Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:40

Яна миллатчиларнинг ишими?


Басира 25 март куни Санкт-Петербург шаҳрида 9 ёшли қизча пичоқлаб кетилди. Ирқий асосда содир этилгани гумон қилинаётган ушбу жиноятни содир этган номаълум шахслар қидирилмоқда.

Жиноят ирқий асосга эгалиги тахмин қилинаётганига сабаб пичоқланган қизча – Лиана Сисокконинг ярим рус, ярим қора танли эканидир. Унинг онаси Россия фуқароси, отаси Малидандир. Терговчилар бошқа сабабларни ҳам эҳтимолдан соқит қилаётгани йўқ.

Маълум бўлишича, 25 март куни кечки соат саккизларда ўз уйи олдида ўйнаб қайтаётган қизалоққа подъездда икки номаълум шахс ҳужум қилган. Лиана қонга беланиб, ота-онаси олдига эмаклаб борган.

Санкт-Петербург шаҳри прокуратураси криминалистика бўлими бошлиғи Александр Клауснинг айтишича, қизчанинг бўйин қисмига жароҳат етказилган. Айни пайтда шифокорлар Лиананинг авҳолини қониқарли баҳолаяпти.

Бир неча кун олдин Санкт-Петербургда бундан икки йил муқаддам худди шундай чавақланган тожикистонлик 9 яшар Хуршида исмли қизчани ўлдирганлар устидан суд бўлганди. Суд бу қотилликни оддий безорилик сифатида баҳолаганди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Светлана Ганнушкинанинг фикрича, Россия жамиятида бугун ксенофобия, яъни ирқий адоват кайфияти ошиб бормоқда.

“Буни тушунтириш қийин. Лекин Петербургда даҳшатли воқеалар рўй бераётганини айтишим мумкин. Бу қутуриш ва маънавий инқироз. Кўп миллатли буюк Россиядек мамлакатда жамиятнинг бундай маънавий ҳолати унинг инқирозига олиб келади”, - дейди Светлана Ганнушкина

Россиянинг шимолий пойтахти саналувчи Санкт-Петербургда ирқчилик ва миллатчилик асосида зўравонликлар мунтазам рўй беради. Бу зўравонликлар қурбонлари орасида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам кўп.
XS
SM
MD
LG