Линклар

Одам ўлдириш “безорилик”ми?


Басира Санкт-Петербург шаҳри суди тожикистонлик 9 яшар Хуршида Султоновани ўлдиришда айбланганлар устидан ҳукм чиқарди. 12 нафар суд маслаҳатчиси мазкур қотилликни “безорилик” дея баҳолади.

Ушбу жиноят икки йил аввал содир этилган эди. 2004 йил февралда Хуршида отаси ва жияни билан уйга қайтаётганида бир гуруҳ ўсмирлар уларга ҳужум қилган. Чавақлаб ташланган Хуршида оғир жароҳатлар оқибатида кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмган эди. Ирқчи (миллатчи) гуруҳларга мансуб вояга етмаган 8 ўспириннинг мазкур қотиллик бўйича суди ëпиқ эшиклар ортида ўтди.

23 март куни Санкт-Петербург маслаҳатчилар суди Хуршиданинг асосий қотили сифатида гумон қилинган 16 ёшли Роман Казаковни “оддийгина безорилик содир этган”, деган хулоса билан озодликка чиқарди. Табиийки¸ бундай қарор Р.Казаков тарафдорлари, хусусан, унинг адвокати Борис Алексашинни хурсанд қилмай қолмади.

“Менимча, ҳукм адолатли. Казаков нимада иштирок этган бўлса, ўша айби учун унга ҳукм чиқарилди”, - деди адвокат.

Суд қарорини изоҳлаëтган айрим ҳуқуқшунослар оқлов ҳукмига қотиллик қуроли бўлган пичоқнинг топилмагани сабаб бўлганини айтмоқда. Шунга қарамай, бошқа далиллар, жумладан, суд тиббий экспертизаси натижалари Казаковнинг жиноят содир этганини кўрсатган. Буни жабр кўрган томон, яъни Султоновлар оиласи адвокати Нателла Пономарёва ҳам таъкидлади.

“Нима бўлишидан қатъи назар, фикримча, унинг (Р.Казаковнинг) айби исботланди. Бу қотиллик чап қўл билан содир этилган. Бу ҳақда жиноят ишида кўп гувоҳликлар бор. Энг асосий далил шуки, Казаков чапақайдир”, - деди Нателла Пономарёва.

Давлат айблови ҳам қотилликни содир этган пайтда 14 ёшда бўлган Роман Казаковнинг айби тўлалигича исботланганини айтаётир.

“Менимча, суд маслаҳатчиларида бундай жиддий қадам қўйишга жасорат етмади. Уларни айблаш мумкин эмас, зотан улар юрист эмас”, - деди Санкт-Петербург прокуратураси давлат айбловчилари бўлими катта инспектори Светлана Ефименко.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Юрий Вдовиннинг фикрича, бу қотиллик ёшларнинг безорилиги орқасидан содир этилганини кўрсатиш орқали Россияда кенгайиб бораëтган ирқчиликдан кўз юмиш айни ҳолатда энг қулай йўлдир.

“Суд маслаҳатчилари жамиятдаги ҳолатни акс эттирди, холос. Россия жамияти бугун рус миллатига мансуб бўлмаганларга нисбатан мавжуд камситишни кўриб кўрмаганга солаяпмиз. Бугун Марказий Осиёдан келаятган ҳар қандай фуқаро, мардикорми, талабами, мана шундай нафратга, ирқий камситишга дуч келмоқда”, - деди Юрий Вдовин.

Санкт-Петербург губернатори Валентина Матвиенко 2 йил муқаддам 9 ёшли Хуршидани ваҳшиёна ўлдирган қотилларни топиб, қаттиқ жазолашга чақирган эди. Қотилликда гумон қилинган Р.Казаковнинг оқланганига муносабат билдирган В.Матвиенко: “Мен бу иш ҳали якунланмаган, дастлабки қароргина чиқарилди, деб ҳисоблайман. Жабр кўрганларнинг адвокати ҳукм юзасидан шикоят қилади, деган умиддаман. Ўйлайманки, охир-оқибат адолатли қарор чиқарилади”, - деди.

Мажлум бўлишича, марҳум қизалоқнинг отаси мазкур суд жараёнига чақирув қоғози ҳам олмаган. Юнус Султонов чақирув қоғози олмаганининг боиси нимадалигини тушунмаётганини билдирди.

Султоновлар оиласи ва прокуратура суд маслаҳатчилари мазкур жиноят иши юзасидан чиқарган ҳукм устидан юқори суд инстанциясига шикоят аризаси билан мурожаат этишини маълум қилди.

Санкт-Петербург Россиядаги рус миллатига мансуб бўлмаган фуқароларга энг кўп ҳужум қилинаëтган шаҳар ҳисобланади. Ўтган йил давомида бу ерда ирқчи-миллатчилар томонидан бошқа миллат вакилларига нисбатан 600 га яқин жиноят, жумладан, қотиллик содир этилган.
XS
SM
MD
LG