Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Дунë бўйлаб парранда гриппи вирусининг тарқалиши давом этмоқда.


A.Aral Кейинги ойларда дунëни ташвишга солган бу касаллик Грузияда ҳам қайд этилди. Грузия ҳукумати мамлакат ғарбидаги қишлоқларда паррандаларни қиришга бўйруқ берди. Парранда гриппи тарқалишининг олдини олиш учун Европа ва Осиë мамлакатлари ҳукуматлари жиддий чоралар кўришга киришган.

Грузия ҳукумати республика ғарбида жойлашган Ажария мухтор республикасидаги 11 қишлоқда барча паррандаларни йўқ қилиш ҳадида бўйруқ берди. Бу қишлоқлар парранда гриппидан ҳалок бўлган оққушлар ўлиги топилгани айтилаëтган кўл бўйида жойлашган.

Пойтахт Тбилисида парранда маҳсулотлари бозоридаги дўкондорнинг айтишича¸ харидорлар сони бирданига камайиб қолган. Русудана исмли сотувчи аëлнинг Рейтерс агентлигига айтишича¸ одамлар товуқ гушти истеъмол қилишдан чўчиб қолган.

“Харидорлар келади аммо ҳеч нарса сотиб олмайди. Улар касал бўлиб¸ ўлишдан қўрқади. Аммо биз паррандаларни суямиз¸ тозалаймиз¸ майдалаймиз. Бу биз учун анча хавфлидир”¸ - дейди сотувчи аëл.

Парранда гриппи Европа мамлакатларида ҳам тез суръатларда тарқалмоқда. Германияда топилган ëвойи ўрдак ва оққуш ўликларида парранда гриппи мавжудлиги тасдиқланди. Ҳозирга қадар Германия ҳудудида 114та ўлик қуш топилган. Ўлик паррандаларнинг кўпи Руйген ороли ва Болтиқ бўйидаги Мекленбург-Ворпоммерн ўлкасида топилгани айтилмоқда.

Мазкур ўлка Қишлоқ хўжалик вазири Тилл Бакҳавснинг айтишича¸ парранда гриппи тарқалишининг олдини олиш учун жиддий текширувлар олиб борилади ва қўшимча чоралар кўрилади.

“Биз уй паррандаси эгаларини текширишни кучайтирамиз. Ташқарида юрган ҳар бир парранда ўлдирилади”¸ - дейди немис мулозими. Айни пайтда¸ Руйген оролида ўлик паррандаларни топиб йўқ қилиш учун Германия Мудофаа вазирлиги 250 нафар аскарни юборди.

Паррандаларни қириш Ҳиндистонда ҳам давом этмоқда. Мамлакат жанубидаги Керала штати соғлиқни сақлаш расмийлари қўшни Тамил Наду штатидан сотиш мақсадида яширин олиб ўтилган юзлаб ўрдак жўжаларини ўлдирди.

Айни пайтда¸ Хитойнинг Қишлоқ хўжалик вазири Ду Кинглин мамлакатда парранда гриппи кенг тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Куни-кеча Хитойда яна икки одам H5N1 вирусини юқтиргани аниқланди. Хитойда октябр ойидан буëн ушбу касалликка чалинганлар сони 14 кишига етди.

Хитой Қишлоқ хўжалиги вазирининг айтишича¸ ўтган йили мамлакатнинг 32 ҳудудида парранда гриппи тарқалгани натижасида 160 мингдан зиëд товуқ¸ ўрдак ва бошқа паррандалар нобуд бўлган.

2003 йилдан буëн H5N1 вируси дунë бўйлаб 90 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти жануби-шарқий Осиë мамлакатлари фуқаролари ва хитойликлардир. Айтилишича¸ улар касалликка чалинган паррандалар билан бевосита контактда бўлгани боис H5N1 вирусини юқтирган.
XS
SM
MD
LG