Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:29

Россия ўзбекистонлик яна бир фуқарони экстрадиция қилмоқчи


Басира Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик қочқинни экстрадиция қилмоқчи. 27 ёшли Байрамали Юсупов Ўзбекистон ҳукумати томонидан давлат тузумига қарши ҳаракатлар ва диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилиняпти.

Бу ҳақда Россиядаги “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари қўмитаси хабар тарқатди.

Б.Юсупов Қашқадарё вилоятидан бўлиб, 1979 йилда туғилган. 2003 йилнинг ноябридан буён Россиянинг Тюмень вилоятида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда ишлаб келган. 2005 йил 31 августда эса у Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан жўнатилган маълумотларга асосланиб ҳибсга олинган.

Шу пайтга қадар маҳаллий инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Россия ҳукуматини ҳисбда сақланаётган Б.Юсуповни юртига қайтариб бермасликка даъват этиб келаётган эди. Бироқ 21 март куни – Наврўз байрамида Байрамали қўлига тутқазилган Россия Бош прокуратурасининг қарори унинг экстрадиция қилиниши мумкинлигидан дарак берди.

“Агар мазкур қарор юзасидан берилган шикоят кўриб чиқилиб, юқори суд инстанциялари уни ўзгартиришсиз қолдирса, Б.Юсупов Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин. У ерда эса, Бош прокуратура маълумотномасига асосан, Байрамалини жиноий таъқиб кутмоқда”, - дейди “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакиласи Елена Рябинина.

Е.Рябинина қонундаги тартибларга риоя этилмасдан, адвокатлар шикоятлари берилгунга қадар Б.Юсупов Ўзбекистонга жўнатиб юборилиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

“Ўзбеклар учун Россияда қочқин мақоми бўйича вазият бошқаларга нисбатан ўта мураккаб. Чунки ўзбек хавфсизлик хизматлари Россия ҳудудида ўзини бутунлай эркин ҳис этади ва Ўзбекистоннинг исталган фуқаросига тазйиқ кўрсатиши, ўғирлаб кетиши табиий ҳолга айланмоқда. Россия хавфсизлик хизмати эса баъзан ҳамкасбларига кўмак ҳам беряпти”, - деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Хўш, қўшни мамлакатларда мардикор бўлиб юрган ўзбекистонлик фуқароларни “террорчи” тамғаси билан ватанига қайтариш нега керак бўлиб қолди?

Е.Рябининанинг таъкидлашича, “Каримов режими, яъни, ибора билан айтганда, ўзбекларни ўз ичига ютаётган чангютгич ишламоқда. Унинг комига тушиб қолган ўзбеклар эртами-кечми бу тузумнинг қурбонларига айланяпти. Халқаро ҳамжамият олдида бу шахслар террорчи, диний ташкилот аъзоси сифатида кўз-кўз қилинаётир. Ўзбекистоннинг ичида ҳам фуқароларни қатағон қилиш давом этаяпти. Қўшни давлатлардан ўзбекларни тутиб мамлакатига қайтариш эса “халқаро терроризм” номини олган ўйинга ўйнаш, холос”.

Байрамали Юсуповнинг унга қочқин мақомини бериш рад этилгани юзасидан берган шикояти 3 апрель куни Тюмень вилояти судида кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG