Линклар

Холокостни тан олмаган Эрон раҳбарини маҳкамага тортишмоқчи.


Гулноз Эсфандарий Сўнгги пайтларда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг Исроилга нисбатан кескин иборалар ишлатиб¸ Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ танқидига учраган эди.

Ўз баëнотларида Аҳмадийнажод Холокост¸ яъни яҳудийларни иккинчи жаҳон уруши йилларида қириб ташланганини инкор этган ва Исроилни дунë харитасидан ўчириб ташлаш керак¸ деган иддаолар билан чиққан эди. Шундан сўнг¸ халқаро жамоатчилик Эрон президентининг бундай баëнотларини танқид остига олди. Исроилда эса¸ бу баëнот халқ ғазабини қўзғатди. Европа Яҳудийлар Кенгашининг ва Исроилда фаолият олиб борадиган ноҳукумат ташкилотлар Аҳмадийнажод устидан халқаро трибуналга мурожаат қилмоқчи.

Яҳудийларга қарашли иккита гуруҳ Эрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг Европа ҳудудига киритилмаслиги учун бор кучларини ишга солмоқда.

Эсингизда бўлса¸ Аҳмадийнажод сўнгги пайтларда сўзлаган нутқларида “Исроил дунë харитасидан ўчириб ташланиши керак ” ва “Холокост¸ яъни Германия нацистлари томонидан яҳудийларнинг қириб ташланиши афсонадан бўлак ҳеч нарса эмас” деган эди.
Аҳмадийнажод шунингдек¸ Исроил Германия¸ Аляска ëки бошқа ҳудудларга кўчирилиши керак¸ деган ҳам эди.
Исроилдаги “Фуқаровий коалиция” ноҳукумат ташкилоти Германия ҳукуматидан Эрон раҳбари Холокостни инкор этгани учун судлашни сўради.
Германия қонунларига кўра¸ Холокост юз берганини инкор этиш ман қилинади ва уни инкор этган киши 5 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Исроиллик адвокат Эрвин Эран Шахар Германия федерал прокуратураси билан ҳамкорликда Аҳмадийнажодга қарши 56 бетли айблов тайëрлади.
Озодликка берган интервюсида Шахар ушбу айбловлар Аҳмадийнажоднинг қўлга олиниши учун халқаро ордер чиқарилишига туртки бўлиши мумкинлигини айтади:
“Биз Эрон президенти ҳаддидан ошганини исботлашга ҳаракат қилаяпмиз. Агар федерал ҳуқуқ тартибот органлари Аҳмадийнажоднинг қўлга олинишига ордер чиқарса¸ биз ўз мақсадларимизни тарғибот қилишга муваффақ бўламиз. Ўшанда¸ Эрон раҳбари Европа ва бошқа мамлакатлар тупроғини босиш ҳуқуқига эга бўлолмайди ", - деди Шахар.
Шахар мамлакатнинг бевосита Холокостга алоқаси борлиги учун Германияни танлаганини айтади:
"Германияни танлаганимга сабаб иккита. Биринчидан¸ албатта Холокостнинг айнан ушбу мамлакатда содир этилгани. Иккинчи сабаб Эрон раҳбари ҳар бир баëнотида Германия номини келтиради. Масалан¸ у Германия ҳукуматидан ўз ерининг бир қисмини яҳудийлар кўчиб ўтиши учун ажратишини сўраган эди. Шундай экан¸ Аҳмадийнажод айнан Германияда судланиши керак", - деди исроиллик адвокат Эрвин Эран Шахар.
Германия ҳуқуқ - тартибот органлари Аҳмадийнажодга қарши жиноий иш қўзғатишдан олдин¸ бир қатор юридик масалалар¸ жумладан унинг дахлсизлик мақомини ўрганиб чиқиши лозим.
Европа Яҳудийлар Kенгаши раиси Пиер Беснайноу Озодликка берган интервюсида унинг ташкилоти Аҳмадийнажодга қарши кўрилаëтган барча чораларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Айни пайтда Беснайноу Аҳмадийнажодга қарши Халқаро судга мурожаат қилишини айтмоқда:
"Бу ҳақдаги шикоятлар тайëрланмоқда. Бу борада бир қанча адвокатларимиз иш олиб бормоқда. Ишонамизки¸ яқин бир неча ҳафта ичида барча шикоятларни Гаагадаги Халқаро Суд ихтиëрига топширамиз ", - деди Европа Яҳудийлар Кенгаши раиси.
Беснайноу шунингдек¸ Аҳмадийнажодни Европа Иттифоқи ҳудудида номақбул шахс деб эълон қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаëтганини маълум қилди :
"Мен Европа Иттифоқи парламенти аъзолари Эрон раҳбарининг бундай баëнотларини қандай қилиб эшитаëтганини тушуна олмайман. Агар ХХ асрнинг ўша даҳшатли онларидан бири кўз олдимизда пайдо бўлганида эди¸ Аҳмадийнажод ўшанда ҳам Холокостни инкор этган бўлармиди? Мен биз билан бирга алоқада бўлган Европа Иттифоқи расмийлари гапига асосланиб айтишим мумкинки¸ бу ҳақдаги қонун лойиҳаси тез орада Европа Иттифоқи парламенти муҳокамасига қўйилади", - деди Европа Яҳудийлар Кенгаши раиси.
Европа давлатлари расмийлари Холокостни инкор этгани ва Исроил давлатини бузиб ташлашга даъват қилгани учун Аҳмадийнажодни қоралаган эди.
Аҳмадийнажод яҳудийлар гуруҳининг бу борада турли чоралар кўраëтганига ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG