Линклар

logo-print

Беларус милицияси намойишчиларга қарши куч ишлатди

  • Ҳасанжон

25 мартда Беларусдаги мухолифат тарафдорлари сўнгги кунларда ҳибсга олинган фуқаролар қўйиб юборилиши талаби билан Минск шаҳри қамоқхонаси томон юриш қилган вақтда милиция уларга қарши куч ишлатди.

“Озодлик” радиоси беларус хизмати мухбирлари берган хабарга кўра, юришга бошчилик қилган мухолифат раҳбари Александр Казулин ҳибсга олинган. Мухолифатнинг бошқа бир раҳбари Александр Милинкевичнинг рафиқаси эрининг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарлар нотўғри эканини айтди.

Беларус милицияси намойишчиларни тарқатишга ҳаракат қилаётган пайтда қандайдир портлашлар рўй берган.

“Ҳозиргина полковник Дмитрий Павлученко қўмондонлигидаги кучлар ҳужумга ўтди. Улар одамларни резина таёқлар билан калтаклай бошлади. Улар болаларни ҳам уряпти”, - дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Шанба кунги тўқнашув минглаб намойишчи 19 мартда ўтказилган президент сайлови натижалари бекор қилиниши талаби билан Минскнинг Янка Купала майдонида тинч намойиш ўтказаётган пайтда рўй берган.

Тарафлар ўртасида тўқнашув бўлишидан олдин Беларус мухолифати раҳбари Александр Милинкевич ҳукумат намойишчиларга нисбатан куч қўлламаслигига умид билдирган эди.

“Мен улар куч ишлатмаслигига умид қиламан.Чунки улар орасида соғлом фикрловчилар ҳам бор. Доимий равишда куч қўллаш, биринчидан, уларнинг заифлигини кўрсатади. Иккинчидан, улар ҳокимиятининг куни битаётганини англатади. Бундай усул билан мамлакатни бошқариб бўлмайди. Томонлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик бўлиши керак. Улар ҳамкорлик нималигини унутган. Бу улар учун охирги синов. Биз эса тинч намойиш ўтказамиз. Мен бунга ваъда бераман”, - деганди мухолифат раҳбари.

25 март куни “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам Беларусда шу ҳафтада 22 журналист ҳибсга олинганини билдирди. Ташкилот баёнотида айтилишича, уларнинг 13 нафари ҳали ҳам озод этилмаган.

Баёнотда билдирилишича, милиция ходимлари Беларус, Польша, Россия, Украина, Грузия ва Канада журналистларини ҳибсга олган. Уларнинг аксарияти безорилик, беадаблик ва рухсат этилмаган намойишда қатнашганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG