Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:59

Ким навбатдаги БМТ Бош котиби бўлади?


Ганалик Кофи Аннан жорий йил охирида БМТ Бош котиби лавозимни тарк этади. У БМТга салкам ўн йил раҳбарлик қилди. Ташкилот хартиясига мувофиқ Аннан учинчи марта Бош котиби этиб сайланмайди. Шу боис ўтган ҳафта Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ташкилотга янги раҳбар сайлаш масаласи кўрилди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон Ташкилотга янги Бош котиб сайлаш ташкилот 2006 йилда қабул қиладиган энг муҳим қарор бўлади, деган фикрда. Аммо Болтон бу лавозимга ким даъвогар бўлиши мумкинлиги тўғрисида гапиришга вақт ҳали эрта эканини айтади:

“Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси одатдаги маслаҳатлашув пайтида ташкилотга янги Бош котиб сайлаш масаласини муҳокама қилди. Ҳозирча мен шуни айта оламан, холос”.

БМТ хартиясига мувофиқ янги Бош котиб Хавфсизлик кенгаши тавсияси билан Бош ассамблея томонидан тайинланади. Аммо Хавфсизлик кенгашининг вето қўйиш ҳуқуқига эга доимий беш аъзоси, яъни, АҚШ, Британия, Россия, Франция ва Хитой ўртасида ўз вакилини Бош котиб лавозимига сайламаслик тўғрисида норасмий (қоғозга ёзилмаган) келишув бор. Ҳозирга қадар томонлар ана шу келишувга амал қилиб келмоқда. БМТдаги айрим дипломатлар, ана шу келишув туфайли собиқ АҚШ президенти Билл Клинтон БМТ раҳбари лавозимига сайлана олмаслиги мумкинлигидан афсус билдирмоқда.

Айни пайтда, собиқ Польша президенти Александр Квасниевский, Таиланд Бош вазири ўринбосари Суракиарт Сатиратай, Бош Ассамблеянинг ҳозирги президенти швециялик Ян Элиссон , Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Бан Ки Мун, шунингдек, БМТнинг Қуролсизланиш масалалари бўйича мутасаддиси, шри-ланкалик Жаянта Данапала БМТ Бош котиби лавозимига номзод бўлиши мумкин.

БМТнинг 61 йиллик тарихи давомида ташкилотда яна бир норасмий анъана шаклланган. У ҳам бўлса, ташкилот раҳбари лавозимига галма-гал ҳар хил қитъа вакили сайланади. Бироқ Жон Болтон музокараларда Бош котиб лавозимига қайсидир қитъа вакили эмас, балки энг муносиб номзод қидирилишини билдирди.

Вашингтон расмийлари Бош котибни географик келиб чиқишига асосланиб сайлаш принципига қарши бўлишига қарамай, Африка ва Осиё давлатлари ўзаро блок тузиб, Бош котиб лавозимига осиёлик номзодни қўллаб-қувватлаш ниятида. Охирги марта Осиё вакили бирмалик Ю-Тант 1962 йилдан 1971 йилгача БМТ Бош котиби бўлиб ишлаган.

БМТга аъзо давлатлар вакилларининг ярмидан кўпи осиёлик номзодни қўллаб-қувватлаш ниятида эканликларини айтмоқдалар. Хитойнинг БМТдаги элчиси Ванг Гуангуа ҳам ўз мамлакати осиёлик номзодни қўллаб-қувватлашини айтади:

“Бизнинг позиция аниқ ва равшан. Биз осиёлик номзодни қўллаб-қувватлаш ниятидамиз. Чунки, биз икки миллиарддан кўп аҳолига эга бўлган Осиё БМТга юқори малакали раҳбар етказиб бера олади, деган фикрдамиз”.

Россиянинг БМТдаги элчиси Андрей Денисов эса танлов кўп бўлишига қарамай, Москва расмийлари кутиш позициясида эканини айтади:

“Биз бу муаммо юзасидан ҳозирча қатъий фикрга келганимиз йўқ. Энг муҳими, бу музокаралар орқали ҳал этилади. Осиёлик номзод масаласига келсак, бу анъанадан бошқа нарса эмас. Бу анъанага риоя қилиш шарт, деган гап эмас. Бу музокара мавзуи”.

БМТ тарихида ташкилотга ҳеч қачон аёл раҳбарлик қилмаган. Шу боис аёллар ва эркаклар ўртасида тенгликни тарғиб қилувчи “Equality Now” ташкилоти БМТ янги Бош котиби этиб аёл киши сайланиши борасида кампания бошлаган.

БМТ Бош котиби лавозимига кўрсатилган 18 номзод орасида Латвия президенти Ваира Вике-Фрейберга, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ комиссари Луис Арбор, бирмалик таниқли диссидент Аунг Санг Суу Кю каби аёллар бор бор.
XS
SM
MD
LG