Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:37

Ўзбекистоннинг қарори қораланмоқда


Ўзбекистон ҳукуматининг БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ваколатхонасини мамлакатдан ҳайдаш тўғрисидаги қарори халқаро ҳамжамият томонидан қораланмоқда.

21 март куни АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматининг бу қароридан таассуфда эканини билдириб, уни бекор қилишга даъват этди.

Давлат департаменти матбуот котиби Шон МакКормак Ўзбекистон ҳукуматини ўз қарорини бекор қилишга ва ваколатхонанинг “Ўзбекистондан бошпана излаётган қочқинларни ҳимоя қилиш ва ёрдам беришда давом этишига тўсқинлик қилмасликка” чақирди.

АҚШ Давлат департаменти вакили, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Украинадан Ўзбекистонга қайтариб берилган ўзбекистонлик ўнлаб қочқинлар тақдиридан хавотир билдирди.

“Бир неча марта мурожаат қилинганига қарамай, БМТнинг қочқинлар иши бўйича идораси вакилларига бу кишилар тақдиридан хабар олиш имкони берилмади. Ўзбекистон ҳукумати минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳукуматларидан ўзбекистонлик қочқинларнинг қайтарилишини талаб қилишда давом этмоқда”, - деди Шон Маккормак.

Давлат департаменти матбуот котиби барча давлатларни ўз ҳудудидаги ўзбекистонлик қочқинларни Ўзбекистонга мажбурий равишда қайтармаслик ва уларнинг “Ўзбекистон ҳукумати таъқиб-тазйиқларидан ҳимояланиш ҳуқуқи”ни тан олишга чақирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган жума куни БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Тошкентдаги ваколатхонасига расмий нота юбориб, бир ой муддат ичида ваколатхона фаолиятини тўхтатишни сўраган эди.

Вазирлик расмий хатида айтилишича, БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ўзининг Ўзбекистондаги миссиясини тўла адо этиб бўлган ва унинг бундан кейин мамлакат ҳудудида қолишига ҳеч қандай асос йўқ.

Олий комиссарликнинг Женевадаги қароргоҳи матбуот котиби Астрид ван Гендерен Сторт Ўзбекистон ҳукуматининг бу иддаолари асоссиз эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматининг Тошкентдаги ваколатхонамизни ёпиш ҳақидаги расмий баҳонаси мамлакатда 1993 йилда фаолият бошлаган олий комиссарлик ўз вазифасини тўла адо этиб бўлгани ва бошқа қиладиган иши йўқлиги ҳақидаги таъкидлардан иборат. Лекин биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу таъкидларига қўшилмаймиз, фикримизча, мамлакатда ҳали қиладиган ишларимиз кўп. У ерда афғонистонлик минглаб қочқинга ёрдам бераётган эдик”, - деди комиссарлик матбуот котиби.

“Озодлик” радиоси БМТнинг қочқинлар иши бўйича идораси фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарорга изоҳ сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот хизмати вакили “матбуот хизмати раҳбари бошқа ишга ўтказилгани ва унинг ўрнига ҳозиргача ҳеч ким тайинланмагани сабабли Ташқи ишлар вазирлигининг бу масалага муносабатини билдирадиган кишининг ўзи йўқ”лигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, матбуот хизматининг ўтгани йил охирида бошқа ишга ўтказилган раҳбари Илҳом Зокиров ҳозир мазкур вазирликнинг БМТ ва халқаро ташкилотлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишламоқда. Шу боис, “Озодлик” мухбири Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарорига муносабат сўраб, унга ҳам мурожаат қилди. Бироқ Илҳом Зокиров бу масалага “изоҳ берилмаслиги”ни айтиб, гапни қисқа қилди.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги вакиласи ван Гендерен Сторт расмий Тошкент ваколатхонага берган бир ой муҳлатнинг Ўзбекистонда қолаётган афғонистонлик 2 мингга яқин фуқаро тақдири юзасидан керакли чоралар кўришга етарли эмаслигини айтади.

“Бизга жуда қисқа муҳлат берилгани вазиятни қийнлаштирмоқда. Одатда ваколатхонамиз бирор мамлакатда иши қолмагандагина ўз фаолиятини тўхтатади. Ўзбекистонда эса ҳали ишларимиз кўп эди. Бундан ташқари, бошқа давлатда фаолиятимизни тўхтатадиган бўлсак, буни ҳукумат билан яқин ҳамкорликда қилган, бизга керакли чораларни кўра олишимиз учун етарли муддат берилган бўларди. Бу қочқинлар ёрдамга муҳтож ва бу муаммо ижобий ечим топа олишига умид қилмоқдамиз”, - деди ван Гендерен Сторт.

Ўзбекистон ҳукумати ўз қарорини изоҳламаётган бўлса-да, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар “расмий Тошкент БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигидан ўч олаётгани”ни таъкидламоқда.

Бу идора Андижон фожеасидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган ўзбекистонлик беш юзга яқин қочқинни Руминияга кўчириб, уларнинг Ғарб мамлакатларидан бошпана топишида асосий ролни ўйнади.

Ўтган ҳафтада эса 8 йилдан бери Ўзбекистон ҳукуматидан Қозоғистонда яшириниб юрган диний уламо Обидхон қори Назаров БМТнинг мазкур идораси томонидан Европа мамлакатларидан бирига олиб кетилди.

Ўзбекистон собиқ иттифоқ республикалари ичида БМТнинг 1951 йилда қабул қилинган қочқинлар бўйича халқаро конвенциясини имзоламаган ягона давлатдир.
XS
SM
MD
LG