Линклар

26 феврал куни Афғонистон пойтахти Кобул яқинидаги Пули-чархий қамоқхонасида маҳбуслар кўтарган қўзғолон тўрт кун давом этди. Тартибсизликлар жараëнида 6 киши ҳалок бўлди ва 20дан зиëд одам жароҳатланди. 2 март куни маҳбуслар қамоқхонанинг бошқа биносига кўчирилганидан кейин¸ ҳукумат кучлари қамоқхонадаги вазият устидан назорат ўрната бошлади. Хўш¸ маҳбусларнинг қўзғолон кўтаришига нима сабаб бўлган?

1970 йилда Кобул шаҳри ташқарисида қурилган Пули-чархий қамоқхонаси коммунистик ҳокимият даврида маҳбусларни сақлаш шароити оғирлиги билан танилган зиндон. Ҳозирги кунда унда 1300 дан зиëд маҳбус сақланмоқда¸ улар орасида Толибон ва Ал-Қайда жанггарилари ҳам бор.

Афғонистон Адлия вазири ўринбосари Муҳаммад Қосим Ҳошимзайнинг айтишича¸ маҳбусларга қарши куч ишлатилмасдан қўзғолон бостирилган. Қўзғолон бошланганидан буëн қамоқхонадаги вазиятни яқиндан кузатиб келаëтган Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Кобулдаги вакили Оливиер Мойкли Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда воқеа ривожи ҳақида бундай деди:

“Ҳозир вазият тинчиди¸ ҳамма нарса қайта изига тушди. Қўзғолон кўтарилган қамоқхона биноларидан бири бутунлай бўшатилди. Маҳбуслар ушбу бинодан кўчириш шарти билан қўзғолонни тўхтатишга келишдилар ва қамоқхонанинг бошқа биносига кўчирилдилар. Ҳали бинодаги шароит¸ айниқса¸ сув таъминоти ва санитария тизимини яхшилаш учун баъзи ишларни амалга ошириш керак бўлади”.

Жаноб Мойкли¸ тўрт кун давом этган тартибсизликлар қандай оқибатларга олиб келди?

“Олти киши ҳалок бўлди ва 22 одам жароҳатланди¸ ярадорлардан иккитасининг аҳволи жуда оғир. Италиянинг фавқулодда ëрдам кўрсатувчи нодавлат ташкилоти жароҳатланганларга ëрдам кўрсатди. Ярадорлардан айримлари касалхонага олиб борилди¸ бошқалари воқеа жойида даволанди”.

Талафот ҳукуматнинг куч ишлатгани натижасида юз бердими?

“Ҳа¸ албатта¸ маҳбусларга қарши бир оз ҳужум қилинди. Қизил Хоч вакиллари қўзғолон бошланган якшанба кунидан буëн воқеа жойида эди. Биз томонлар билан доимий алоқада бўлиб¸ уларни куч ишлатмасликка ва зўравонлик қилмасликка чақириб келдик. Бизнинг бу уринишларимиз яхши натижа берди. Куч ишлатиш эса асосан биринчи шанба оқшоми юз берди. Ундан кейин ҳамма нарса силлиқ кечди”.

Жаноб Мойкли¸ маҳбуслар асосан нималарни талаб қилиб қўзғолон кўтарди?

Асосий масала шуки¸ маҳбусларни махсус кийим кийишга мажбур қилганларида¸ улар бундан бош тортган. Яқинда маҳбуслардан бири оиласи уни кўргани келганида оддий кийимини кийиб қочиб кетган¸ шундан сўнг маҳбусларга махсус зарғалдоқ рангли кийим кийдириш жорий этилган. Маҳбусларнинг асосий талабларидан бири ана шу кийимни киймаслик бўлган. Бундан ташқари улар қамоқхона шароити¸ озиқ-овқат сифатининг яхшиланишини ҳамда ўз ишларини қайта кўриб чиқилишини ҳам талаб қилиб чиқди. Айни масалаларни ҳукумат расмийлари билан биз ҳам муҳокама қилиб келяпмиз”.

Сизнингча¸ қамоқхона шароити ҳақидаги талаб ва шикоятлар инобатга олиниши мумкинми?

“Инобатга олинади¸ деб умид қиламиз. Тўғриси¸ Афғонистондаги қамоқхоналар шароити яхши эмас. Мамлакат анча қашшоқ¸ йиллар бўйи давом этган уруш барча соҳага жиддий зарар етказган. Қизил Хоч ташкилоти томонидан январ ойида тарқатилган ҳисоботда донор давлатлар қамоқхоналардаги шароитни яхшилаш учун молиявий ëрдам кўрсатишга чақирилади. Биз бу масалага келаси ойлар ичида эътибор берилишига умид қиламиз”.

Сўнгги савол¸ сиз Пули-чархий қамоқхонасидаги вазиятни қандай тасвирлаган бўлардингиз?

Қизил Хоч ташкилоти маҳбуслар турадиган қамоқхона биноларини таъмирлашда ҳукуматга ëрдам берди. Бинолар жуда эски¸ жиҳозлар¸ ҳожатхоналар ва сув қувурлари анчадан буëн ишдан чиққан. Бу ерда жиддий таъмирлаш ишларини олиб бориш керак бўлади”.
XS
SM
MD
LG