Линклар

Европа Иттифоқининг Беларусдаги сайловга муносабати

  • Ҳасанжон

Беларусда 19 март куни ўтказилган президент сайлови натижасидан норози бўлган мухолифат вакиллари ва унинг тарафдорлари пойтахт Минскда намойиш ўтказмоқда.

Россия сайлов натижаларини маъқуллади. Аммо Европа Иттифоқи ва АҚШ сайлов на эркин ва на адолатли бўлганини айтмоқда.

Беларус мухолифати сайлов қайта ўтказилишини талаб қиляпти. Норозилик намойишлари қандай натижа бериши ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

Шу кунларда Минск шаҳридаги Октябр майдонида ўтаётган норозилик намойиши 2004 йил Украинада амалга оширилган зарғалдоқ инқилобини эсга солади.

Беларус пойтахтига йиғилган мухолифат аъзолари ва улар тарафдорлари президент сайловини қайта ўтказишга чақирмоқда. Сайлов ўтказилган куни Минскнинг Октябр майдонига 20 минг одам йиғилган эди. 20 март куни кечқурун бу ерга етти мингга яқин киши тўпланди. 21 март куни кундузи тахминан 200 - 300 одам намойишни давом эттирди.

12 йил олдин ҳокимият тепасига келган президент Александр Лукашенко мамлакат хавфсизлик кучлари ва оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилиб келмоқда. Беларусга Лукашенко раҳбарлик қилган даврда мамлакатдаги вазият аввалгига нисбатан барқарор бўлди. Шу боис, у сайловда ғалаба қозонишига кўпчилик шубҳа қилмаган эди.

Аммо Беларус Марказий сайлов комиссияси Лукашенко ва унинг энг кучли рақиби Александр Милинкевич ўртасидаги фарқ салкам 77 фоизни ташкил этганини маълум қилгандан сўнг демократик кучлар сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қила бошлади.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ва АҚШ Беларусдаги президент сайлови эркин ва адолатли бўлмаганини билдирди. Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Хавъер Солана Беларусдаги сайловни кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар гуруҳи эълон қилган хулосани қўллаб-қувватлади.

“Ўтган кечада биз ЕХҲТ Беларусдаги сайловга доир хулосасини эълон қилганини кўрдик. Биз беларус халқи билан ҳамкорликни давом эттирамиз. Беларус демократик йўлдан бориши учун биз мазкур мамлакат раҳбариятига қатъий талаблар қўйишни давом эттирамиз”, – деди Х.Солана.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 2004 йил ноябрь ва 2006 йил январь ойларида Беларусга нисбатан кескин чоралар кўришга таҳдид қилган эди. Брюсселдаги айрим дипломатларнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо баъзи давлатлар Беларусга нисбатан қатъий чоралар кўришни таклиф қилмоқда. Айтилишича, Литва расмийлари Беларусда ўтказилган президент сайлови натижаларини Европа Иттифоқи тан олмаслиги керак, деган фикрда.

Словакия Европа Иттифоқи президент Лукашенконинг сайловдаги ғалабасини рад этувчи баёнот эълон қилишини хоҳлайди. Польша эса Беларусга нисбатан виза эмбаргоси жорий этиш, зўравонликлар учун масъул бўлган Беларус расмийларига қарашли хориж банкларидаги ҳисоб рақамларини музлатиш ва иқтисодиётнинг айрим соҳаларида эмбарго жорий этишни таклиф қилмоқда.

Чехия расмийлари эса Беларус мухолифати раҳбари Александр Милинкевични Европа Иттифоқининг шу ҳафта охирида Брюсселда ўтказиладиган саммитига таклиф қилиш кераклигини айтяпти.

Европа Иттифоқига аъзо аксарият давлатлар вакиллари Лукашенко билан мулоқот олиб боришдан бошқа чора йўқлигини билдиряпти. Аммо улар қандай чора кўрилишидан қатъий назар, у Беларус халқига эмас, балки президент Александр Лукашенко режимига қаратилган бўлиши кераклиги борасида якдилдир.
XS
SM
MD
LG