Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:06

Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов демографик бўҳронни бартараф этиш учун ватандошларни кўчириб келиш, МДҲдан мигрантлар оқимини ошириш ва мигрантларни рўйхатдан ўтказишни енгиллатиш тўғрисида айтган эди.


Афтидан, Дума раисининг гаплари яқин орада амалга ошадиган кўринади. Давлат думаси қўмиталаридан бирида муҳокамаси бошланган икки қонун лойиҳаси маъқулланиб, қабул қилинса, Россиядаги мигрантлар, хусусан Ўзбекистондан бориб ишлаётганлар ташвишлари анча камаяди.

14 март куни Россия Давлат думасининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитасида "Ҳорижий фуқароларнинг Россия федерациясидаги хуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунга киритилажак ўзгартишлар ва "Россия федерациясида хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни миграцион рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамаси бошланди.

Қонун лойиҳалари муаллифларининг айтишича, шу кунда Россияда 10 миллиондан 15 миллионгача мигрант бор. Улардан атиги 700 минг нафари расмий рўйхатга олинган.

Хўш, қабул қилиниши кутилаётган янги қонунлар мигрант ишчилар тақдирини қай даражада енгиллаштира олади?

Бу саволга ҳозирча аниқ жавоб топиш қийин.

Давлат думаси қўмитаси раҳбари Владимир Плигин, янги қонун, агар қабул қилинса, коррупцияга қарши курашда яхши дастак бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, жорий қонун талаби билан пайдо бўлган қоғозбозлик йўқолади. Қонун талаби бўйича расмий рўйхатдан ўтиш азоби ўлим азобига тенг эканлиги туфайли пайдо бўлган турли-туман товламачилар – "рўйхатдан ўтказиб берувчилар" йўқолади.

Москвадаги сиёсий технологиялар маркази директор ўринбосари Алексей Макаркин ғоятда либерал қонун қабул қилиниши мумкин, бироқ унинг амалда қўлланилиши қийин, дейди.

”Мазкур қонунларнинг амалда қўлланилиши учун мансабдорларга, оддий қилиб айтадиган бўлсак, мигрантларни шилиб келаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига нисбатан қаттиқ жазолар белгиланиши лозим. Мана шу холатлар табиий деб қабул қилиниши тўхтатилмас экан, ҳеч нима ўзгармайди, мигрантлар хужжатларини текширув машмашаси давом этаверади”, - дейди Алексей Макаркин.

Россияда ишлаётган мардикорлар, жумладан ўзбекистонлик мардикорлар рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги хужжатни олиш нақадар оғирлиги ҳақида, боз устига у ҳақиқий эмас, балки сохта чиқиб қолгани учун милиция ходимларига ишлаган пулларини беришга мажбур эканликлари ҳақида шикоят қилишади.

Россия Давлат думаси томонидан қабул қилиниши кутилаётган янги қонун мардикорларнинг мана шу энг катта муаммосини бартараф этиши мумкин. Бироқ мансабдорларнинг коррупция ботқоғига ботиб кетгани ҳисобга олинса, янги қонундан самара чиқишига ишониш қийинроқ бўлади.
XS
SM
MD
LG