Линклар

Ироқнинг собиқ бош вазири Ияд Аллавий мамлакатда фуқаролик уруши бошланди, деган фикрдалигини таъкидламоқда.


Ироқ миллий блокига етакчилик қилувчи Ияд Аллавий БиБиСига берган интервюсида мамлакат бўйлаб мазҳаблараро низонинг тарқалиши хавфи борлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ироқда шиаларнинг муқаддас зёратгоҳларидан бири вайрон этилганидан кейин сунний ва шиа мусулмонлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлмоқда. Бу тўқнашувларда юзлаб одамлар қурбон бўлди.
Айни пайтда АҚШ ва Британия расмийлари Ироқда мазҳаблараро ихтилоф кузатилаётганини эътироф этмоқда, бироқ мамлакатда фуқаровий уруш бошлангани ҳақидаги фикрларни инкор қилмоқда.
Айни пайтда, Самаррада уч кундан бери АҚШ ва Ироқ кучларининг қўшма ҳарбий операцияси давом этмоқда.
АҚШ ҳарбийлари “Арилар ҳамласи” деб номланган ҳарбий амалиёт натижаси ўлароқ жанггариликда гумон қилинаётган 60 киши қўлга олингани ва 11та қурол омбори топилганини маълум қилди.
Ироқ полициясининг маълум қилишича, бугун Дулайя шаҳарчасида АҚШ ҳарбийларига ҳужум уюштирилганидан кейин Америка аскарлари саккиз ироқликни ўлдирган. Полицияга кўра, қурбонлар орасида ёш йигитлар ҳам бўлган. Уларнинг жанггари ёхуд тинч аҳоли вакиллари экани номаълум қолмоқда. Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари мазкур воқеа ўрганилаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG