Линклар

logo-print

Европа парламенти аъзолари: нодемократик сайловда ниманидир сақлаб қолиш мумкин.

  • Ҳасанжон

17 март куни Европа парламенти депутатларидан иборат кичик бир делегация Беларусда 19 март куни ўтказиладиган президентлик сайловида кузатувчи сифатида қатнашиш учун Минскка боради. Европа парламентнинг Ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Элмар Брокка кўра, президент Александр Лукашенко режими мухолифатни таъқиб ва тазйиқ остига олгани президентлик сайлови эркин ва адолатли ўтиши ҳақидаги умидларни аллақачон чиппакка чиқарган.

Европа парламентининг Беларус бўйича кузатувчилар миссияси раҳбари, польшалик депутат Богдан Клич ўз гуруҳи Беларусга киритилишига шубҳа билдирди.

Президент Александр Лукашенко режими олдин Европа депутатларининг мамлакатга киришига рухсат бермаган. Европа парламенти Беларус парламенти билан ҳеч қандай алоқага эга эмас. Шу боис Европа парламентининг етти кишидан иборат кузатувчилар миссияси сайловда кузатувчи сифатида қатнашишга таклифнома олмаган.

Минск расмийлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 300 нафар вакили сайловни кузатиши мумкинлигини маълум қилган.

Европа парламентининг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Элмар Брок бюрократик тўсиқлар, оммавий ахборот воситаларининг президент фойдасига ишлаши, мухолифат номзодларига босим кўрсатилаётгани ҳисобга олинса, сайлов натижаси олдиндан хал қилинган, деган фикрда. Бирок агар икки шарт бажарилса, Беларусда сиёсий вазиятнинг айрим жиҳатлари сақлаб қолиниши мумкинлигини айтади:

“Биринчидан, бугундан бошлаб мухолифатнинг сайловолди кампанияси худди президент Александр Лукашенконики каби матбуот ва электрон оммавий ахборот воситаларида ёритилиши керак. Телевидение ва матбуотда ппрезидентликка даъвогарлар учун тенг имконият яратилиши керак. Иккинчи масала, халқаро кузатувчилар ва бошқа ташкилотлар вакиллари сайлов эркин ва адолатли ўтганини тасдиқлаши керак”.

Элмар Брок одамлар сайлов натижалари ҳақида ўзлари учун хулоса чиқариб бўлганига қарамай, сайлов куни нималар содир бўлиши муҳим аҳамиятга эга, деган фикрда. Айни пайтда, Европа парламенти расмийси Россия президенти Владимир Путинни сайлов кампаниясининг охирги икки ҳафтаси демократик ўтишини таъминлаш учун Беларусга ўз таъсирини ўтказишга чақирди.

Сўнгги ҳафталар ичида мухолифат тарафдорлари ҳибсга олинди, бошқаларнинг сайловолди кампанияси варақалари тортиб олинди ва оммавий йиғилишлар тарқатиб юборилди.

Европа парламенти Европа Иттифоқи сиёсатчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Беларусга бориб сайлов жараёнини кузатишларини хоҳлайди.

Беларусдаги Бирлашган мухолифат номзоди Александр Милинкевич яқинда Брюссел шаҳрида сайловни кузатиш учун Беларусга қанчалар кўп хорижлик келса, сайловдан кейин ўтказилиши мумкин бўлган намойиш ҳукумат кучлари томонидан шафқатсиз бостирилишининг олдини олиши мумкинлигини айтди.

Европа парламентининг кузатувчилар миссияси раҳбари Богдан Клич Беларусда ҳукумат томонидан зўравонлик содир этилиши мумкин, деган фикрда:

“Масалани куч ишлатиш орқали ҳал этишга мойиллик борлиги кўзга кўпроқ ташланяпти. Мен сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин куч ишлатилиши эхтимоли борлигини айтяпман. Бир томондан атрофдаги ривожланган демократиялар сайловларнинг ҳақиқий натижалари эълон қилиниши учун курашади. Бошқа томондан, биз Лукашенко қўрқиб кетаётганини кўряпмиз”.

Ўз навбарида, Элмар Брок халқаро демократик жамоатчилик Беларус мухолифатини қўллаб-қувватлашини айтади:
“Менимча, агар шундай вазият юзага келса, биз Беларус халқига демократик дунё улар билан ҳамжиҳат эканини кўрсатамиз. Бу бизнинг мажбуриятимиз. Менимча, бундай вазиятда ахборот воситалари Лукашенко ва унинг халқига улар дунёдан ажралиб қолганларини кўрсатишига ишонаман”.
XS
SM
MD
LG