Линклар

Ўзбекистонлик мардикор ўзбекистонлик мардикорни калтаклади


Басира Россиядаги Ўзбекистонлик мардикорларни скинхедлар уришибди, ёки милиция ҳибсга олибди, деган гапларни кўп эшитамиз. Лекин ўзбекистонлик мардикор ўзбекистонлик мардикорни калтаклаши ёхуд хўрлаши камдан кам учрайдиган ҳолат.

Москва вилояти Мытищи касалхонасида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан келган мардикор йигит Илёс Ғаниев ётибди. Уни касалхонага бундан икки ҳафта олдин ўзбекистонлик мардикорлардан бири олиб келади.

3 март куни Илёс Ғаниевнинг хаётида энг бахтсиз кунлардан бири бўлиб қолса керак. Чунки айнан ана шу куни унинг ўнг оёғидаги бармоқларнинг хаммаси жароҳлик йўли билан кесиб ташланди. Шифокорлар унга қаттиқ музлаш ташхисини қўйган.

Касалхона ётоқхонасида бўлиб ўтган суҳбатимиз давомида Илёс Ғаниев уни шу кунга олиб келган воқеани ҳикоя қилиб беради.

“Куркино деган посёлкага ишга борган эдим. Бир рус билан ўзбек кўчага чиқариб юборди. Улар маст эди. Ўзи улар билан бирга ишлаётган эдим. Улар потолок қилди, мен ёрдам бердим. Кўчада қолиб, мана шу ахволга тушдим. Ўтган йили 14 апрельда Россияга келганман. Уйдагилар бу ахволимни билмайди. Уйланмаганман, укаларим бор. Россияда пул тўплаб уйланаман деб ишлагани келганман”, - дейди Илёс-ака.

Суҳбат давомида Илёс-ака воқеанинг шу пайтгача айтилмаган томонини ҳам гапириб берди, яъни унга ишни таклиф қилган рус ва ўзбек йигитлари, уни кўчага чиқариб юборишдан олдин, обдон калтаклашади.

Кўчада қолган Илёс ака Москва вилоятида ишлаб юрадиган ўзбекистонлик йигит Шокир Хасановга тегишли дўконгача етиб келади ва шу ерда бир неча кун қолиб кетади. Илёс Ғаниевнинг аҳволи ёмонлашиб қолганини кўрган Шокир ака 20 феврал куни уни касалхонага олиб келади.

“Иккита будкам бор.Шуни бирида ётган эди. Шифокор олиб келиб қаратдим. Бироқ у шифокор ишга кетганидан, қаровсиз қолди деб касалхонага олиб келдим”, - дейди Шокир Хасанов.

Биз касалхонага келганимизда, кираверишдаги навбатчи ҳамшира “беморнинг даволаниш пулини қачон тўлайсизлар?” дея ўшқириб берди.

Маълум бўлишича, шу пайтгача Илёс Ғаниевнинг даволаниши учун қилинган ҳаражатлар тўланмаган. Илёс-аканинг ўзида эса касалхонага тўлашга пули йўқ. Уни касалхонага олиб келган Шокир Хасанов гапиради.

“Ана энди касалхонага киришга ўзим қўрқаман. Кирдимки, пул сўрашади. Лекин шифокор мардлик қилиб, Илёсни касалхонага қабул қилди. Пулини тўлай десам, ўзимга нонга ҳам хозир пул йўқ. Чунки ишламаяпман вақтинчалик”, - дейди Шокир Хасанов.

Илёс Ғаниевнинг касалхонага тушиши ва оёқ бармоқларисиз қолишига сабаб бўлган икки йигит уни қўрқитганлиги маълум бўлди. Шу боисдан у бу ҳақда кимгадир арз қилишга ботина олмайди. Милицияга мурожаат қилишни ўзбекистонлик мардикор ҳаёлига ҳам келтирмайди. Ахир у Москвада расмий рўйхатдан ўтмаган. Демакки, қонун бўйича хеч қаерга мурожаат ҳам қила олмайди. Шифокорлар эса Бухоролик Илёс Ғаниевнинг аҳволида яхши томонга ўзгариш кузатилмаса чап оёғи бармоқлари ҳам кесиб ташланиши мумкинлигини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG