Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:34

Қозоғистон ҳукумати мамлакатда ядро энергияси саноати яратишни режаламоқда.


Қозоғистон ҳукумати мамлакат ядро энергияси саноатини барпо этиш режасини амалга ошириш ниятида. Совет Иттифоқи даврида Семипалатинск вилоятида ярдовий синовлар ўтказилгани боис минглаб одам ногирон бўлди, атроф-муҳитга катта зарар етди. Шу боис аксарият оддий қозоғистонликлар ва атроф-муҳит ҳимоячилари бу режани қўллаб-қувватламаяпти. Айни пайтда, қозоғистонликлар Бойқўнғир космодромининг атроф-муҳитга салбий тасиридан ҳам хавотирда.

Шу ҳафтада Бош вазир Даниал Аҳметов раислигида ўтган ҳукумат йиғилишида Қозоғистонда ядровий энергетика саноатини барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Бош вазир Қозоғистоннинг ядро имкониятини ўрганиш учун ишчи гуруҳи тузилишини эълон қилди. Расмийлар алтернатив энергия яратилгунича ядро энергиясидан фойдаланиш Қозоғистон учун катта фойда келтиради, деган фикрда. Қозоғистонда кўп миқдорда уран қазиб чиқарилиши бунинг сабабларидан биридир.

Қозоғистонда кўп миқдорда кўмир, нефт ва табиий газ қазиб чиқарилишига қарамай, унинг аксарият қисми хорижга сотилади.

“КазАтомПром” компанияси матбуот вакили Шинар Жанибекованинг Озодлик радиосига айтишича, бошқа энергия манъбалари бўлмагани учун Қозоғистон атом станциялари қуришга қарор қилган:

“Биринчи масала, Қозоғистонда электр энергияси тақчиллиги борми? Одатда атом станцияси энергия тақчил бўлган жойларда қурилади. Қозоғистонда эса электр энергияси етишмайди. Кейин, атом электр станциси атроф-муҳитга жуда кам зарар етказиши ҳисобга олинса, Қозоғистонда шундай станциялар қуриш мақсадга мувофиқ бўлади”.

Қозоғистонда 2005 йилда 4 минг 360 тонна уран қазиб чиқарилган. Бу 1997 йилги кўрсаткичдан беш баробар кўп. Ҳукумат расмийларига кўра, 2010 йилга қадар Қозоғистон уран қазиб чиқариш миқдорини йилига 15 минг тонна етказиши мумкин.

Бироқ Семипалатинскдаги ядро синовлари салбий оқибатидан яхши хабардор бўлган аксарият қозоғистонликлар ҳукуматнинг бу режасига қарши фикрда.

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Табиат” ҳаракати раиси Мэлс Элеусизов ўз ташкилоти ҳукумат режасини қўллаб-қувватламаслигини айтади:

“Биз атом станциясини хоҳламаймиз. У ҳеч кимга керак эмас. Ҳукуматимиз бошлиқлари болаларимиз саломатлигига зарар етказишига ҳақларии йўқ, деб ўйлайман. Одамни ҳаётдан маҳрум қилиши фақат худонинг ихтиёрида. Биз Чернобил фожиасини жуда яхши биламиз. У ерда бўлиб қайтган ҳамюртларимизнинг кўпи ўлиб кетишган”.

Элеусизовга кўра, атом станцияси қуриш бир неча йилга чўзилади ва у самара бермайди. 20 йил ишлаган кейин станция хавфсизлиги ишончли бўлмайди.

Бироқ Қозоғистон расмийлари бу фикрга қўшилмайди. “КазАтомПром” компанияси матбуот вакили Шинар Жанибекова замонавий технология ва атом станцияларни қуриш услуби яхшилангани боис Чернобилдаги каби фожиа рўй бермаслигини айтади.

Айни пайтда, Бойқўнғир космодроми ҳам Қозоғистон экологиясига салбий таъсир этмоқда. Алматилик бир аёл кўпчилик қозоғистонликлар фикри ҳақида бундай деди:

“Биз ҳаммамиз бунга қаршимиз. Қозоғистоннинг барча ерлари нотўғри мақсадларда фойдаланилди. Ҳаво ва сув ифлос. Қозоғистонликлар ўляпти. Мана шу Бойқўнғирнинг ўзи Қозоғистонга етади. Бойқўнғирда битта ракета учирилганидан кейин қанча ёмғир ёғишини биласизми? ” – дейди қозоғистонлик аёл.

51 йил олдин қурилган Бойқўнғир фазо марказида ҳозирга қадар ракеталар учирилади. Ўтказилган қатор мустақил тадқиқот натижалари Бойқўнғир космодромига туташ минтақаларда яшовчи одамлар оғир касалликлар, хусусан эндокрин ва қон қасалликларига дучор бўлаётганини кўрсатган. Қозоғистон ҳукумати расмийлари эса бундай муаммо борлигини рад этмоқда.

Бойқўнгир Қозоғистон хазинасига йилига 115 миллион доллар даромад келтиради. Яқинда Россия ва Қозоғистон Россиянинг “Бойқўнғир космодромидан 2050 йилгача фойдаланиши ҳақида”ги шартномани имзолади.
XS
SM
MD
LG