Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:24

Ўзбекистон: Ягудеев анти-семитизм қурбони бўлмаган


Тошкентдаги Бухоро яхудийлари диний жамоаси раисининг ўлими дунё яхудийлари орасида хавотир билан қарши олинган. Аврон Ягудеев 22 феврал куни Синагогага кечки ибодат учун чиққанича уйига қайтиб келмаган.

МДҲдаги яҳудий жамоалари федерацияси раҳбари Авраам Берковитз бу ҳақда радиомизга шуларни айтди.

”Унинг хотини Синагогдан қайтишини кутиб ўтирган. Келавермагач изидан одам юборган. Бориб қарашса Ягудеев Тошкентдаги Синагога яқинидаги йўл чеккасида кучли зарба белгилари билан оғир аҳволда ётган бўлган. Шундан сўнг зудликда уни касалхонага ётқизишади ва икки кун ўтиб Ягудеев касалхонада жон таслим этди. Нима бўлгани, ким томонидан жароҳат етказилгани ва унинг ўлими сабаблари ҳақдаги саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда", - дейди МДҲдаги яҳудий жамоалари федерацияси раҳбари Авраам Берковитз.

Шу ўринда Ягудеев тасодифий йўл ҳаракати ҳалокатига учраган, ҳайдовчи эса яширинган бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам айтилмоқда. Лекин, марҳумнинг жамоадошлари ушбу холатни шунчаки тасодиф эмас, дейишмоқда.

"У яхудий бўлгани учун нишонга олинган бўлиши мумкин, деган хавотир бор. Сабаби дунёнинг бу қисмида вазият кескин. Албатта, ушбу фожиа ортида анти семит кайфиятлар турибди, деб тўла ишонч билан айта олмаймиз. Лекин, нима бўлганда ҳам бу жиноят ва холат юзасидан тергов олиб борилиши керак", - дейди МДҲдаги яҳудий жамоалари федерацияси раҳбари Аваам Берковитз.

4 боланинг отаси Аврон Ягудеев Тошкентдаги Бухоро яҳудийлари жамоаси раиси бўлгани ва тўрт йиллик фаолияти давомида маҳаллий яҳудий яҳудийлар орасида ҳурмат-эътибор қозонгани ҳақда айтилмоқда. Аммо, Ўзбекистон Диний қўмитаси раиси Шоазим Мунавваров, мамлакат яҳудий жамоалари орасида ҳам, раввинлари орасида ҳам бунақа ном йўқлигини ва аслида Аврон Ягудеев бозорда этикдўз бўлиб ишлаганини айтди. Унга кўра, Ягудеев ўлимини анти-семит кайфиятлари билан боғлаш асоссиз, сабаби бундай кайфият Ўзбекистонда йўқ. Ўзбекистонлик журналист, Бухоро яхудийлари ҳақидаги қатор мақолалар муалифи бўлган Алишер Таксанов бу фикрга қўшилади.

"Ўзбекистонда яҳудийларга қарши кайфиятлар учун асос бор деб ўйламайман. Бу мамлакат барча дин, конфессиялар учун очиқ бўлиб келган. Агар яхудийларнинг Самарқанд, Бухорода яшаш тарихига назар соладиган бўлсак, ушбу дин вакиллари ҳеч қачон ҳужумларга учрамаганига амин бўламиз. Ўзбекистонда яхудийларга қарши маиший хусусиятга эга бўлган қарашлар бордир балки, лекин уларга нисбатан "анти семит" кайфият негизидаги қўпол тажовузкорона ҳаракатлар Ўзбекистонда деярли учрамаган", - дейди Алишер Токсанов.

Буни яҳудийларнинг ўзлари ҳам тан олишади. МДҲдаги яҳудий жамоалари федерацияси раҳбари Авраам Берковитзнинг айтишича, Ўзбекистон яхудийлар учун ҳам бошқа дин вакиллари учун ҳам меҳмондўст давлатдир.

"Ўзбекистон яхудий жамоамиз учун ўтган ўн йилликлар мобайнида яхши макон бўлиб келган. Лекин у ёки бу холатни анти-семитизм билан боғлашдан аввал шу холатни яхши ўрганиш керак", - дейди Берковитз.

Тошкентдаги Исроил элчихонаси Ягудеев ўлими анти семит кайфиятлар билан боғлиқ ёда боғлиқ эмаслигини аниқлашни сўраб шаҳар раҳбариятига мурожаат этган. Лекин милиция қотиллик ўғирлик мақсадида содир этилган бўлиши мумкин, деган таҳминда. Воқеа жойида Ягудеевнинг чарм курткаси ўғирланган, лекин пулларига тегилмаган.
Марказий Осиё бош Раввини Давид Гуревич ҳам Ягудеев ўлими антисемитизм билан боғлиқ эмас деб айтди.

"Мен бу ерда 16 йилдан бери яшаяпман, антисемитизм холларига дуч келганим йўқ", - деди Гуревич.
XS
SM
MD
LG