Линклар

logo-print

Россиянинг Челябинск вилояти, Коркин шаҳар округи собиқ прокурори Алексей Шербинин ўз лавозимини суистеъмол қилганликда, тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини қонунга хилоф равишда ҳибсда ушлаганликда ва фуқаролик паспортларини ўғирлаганликда айбдор деб топилиб, 2 ярим йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилди.


Басира Худди шундай жазога терговчи Валерий Шайхуллин ҳам тортилди.Уч нафар милиция сержанти Виктор Шчекатуров, Константин Москалёв, Максим Глебецлар эса шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум этилди.Мазкур хабарни Челябинск вилояти давлат телерадикомпанияси ўзининг “Янгиликлар” дастурида тарқатди.

“Алексей Шербинин(суратда) мансабини суиистеъмол қилганликда, қонунга хилоф равишда фуқароларни ҳибсда ушлаб турганликда, уларнинг паспортларини олиб қўйганликда айбдор, деб топилди. Прокуратура ва милициянинг мансабдорлари, шунингдек, 4 нафар Ўзбекистон фуқаросини асоссиз ҳибсга олгани, уларни тергов изоляторида асоссиз 30 сутка ушлаб тургани учун жазога тортилди”, - дея хабар беради ўз дастурида Челябинск вилоят телерадиокомпанияси.

Маълум бўлишича, 2004 йилнинг 23 июнида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси Коркин шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан жиноят содир этганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Ҳуқуқ тартибот органлари қонун билан белгиланган муддатда уларнинг айбдор ёки айбсиз эканини аниқлай олмаган.
Шунга қарамай, прокурор Алексей Шчербинин ўзбекистонликларни яна 30 сутка қамоқда ушлаб туриш тўғрисида қарор чиқаради. Терговчи Шайхуллин уларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўяди.
Прокурор Шчербининга қарши очилган жиноий иш бўйича олиб борилган тергов давомида шу нарса аниқланганки, дейилади маълумотларда, прокурор ўзбекистонликлардан ўзининг шахсий душманидан ўч олишда бир восита сифатида фойдаланмоқчи бўлган. Улардан иш берувчиларига нисбатан кўрсатмалар ундиришга харакат қилган.
Маълумотларга кўра, Россияда ўз лавозимини суистеъмол қилиб фуқароларни, жумладан Ўзбекистон фуқароларини турли жиноятларга алоқадор, деб ҳибсга олиш ҳолатлари тез-тез юз бериб туради.Бундай фикрни инсон ҳуқуқлари химоячиси Елена Рябининадан ҳам эшитдик.

“Россия ҳудудида Россия фуқароси эмас, балки Ўзбекистон фуқароларининг ғайри қонуний ушлаб тургани учун прокурор судланганини биринчи марта эшитиб турибман. Россия фуқароларига нисбатан мансабдор шахслар ўз лавозимини суиистеъмол қилиш холатлари бўйича жавоб бериши мумкин, у ҳам хар доим эмас. Аммо Ўзбекистон фуқароларига нисбатан маҳаллий хуқуқ тартибот органлари ўзларини жазо тортмасликларига ишонишади”, - дейди Елена Рябинина .

www.chelyabinsk.ru ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, “Ўзбеклар иши” номини олган мазкур иш суриштируви давомида Алексей Шчербинин ўзига нисбатан қўзғатилган ишни вилоят прокуратураси олаётган ўч, дея бахоламоқда.
Коркин шаҳар судининг куни кеча чиқарилган қарорига кўра, собиқ прокурор, терговчи, ва милиция ходимлари 4 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳар бирига 20 минг Россия рубли тўлаши лозим.
XS
SM
MD
LG