Линклар

Чеченистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи оғирлигича қолмоқда.


БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луис Арбур Россиянинг шимолий Кавказ минтақасига қилган бир ҳафталик сафари чоғида Ингушетия¸ Чеченистон ва Шимолий Осетиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволи билан яқиндан танишиб чиқди. Арбур ўз сафари давомида минтақадаги¸ айниқса¸ уруш майдонига айланган Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи¸ жумладан¸ мажбурий кўчириш¸ қийноққа солиш ва қўрқув муҳитини яратиш каби муаммоларни муҳокама қилди.

20-24 феврал кунлари мобайнида Россиянинг шимолий Кавказ ҳудудларига сафар қилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луис Арбур минтақада инсон ҳуқуқлари соҳасида бир оз ижобий ўзгаришлар юз бергани¸ аммо ҳали жиддий муаммолар ҳукм сураëтганини таъкидлади.

Ўз сафарини Ингушетиядан бошлаган Арбур у ердаги маҳаллий расмийлар билан учрашди ва 1992 йилда қўшни Шимолий Осетияда рўй берган этник низолар туфайли уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган ингушлар лагерини бориб кўрди.

Унинг айтишича¸ қочқинлар ва мажбурий кўчирилганлар масаласи минтақанинг доимий масаласига айланиб қолмоқда.

Арбур Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича Ғарбнинг танқид манбаи бўлиб келаëтган Чеченнистонда ҳам бўлди.

“Мен чечен расмийларига республика фуқароларининг бутун дунëда дўстлари борлиги¸ улар бу фуқароларнинг тинч яшаш истаклари¸ айниқса қонун устувор бўлган мамлакатда ҳаëт кечириш истагини қўллаб-қувватлашларини таъкидладим. Мен шунингдек¸ республика¸ хусусан Грознийда йўлга қўйилган қайта қуруш ишлари олқишга сазовор эканлигини ҳам таъкидладим”¸ - дейди Арбур.

У Шимолий Кавказ сафаридан сўнг Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб борди. Учрашувда Путин Арбурни инсон ҳуқуқларини сиëсийлаштирмасликка чақириб¸ Москва инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича халқаро ташкилотлар билан бирга ишлашга майëр эканлигини таъкидлади.

Аммо Арбурнинг айтишича¸ Чеченистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатлари кўплаб учрамоқда. БМТ вакилига кўра¸ Чеченистоннинг Кремл тарафдори бўлган ҳукумати жамиятни куч билан бошқаришдан манфаатдор.

“Фикримча¸ Чеченистонда кишини безовта қилаëтган икки масала мавжуд. Биринчиси¸ одамларни жиноятчи эканлигига мажбурлаб иқрор қилдириш ва маълумот олиш учун қийноқларга солиш бўлса¸ иккинчиси¸ жамоат арбоблари устидан шикоят қилганларни қурқитишдир”¸ - дейди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луис Арбур.

Чеченистонда 10 йилдан кўпроқ давом этган уруш оқибатида Россиянинг тақрибан 10 минг аскари¸ ҳамда 100 мингдан кўпроқ фуқаро нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG