Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Саудиядаги ҳужумда икки хавфсизлик ходими нобуд бўлди.


Аввалги эшиттиришимизда Саудия Арабистони хавфсизлик кучлари жума куни мамлакат шарқидаги нефт захираларига ҳужум уюштирилишининг олдини олгани ҳақида хабар берган эдик. Саудиядаги Ғарб ахборот агентликлари мухбирларига кўра, худкуш ҳужумчилар иккита автомашинада Абқаиқ нефт заҳирасига ҳужум қилишга уринган. Бироқ нефт заҳираларини қўриқлаётган хавфсизлик кучлари террорчилар ҳужумини бартараф қилишга муваффақ бўлган.

25 феврал куни Саудия Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги энг йирик нефт заҳирасига ҳужум уюштирилишининг олдини олиш пайтида яраланган икки хавфсизлик ходими оламдан ўтганини билдирди.

Жума кунги худкуш ҳужум учун масъулиятни “Ал-Қайда” террор гуруҳи ўз зиммасига олди. Саудия хавфсизлик кучларига асосланиб “Ал-Арабия” телевидениеси тарқатган хабарга кўра, худкуш ҳужумчилар нефт сақланадиган объектнинг ташқи дарвозасини автомашинада бузиб кирган заҳоти хавфсизлик кучлари машинани ўққа тутган. Оқибатда портловчи моддалар юкланган машина портлаб кетган. Портлаш содир бўлган жойда чиққан ёнғин дарҳол ўчирилган.

Ҳужум ҳақидаги хабардан кейин дунё бозорида бир баррел нефт нархи икки долларга кўтарилди. Саудия Нефт вазири Али Ал-Нуайми эса ҳужум Саудияда нефт қазиб чиқарилишига таъсир этмаганини билдирди.

Айни пайтда, Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Адам Эрели Риёддаги АҚШ элчиси Саудия расмийлари билан телефон орқали сўзлашганини билдирди:

“АҚШ элчиси Саудия Ташқи ишлар вазирига қўнғироқ қилиб, террорга қарши Саудия расмийлари олиб бораётган курашни Америка қўллаб-қувватлашини айтди. Саудия расмийларининг террорга қарши олиб бораётган курашида уларга қандай ёрдам керак бўлса, биз қўлимиздан келган барча ёрдамимизни аямаслигимизни айтдик”.

Жума кунги ҳужум дунё нефт заҳирасининг 25 фоизига эга бўлган Саудия Арабистонида нефт инфраструктурасига уюштирилган биринчи худкуш ҳужумдир. 2004 йил майда Қизил денгиз соҳилидаги Янбу порт шаҳридаги нефт тозалаш корхонаси ишчиларига уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида заводнинг олти ходими нобуд бўлган эди.

“Арамко” ширкати раҳбари Абдулла Жуманинг Франс пресс ахборот агентлигига айтишича ҳозирда ўша объектни беш мингдан зиёд хавфсизлик кучлари қўриқламоқда. Саудия расмийларига кўра, мамлакат нефт заҳираларини террор ҳужумидан сақлаш учун хавфсизлик кучларининг 25 – 30 мингдан ортиқ аскари жалб этилган. Улар замонавий ҳарбий техника билан қуролланган ва зарурий анжомлар билан таъминланган.
XS
SM
MD
LG