Линклар

Украина Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларини депортация қилганини айтмоқда.

  • Ҳурмат Бобожон

Украина кучайиб бораётган халқаро танқидлардан ўзини ҳимоялар экан, депортация қилинган 10 нафар ўзбек фуқароси Ал-Қоидага алоқадор Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси бўлганликларини билдирди.

Украина Хавфсизлик ҳизмати вакили Марина Остапенко бу ҳақда мамлакат телевидениесига маълум қилар экан, бу шахслар Украинада нафақат ноқонуний яшашгани, балки радикал ғояларни тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланганларини айтган. "Агар биз уларни депортация қилмаганимизда эди, Киев террорчиликка қарши БМТ резолюциясини бажармаяпти, деган танқидлар бизга ёғилган бўлар эди", - деб айтган Остапенко.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар идораси вакиласи Наталия Прокопчук Украина хавфсизлик ҳизмати мулозимининг ушбу баёноти айбсизлик презумциясига зид эканини айтади. "Украинада ҳеч ким айбсизлик презумциясини бекор қилгани йўқ. Жонли эфирда одамларни террорчи, жиноятчи дейиш нотўғри. Бу ҳақда адолатли суд хулосасидан сўнггина гапириш мумкин", - дейди Наталия Прокопчук.
Украина ҳукумати 10 нафар ўзбек фуқаросини мамлакат миграция қонунларини бузганликда айблаб, Симферопол суди қарори билан уларни Тошкентга депортация қилган. Украина Хавсизлик ҳизмати мулозими Марина Остапенко уларнинг Украинада қолишларига ҳеч қандай қонуний асос бўлмагани ва улар қочқинлик мақомига ҳам эга бўлмаганини айтган.
Ўзбекистонга депортация қилинган ўзбек фуқаролари Андижон воқеалари ортидан Украинага қочгани ва улар Тошкент ҳукумати сўровига биноан тутиб берилгани айтилган эди. БМТ Қочқинлар идорасига кўра, аслида депортация қилинган ўзбекистонлик фуқароларнинг аксарияти Украина ҳукуматидан бошпана сўраб, мурожаат қилган бўлишган. Украина ҳукумати уларнинг шикоят билан мурожаат қилишлари учун имкон қолдирмаган. Ҳозирда Украина давлат идоралари ушбу холатни ўрганмоқда. Украинадаги ўзбек қочқинлари уюшмаси раиси Исмоил Дадажонов депортация қилинган Ўзбек фуқароларининг Исломий радикал ташкилотларга аъзолиги ҳақида Украина хавфсизлик ҳизмати мулозими айтган гапларни инкор этади.
"Бу одамларнинг кўпчилиги асли Қўқондан. Улар бу ерда новвойчилик билан шуғулланиб кун кўришган", - деди Исмоил Дадажонов.
Ўзбек фуқароларининг Украинадан мажбуран депортация қилинишини қатор халқаро ташкилотлар, Хьюман Райтс Уотч, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, БМТнинг қочқинлар идораси қоралаб чиққан.
"Бош пана излаётган фуқароларнинг қийноқлар ва таҳқирлашлар тахдиди мавжуд мамлакатга куч билан қайтариб юборилиши Украина зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг қўпол бузилишидир", - деб таъкидлаган ЕХҲТ раиси.
Сешанба куни бу танқидларга АҚШ ҳам қўшилди. АҚШ Давлат Департаменти мулозими Адам Эрели Ўзбек фуқароларининг депортацияси Украина қонунларига, қочқинлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро қонунларга ҳам зид бўлганини таъкидлади. Украинадаги БМТ Қочқинлар идораси буни ўрганмоқда. Ҳозирча Киев ҳужжатлар билан танишишга рухсат бермаган.
Айни пайтда сешанба куни Украина пойтахти Киев ўзбек фуқароларининг мажбуран депортация қилиниши билан боғлиқ бир қатор намоишлар гувоҳи бўлди. Исмоил Дадажоновнинг айтишича, Украинадаги Чегарасиз ташаббус ҳамда Зангори чироқ деб аталувчи ноҳукумат ташкилотлари ўзбек мухолифати вакиллари билан биргаликда Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция қўмитаси ҳамда Ўзбекистон элчихоналари олдида норозилик пикетини ўтказди. Намоишлар театрлаштирилган кўринишда бўлган.
Ҳозирча Ўзбекситонга депортация қилинган ўзбек қочқинлари тагдири ҳақда бирон маълумот йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар идораси улар билан учрашишга рухсат сўраб Тошкент ҳукуматига мурожаат этган. Ҳануз бу мурожаат жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG