Линклар

logo-print

Хабарларга қараганда, куни кеча Россиянинг Оренбург вилоятида ўзбекистонлик уч фуқаро ҳибсга олинган.


Басира Ўзбекистон фуқароларини Россияда қўлга олишда Ўзбекистон миллий ҳавфсизлик хизмати ходимлари ҳам қатнашгани айтилмоқда.28 феврал куни Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳрида икки нафар Ўзбекистон фуқароси, наманганлик Мухтор Боймирзаев ва сурхондарёлик Равшан Хакимов, шунингдек, Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси, ҳозирда эса Россия фуқароси Бахтиёр Саломовлар ҳибсга олинди, деб хабар қилди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахром Хамроев(суратда).

“Хакимов Равшанни ваххобийликда айблаб, унга нисбатан Ўзбекистон қидирув эълон қилган экан. Қолган икки кишининг умуман айби йўқ, улар қидирувда бўлмаган. Хакимов Равшан Оренбург шаҳрида бир йилдан буён рўйхатдан ўтиб яшаган. Наманганлик йигит Боймирзаев Мухтор Бузулук шаҳри Шевченко кўчаси, 84 уй 2- квартирада яшаган. Уни кундуз куни уй подъезди олдидан ушлаб кетиб, кечқурун соат 9 лар атрофида қўлига кишан солиб ўз уйига олиб келишади. Милиция ходимлари унинг хотинини ошхонага қамаб, “Кофирларни ўлдириш керак”, дейилган варақа ташлаган-да, кейин эр-хотинни ҳибсга олганлар. Қўшниларини чақириб, бу воқеани хужжатлаштирганлар. Менга айтишларича, бу операцияда Россия ва Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматлари ходимлари қатнашган”, - дейди инсон ҳуқуқлари химоячиси Бахром Хамроев.

Федерал хавфсизлик хизмати Оренбург вилоят бошқармаси матбуот хизмати вакили ўзбекистонлик фуқаролар ҳибсга олинганлиги бўйича хеч кандай маълумот бера олмаслигини айтди.
Айни пайтда Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳрида ҳибсга олинган ўзбеклар ҳақида уларни танийдиган ўша ердаги ўзбекистонликлар мана бундай дейишди:

“Ҳа, ростдан қўлга олишди. Уларни мен билар эдим. Шу ерда сомса сотиб тирикчилик қилиб юришарди. Ваҳҳобий бўлмаган менимча. Намозини ўқиб юрган”, - дейди Оренбургда ишлаётган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Ўша ерда ишлаётган яна бир ўзбекистонлик йигит мана буларни гапириб берди:

“Билишимча, улар тадбиркорлик билан шугулланиб юришарди бу ерда. Қонунга хилоф иш қилаётган жойини кўрганимиз, билганимиз йўқ. Хар холда битта давлатдан келганимиз учун уларни танирдик. Мухторни танир эдим. У Россия фуқаролигини олиш учун хужжатларини топшириб, қонунни бузмай ишлаб юрувди. Улар Оренбургбозорларида, ошхоналарда анчадан бери ишлар эди. Бирор айби бўлса, ҳамма хужжатини бериб фуқаролик сўрамасдилар Россиядан. Менимча, англашилмовчилик бўлгандир. Давлатнинг ишларига аралашиш қийин-ку?!
Лекин ҳамма хайрон бўлиб қолди, ўзидан ўзи буларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётгани, менимча, англашилмовчилик бўлса керак. Лекин уларни варақа ташлаб олиб кетганидан хабар топиб, хайрон қолдик"
, - дейди ўзбекистонлик йигит.

Биз 28 февраль куни Оренбург вилоятида ҳибсга олинган 3 нафар ўзбек ҳақида маълумот олиш учун Оренбург вилоят ички ишлар бошқармасига , вилоят прокуратурасига ҳам сим қоқдик. Бироқ бу идоралар ҳам улар ҳақида маълумот бермади.
Инсон ҳуқуқлари химоячилари ҳибсга олинган 3 нафар ўзбек Ўзбекистонга экстрадиция қилинишидан хавотир билдирмоқдалар. Мазкур воқеани “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази ҳам кузатиб бораётгани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG