Линклар

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистонда ҳибсга олинган “Озодлик” мухбирлари тақдири хусусида ташвиш билдирмоқда.

  • Ҳасанжон

Аввалги эшиттиришларимизда “Озодлик” радиосининг Туркманистондаги мухбирлари Мерет Хоммадов ва Жумадурди Овезовлар 7 март куни республика ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ҳибсга олингани тўғрисида маълумот берган эдик. Шу ҳафта Европа ва АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хориж давлатлар ҳукуматлари ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, “Озодлик” мухбирлари тақдири масаласида Ашхобод расмийларига босим ўтказишга чақирди.

14 март куни бош қароргоҳи Москвада жойлашган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти “Озодлик” радиосининг Туркманистондаги мухбирлари ҳибсга олингани хусусида ташвиш билдирди.

“Мемориал” марказининг Марказий Осиё бўйича дастур директори Виталий Пономарёвга кўра, Хоммадов ва Овезовлар ўтган ҳафта милиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Ўшандан бери Хоммадов ва Овезовнинг яқинлари улар қаердалигини билишмайди. Виталий Пономарёвнинг(суратда) айтишича, унинг ташкилот эга бўлган маълумотга кўра, “Озодлик” мухбирлари Туркманистон миллий хавфсизлик хизмати вазирлигига топширилган.

14 март куни Венадаги Халқаро матбуот институти вакили Дарла Орлова “Озодлик” радиоси мухбирлари тақдири ҳақида ташвиш билдирди:

“Бизнингча, бу жуда хавотирли вазият. Биз Хоммадов ва Овезовлар қўйиб юборилиши ва ва улар ўз фаолиятини давом эттириши учун рухсат берилиши керак, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари улар нима сабабдан қўлга олингани тўғрисида тушунтириш берилиши керак. Чунки ҳозирга қадар ҳеч ким улар ҳибсга олиниши сабаблари тўғрисида маълумот бергани йўқ ”.

Сешанба куни Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган баёнотда Хоммадов ва Овезовлар қўлга олинганидан бери улар ташқи дунё билан алоқа қилишдан маҳрум этилгани, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ва қўпол муомалада бўлиниши мумкинлигидан ташвиш билдирилади. “Озодлик” радиоси мухбирлари лавхалар тайёрлагани учун ҳукумат уларга тазйиқ ўтказмоқда, дейилади Халқаро Амнистия баёнотида.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти 14 март куни “Озодлик” мухбирлари ҳибсга олингани хусусида ташвиш билдирди. “Мухбирлар қўлга олиниши сабаблари маълум қилинмагани ва улар қай вазиятда ушлангани номаълумлиги Туркманистонда ошкоралик умуман йўқлигига ёрқин мисолдир”, дейилади ташкилот чиқарган баёнотида.

Душанба куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Хелсинки федерацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббус гуруҳи бирга очиқ хат эълон қилди. Мактубда “Озодлик” мухбирларининг ҳибсга олиниши Туркманистонда фикр ва журналистлар эркинлигига қилинган биринчи ҳужум эмаслиги билдирилади.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари вазифасини вақтинча бажараётган Рачел Денбер ўз ташкилоти хавотирини бундай ифодалади:

“Биз ўтган ҳафта қўлга олинган “Озодлик” радиоси мухбирлари тақдиридан жуда, жуда хавотирдамиз. Биз уларга нима бўлгани тўғрисида маълумотга эга эмасмиз. Биз улар қаерда экани, ҳибсхонада уларга нисбатан қандай муомала қилинаётганидан ташвишдамиз. Биз Туркманистон ҳукуматини мухбирлар қаердалиги тўғрисида маълумот беришга ва уларни дарҳол қўйиб юборишга чақирамиз”, – деди Ҳюман Райтс Уотч вакили.

Авваллари Туркманистон ҳукумати бундай чақириқларга жавоб қайтармаган. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари Ашхобод расмийлари улар чақириғига жавоб қайтаришига умид қилмоқда:

“Биз Туркманистон ҳукуматига чақириқ мактуби жўнатамиз ва халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлашига эришиш учун халқаро ташкилотларга Туркманистондаги мухбирлар аҳволи тўғрисида маълумот берамиз”, – деди Халқаро матбуот институти вакили Дарла Орлова.

Айни пайтда, Халқаро Хелсинки федерацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббус гуруҳи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига йўллаган мактубида Туркманистондаги ҳозирги вазият масаласини ЕХҲТ доимий Кенгаши йиғилиши кун тартибига киритишига чақирган.
XS
SM
MD
LG