳусайни Тош.
Москва Теҳрон ҳукуматига уранни бойитиш амалини Россия ҳудудида олиб боришни таклиф этган эди. Россия таклифи шартларига биноан, Эронга Россия атом иншоотларида уранни бойитиш билан шуғулланишга рухсат берилади. Агар Эрон Кремл таклифига рози бўлса, у ядровий ёқилғини бошқа дастурлар, жумладан ядровий бомба яратиш учун ишлата олмайди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳроннинг ядровий дастури ядровий қурол яратишга қаратилгани борасида хавотир билдириб келган. Эрон ўз худудида ядровий тадқиқотларни тўхтатмагани холда масалани Хавфсизлик Кенгашига ошириш ва Теҳрон ҳукуматига санкциялар жорий этиш таклифи илгари сурилган эди. Аммо, Эрон томони масаланинг Хавфсизлик Кенгашига оширилиши муаммонинг конструктив ечими эмаслигини таъкидлаб келмоқда. Эрон музокарачиси Али Хусайни Тош бугун Москвада шу ҳақда яна бир бор таъкидлади.
"Эрон масаласининг БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширилиши масалани тўғри ҳал этилишини издан чиқаради. Эрон ва Россия бу борада якдил қарашда", - деди Али Хусайни Тош.
Аммо, Россия томони бугун Москвада ўтган музокара натижалари ҳақида аниқ маълумот бермади.
"Учрашув натижалари ҳақида албатта маълумот берамиз. Музокаралар оҳиригача етмагунча сўзлашув барбод бўлди дейишга эхтиёт бўлган бўлсардим", - деди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Маълумотларга кўра, Эрон ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар бир неча кундан сўнг Россиянинг атом энергияси бошқармаси - "Росатом"да давом этади. Ушбу идора раҳбари Сергей Кириенко Россия Эрон масаласининг тинч ҳал этилиши учун ўзида бор имкониятни ишга солишини айтди.
"Эрон делегацияси икки кун давомида бу ерда иш олиб борди, бу яхши албатта. Сўзлашувлар давом этмоқда. Лекин уни натижалари ҳақида олдиндан бирон нарса демайман. Ўйлайманки Россия юзага келган вазиятни тинч, конструктив ҳал этишда қўлдан келганича иш қилади", - деди Росатом раҳбари.
XS
SM
MD
LG