Линклар

logo-print

АҚШ ўзининг Миллий хавфсизлик стратегиясини эълон қилди.

  • Ҳасанжон

16 март куни Вашингтонда АҚШ Миллий хавфсизлик стратегияси эълон қилинди. 49 саҳифадан иборат ҳужжатда президент Жорж Буш маъмурияти АҚШни қандай мудофаа қилиш стратегияси ва мамлакатнинг бошқа давлатлар билан муносабатларига доир мухтасар маълумотлар берилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда Шимолий Корея, Сурия, Куба ва Беларус мустабид тузум ўрнатилган давлатлар сифатида тилга олинади.

Жорж Бушнинг айтишича, агар лозим бўлса, АҚШ ўзини мудофа қилиш учун превентив ҳарбий ҳаракатлар амалга оширади.

Миллий хавфсизлик стратегиясининг асосий муаллифларидан бири, АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Стефен Ҳадлей Вашингтондаги Тинчлик институтида қилган чиқишида превентив зарба бериш доктринасини ҳимоя қилди. Ҳадлей Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган инқирозни ҳал этишда превентив зарба асосий восита эмаслигини айтди:

“Превентив зарба доктринасининг сақланиб қолишига, асосан, Эрон масаласи сабаб бўлган, дейиш нотўғри. Бу муаммоларни ҳал қилишнинг бир йўли холос. Аввал айтганимдек, превентив чоралар ичида биз, аввало, дипломатик музокаралар ўтказишни афзал кўрамиз. Шунинг учун превентив деганда биз, аввало, таҳдид амалга ошишидан олдин кўриладиган чораларни тушунишимиз керак. Биз лозим пайтда куч ишлатиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз билан бирга чора кўришни афзал биламиз ”, - деди С.Ҳадлей.

Маърузаси давомида Стефен Ҳадлей АҚШ назарида инсон ҳуқуқлари паймол этилаётган давлатлар ҳақида тўхталиб, бундай деди:

“Президентнинг шахсан ўзи Суданнинг Дарфур вилоятида, Мянма, Шимолий Корея, Зимбабве, Куба, Эрон, Беларус ва бошқа давлатлардаги мустабид тузумлар зуғумидан одамлар эзилаётганини айтган эди. Ҳукуматлар назоратни қўлдан чиқармаслик учун одамларга зулм ўтказишни ўз қуролига айлантирган”.

Эълон қилинган хавфсизлик стратегиясида Эрон келажакда АҚШ учун асосий муаммога айланиши мумкинлиги қайд этилади.

16 март куни Австралиянинг Сидней шаҳридаги чиқиши чоғида АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Эрон ўз ядровий дастури орқали оммавий қирғин қуроли яратишга уринаётгани муаммо туғдираётганини билдирди. Райс хоним Эрон терроризмни қўллаб-қувватлаётган асосий давлат экани айтиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрон масаласида тегишли қарор чиқаришига умид билдирди:

“Хавфсизлик кенгаши бу масалани кўриб чиқяпти. Мен Хавфсизлик кенгаши халқаро ҳамжамият талабини, яъни расмий Теҳрон музокаралар столига қайтиши кераклиги ҳамда Париж келишувига мувофиқ, уранни бойитиш ишларини тўхтатиши лозимлигини эронликларга муносиб тарзда етказишига ишончим комил”, - деди К.Райс.

Сўнгги кунларда АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашининг бошқа доимий аъзолари билан Эрон масаласида бир неча учрашув ўтказди.
XS
SM
MD
LG