Линклар

Парранда гриппи Қозоғистонга ҳам етиб келди

  • Абдулла Искандар

Қозоғистонда ўлган лайлакнинг қонидан парранда гриппининг инсон ҳаёти учун хавфли бўлган тури топилди. Бу ҳақда мамлакат Қишлоқ хўжалик вазирлиги вакили маълум қилди.

Вазирликнинг ветеринария департаменти директори Асилбек Кожмуродов касал лайлак жасади Каспий денгизидан 20 километр узоқда жойлашган Оқтов шаҳрида топилганини билдирди. Айни пайтда Оқтовда парранда гриппига қарши кучайтирилган эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Эрбўлат Дўсаев парранда гриппи боис мамлакатда кўчманчи қушларни баҳорги овлаш мавсуми бекор қилинганини таъкидлади.

2005 йилда парранда гриппи Қозоғистонда илк маротаба Павлодар вилоятидаги хонаки товуқларда қайд қилинган эди. Шундан сўнг мамлакатнинг Оқмола, Қарағанда вилоятларида ҳам парранда гриппига чалинган қушлар аниқланганди. Қозоғистонда бу касаллик вируси аниқланганидан бери 13 минг бош хонаки ўрдак-ғоз ва товуқ йўқ қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими Нурмат Ҳамидулланинг сўзларига кўра, ҳозирча мамлакатда парранда гриппининг одамларга юқиши қайд этилмаган.
XS
SM
MD
LG