Линклар

Грузия собиқ президенти 1992 йилда имзоланган “Тинчлик шартномаси” ҳақида Озодлик мухбири билан суҳбатлашди.

  • Ҳасанжон

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Жанубий Осетия ҳам Грузиядан мустақил бўлганини эълон қилди.

Орадан кўп ўтмай грузин кучлари Жанубий Осетияга бостириб кирганидан кейин шиддатли уруш ҳаракатлари бошланди.
1992 йилда Грузиянинг ўша пайтдаги президенти Эдуард Шуварнадзе ва Россия президенти Борис Ельцин Сочи яқинидаги Дагомисда учрашиб “Тинчлик ҳақида”ги шартномани имзолади.
Орадан қарийб 14 йил ўтиб, яъни, 2006 йил 15 февралида Грузия парламенти 1992 йилда Жанубий Осетиядаги урушга чек қўйган ва минтақага Россиянинг тинчликни сақловчи кучлари олиб кирилишини таъминлаган ўша “Тинчлик шартномаси”ни қайта кўриб чиқиш таклифини мақуллади.
Тбилиси расмийлари анча вақтдан бери Россия ҳарбийларини сепаратчи кучларга хайрихоҳликда ва Грузия хавфсизлигига таҳдид солаётганликда айблаб келмоқда. Россия ҳукумати Грузия парламенти қарорига норозилик билдириб, Тбилиси расмийлари шартномани бир томонлама ўзгартириш ҳуқуқига эга эмаслигини иддао қилмоқда.
Озодлик радиоси грузин бўлими ходими Нона Мхедлишвили Эдуард Шеварнадзе билан тортишувлар сабаблари ҳақида суҳбатлашди.






** ** **

Мухбир: Жаноб президент, шартнома 1992 йил 22 июнда Сочида қандай вазиятда имзолангани ҳақида гапириб берсангиз. Танқидчилар Грузия ўша пайтда танг вазиятда бўлган ва мамлакат раҳбарлари шартномани имзолашга мажбур қилинган дейишади. Шу тўғрими?

Шеварнадзе: “Шартномани имзолашдан бошқа йўлимиз йўқ эди. Ўша пайтда Жанубий Осетия билан муносабатлар жуда мураккаблашган эди. Мен 1992 йил бошида Москвадан Грузияга қайтганимда Жанубий Осетия ўз мустақиллигини аллақачон эълон қилганди. Албатта Грузия Олий кенгаши бу қарорни тан олмай, Жанубий Осетия автономиясини бекор қилганидан сўнг, мураккаб вазият юзага келган. Ўша пайтдаги президент Звиад Гамсахурдия эса минтақани куч билан босиб олишга қарор қилиб умумий сафарбарлик эълон қилган. Одамлар баъзилари қурол билан баъзилар қуролсиз Жанубий Осетияга бостириб кира бошлаган эди. Қисқа қилиб айтганда грузинлар урушга тайёр бўлмаган ва улар мағлубиятга учради. Жанглар бир қанча вақт давом этди. Биласиз, Грузиянинг бир қисми ҳисобланган Жанубий Осетияни Россияга қарашли Шимолий Осетия билан боғлайдиган туннел бор. Партизанлар шу йўл орқали Жанубий Осетияга ўтган ва оз вақт ичида улар катта куч тўплаган. Цхинвалида Россиянинг ундан ҳам катта вертолёт батальони борлиги вазиятни янада мураккаблаштирган. Минтақада Россиянинг яна бир иккита кичик ҳарбий қисмлари бор эди. Шу боис Россиянинг можарога аралашиш эҳтимолдан ҳоли эмасди. 1992 йилда грузин ҳарбийлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришидан кейин президент Гамсахурдия қочиб кетди. Кейин мен мамлакатга қайтдим. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш эди. Кейин мен Сочи яқинидаги Дагомисда Россия президенти Борис Ельцин билан учрашиб, қарама-қаршиликка чек қўйишга келишдик. Шартнома қандай бажарилаётганини назорат қилиш учун Грузия, Россия ва Осетия вакилларидан иборат Қўшма комиссия тузилди”, - деди собиқ Грузия президенти.

Мухбир: “Тинчлик шартномаси”нинг ҳозирги ҳолати тўғрисида нима дея оласиз? Сизнингча, вазият ўзгардими? Келишувга ўзгартириш киритиш керакми?

Шеварнадзе: “Бу масалада Россия билан келишиш керак бўлади. Менимча, ҳозир фақат Россия билан келишувнинг ўзи етарли бўлмайди. Сочи шартномаси асосида Осетия томони билан ҳам музокара олиб бориш керак бўлади. Бу қандай амалга оширилади? Қандай натижага эришилади, буни мен билмайман. Чунки ҳозирги вазиятдан хабардор эмасман. Бир неча ой олдин, менимча 2004 йил августида Цхинвали яқинидаги грузинлар яшайдиган Тамарашени қишлоғида грузин кучлари Жанубий осетияликларга қарши ҳарбий ҳаракат бошлаган эди. Ўшанда бизнинг аскарлар яна бир марта том маънода мағлубиятга учради. Бу хоҳ тинчлик, хоҳ уруш бўлсин, биз жиддий тайёргарлик кўришимиз кераклигини кўрсатади. Очиғини айтганда бу бизнинг айбимиз. Аввало биз Жанубий Осетияга бостириб кирмаслигимиз керак эди”, - деди Эдуард Шеварнадзе.

Мухбир: Яна Сочи шартномасига қайтсак, келишув имзоланишидан олдин нега ҳеч ким қўшинлар олиб чиқилиши механизми ҳақида ўйламаган? Бу шунчаки эътибордан четда қолганми ёки унинг бошқа сабаблари ҳам борми?

Шеварнадзе: “Ўша пайтда ҳеч ким бу тўғрида ўйламаган. Энг муҳими уруш ҳаракатларини тўхтатиш эди ва биз ўз мақсадимизга эришдик. Шунингдек, биз барча ишни мувофиқлаштирувчи ва шартнома бандлари қандай бажарилишини назорат қилувчи Қўшма комиссия тузишга ҳам муваффақ бўлдик. Биз ўша пайтда бундан ортиқ иш қилиш имкониятига эга эмасдик”, - деди Грузия собиқ президенти Эдуард Шеварнадзе Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG