Линклар

Покистон-Афғонистон ўртасидаги зиддият.

  • Ҳасанжон

Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин минтақаларида толиблар жанггарилари ва Покистон қўшинлари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Ҳарбий амалиётлар бораётган минтақа қишлоқларида яшовчи ўнлаб одам ўз уйларини ташлаб хавфсиз жойларга қочмоқда. Айни пайтда, АҚШ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, АҚШ генерали Жон Абузаид Кобул ва Исломобод ўртасида юзага келган кескинликни юмшатиш мақсадида Покистонга борди.

Шимолий Вазиристон вилояти раҳбари Сайид Заҳирул сешанба куни кечқурун пистирмага дуч келди. Аммо жанггарилар ҳужумидан унга шикаст етмади. Ҳужум оқибатида Заҳирулнинг бир қўриқчиси нобуд бўлди.

Покистон расмийларига кўра, ҳукумат кучлари толиблар жанггарилари яширингани тахмин қилинаётган минтақани артиллериядан ўққа тутгани оқибатида террорчи экани гумон қилинган камида тўрт одам ўлган.

Ўтган ҳафта толиблар жанггарилари Шимолий Вазиристон вилояти маркази Мирон Шоҳ шаҳрини ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Покистон учқичлари ҳаво ҳужуми уюштирганидан сўнг, уларнинг бир қисми Афғонистон билан чегарадош тоғли минтақага тарқалиб кетди ва қолганлари қишлоқлар аҳолисига қўшилиб кетди. Покистон армияси матбуот котиби генерал Шавкат Султон отишмалар пайтида тахминан 100 нафар жанггари ўлдирилганини айтди.

Ҳарбий масалалар бўйича Лондондаги мустақил таҳлилчи Айн Кэмпга кўра, Мирон Шоҳ шаҳрининг жанггарилар томонидан босиб олиниши Покистон армияси минтақани ҳукумат хоҳлаган даражада назорат қила олмётганини кўрсатади. Таҳлилчи фикрича, АҚШ президенти Жорж Буш Исломободга боришидан икки кун олдин Покистон армияси ҳужум бошлагани ҳам бежиз эмас:

“Ҳарбий амалиётларни айи шу пайтда бошлашдан мақсад Покистонга ташрифи чоғида президент Буш айтадиган танқидга жавоб қайтаришдан иборат бўлгани шубҳасиз. Америка ҳукумати, қолаверса, НАТО ҳамда Афғонистон ҳукумати Покистон-Афғонистон чегаралари шаффофлигини танқид қилиб келаётган эди. АҚШ кучлари толибларни ҳокимиятдан ағдарганидан бери толиблар ва “Ал-Қайда” жанггарилари чегарани кесиб ўтмаслиги учун Исломобод расмийларини Покистон чегарасини мустаҳкамлашига чақириб келмоқдалар”.

Покистон Бош вазири Шавкат Азиз 7 март куни Лондонга сафари чоғида жанггарилар минтақадан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишининг олдини олиш учун Афғонистон томони чора кўриши керак, деди.

8 март куни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Исломобод расмийлари танқидига жавобан томонлар бир-бирларини айблаши терроризмга қарши курашда икки мамлакатга ёрдам бермаслигини айтди:

“Мен қўшни Покистондаги биродаримиз, Покистон президенти жаноби олийлари террорчиликка қарши курашда Афғонистон билан жиддийроқ ва фаолроқ ҳамкорлик қилишларига умид қиламан. Ҳамкорлик икки давлат, қолаверса, бутун дунё манфаатига хизмат қилади” .

Озодлик радиосининг Афғонистон бўйича таҳлилчиси Амин Тарзи Покистон-Афғонистон ўртасида юзага келган дипломатик тортишув сабабларидан бири Кобул ва Деҳли муносабатлари яхшиланаётганида, деган фикрда:

“Кузатувчилар Исломобод ва Кобул ўртасидаги муносабатлар толиблар 2001 йилда ҳокимиятдан ағдарилганидан бери энг қуйи даражага тушди, демоқдалар. Афғонистон Покистонни ашаддий толиблар ва бошқа жанггариларни қуллаб-қувватлаётганликда ёки улар чегарани кесиб ўтишини тўхтатиш учун етарли чоралар кўрмаётганликда айбламоқда. Бошқа томондан Покистон Кобул ҳукуматининг Ҳиндистон билан муносабатини очиқ танқид қилмоқда. Шунингдек, Исломобод расмийлари Афғонистонни Покистондаги сепаратчилик ва партизанлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаётганликда айблаяпти”.

Покистон телевидениеси президент Мушаррафнинг АҚШ генерали Жон Абизаид билан сўзлаш ўтказаётганини кўрсатди. Мулоқот чоғида Мушарраф Абузаидга Афғонистоннинг Покистон шаънига айтаётган айблови чегара минтақасида олиб борилаётган терроризмга қарши курашга путур етказиши мумкинлигини айтган.

Генерал Султон эса Мушарраф ва Абузаид ўртасидаги учрашув Покистон-Афғонистон муносабатларида юзага келган тарангликни юмшатишга ёрдам беришига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG