Линклар

“Рауф Парфи деган бир осмон...”

  • Абдулла Искандар

Шоир Рауф Парфи оламдан ўтганига бир йил тўлди. Шу муносабат билан шоирнинг яқинлари, дўстлари, шогирдлари, мухолифат вакиллари, ҳукумат мулозимлари уни яна бир бор хотирлади.

Рауф Парфи билан 13 йил давомида бир ëстиққа бош қўйган Дилором Исҳоқованинг айтишича, “шоир ўз ўлими билан ҳаммани тенглаштирди. Бугун унинг қабри устида мухолифат вакиллари ва ҳукумат мулозимлари бир қаторда турди”.

Якшанба куни Рауф Парфи мозорига ёдгорлик тоши қўйилди.

“Мен ўлсам, мозорим устига тош эмас, бир жуфт пойафзал қўйинг. Бир ялангоëқ кийиб кетсин”, - деб ëзган эди шоир.

“Шоир ижодига назар солар эканмиз, видо, айрилиқ, жудолик, ўлим калималарининг деярли ҳар бир шеърда такрорланганини кўрамиз. Гўë шоир ўз ўлими тўғрисидаги хабарга бизни бутун умри давомида тайëрлагандек туюлади”,- дейди Дилором Исҳоқова.

Рауф Парфи вафотидан кейин ўтган бир йил давомида унинг икки китоби босмадан чиқди. Шоир ижоди ҳақида Интернетда сайт очилди. “Озодлик” радиоси маркетинг хизмати шоир ижоди ҳақида плакат ва овозли СД-албом чиқарди.

Рауф Парфи вафотининг бир йиллиги маросимида турли тоифа ва гуруҳларнинг бир қаторда турганини айтдик. Шоир тириклигида ҳам ҳар бир минбардан эркин фикр айтиш учун фойдаланар эди.

“Рауф Парфи қабри устида туриб виждонан иқрор бўлиш керакки, жуда кўпчилигимиз Рауф Парфига ўхшаб кўзимизни шон-шараф кўр қилгувчи ëғдуларидан асрай олмадик. Рауф Парфига ўхшаб яшашдан қўрқдик ҳам, истамадик”, - деб ëзди шоирнинг шогирдларидан бири Хуршид Даврон.

Дилором Исҳоқованинг фикрича, Рауф Парфи шеърлари ўзбек шеъриятини ëлғондан асраган тўғондир:

Рауф Парфи деган бир осмон,
Оғриқ юлдуз чарақлаб турар.
Каҳкашонмас, дарди бир достон
Кўкда туғдек ярақлаб турар.
XS
SM
MD
LG