Линклар

“Доҳий” истеъфо берди


Басира Россияда ўзининг миллатчилик йўналиши билан ажралиб турадиган “Родина” партияси раҳбари Дмитрий Рогозин лавозимини тарк этди. Унинг ўрнини Александр Бабаков эгаллади.

Миллатчилик руҳидаги реклама роликлари сабабли “Родина” партияси 2005 йил октябрда Москва думасига ўтказилган сайловдан четлатилган эди. Энди эса ушбу роликларнинг қаҳрамони, рус миллатига мансуб бўлмаганларга нисбатан кескин қараши билан ажралиб турувчи Д.Рогозин истеъфо беришга мажбур бўлди. Бу ҳолат Россияда анча шов-шув уйғотди.

Москвадаги Глобализация муаммолари институти директори Михаил Делягин “Родина” ҳозирги инқироздан чиқишига ишонч билдириб, Д.Рогозин раҳбарликни топширган бўлса-да, партиянинг нуфузли аъзоси бўлиб қолишини тахмин қилди.

Унинг фикрича, Д.Рогозин лавозимидан тазйиқ остида кетган. Чунки айни пайтда ҳуқуқий меъёрларга зид келувчи турли хил ҳужжатлар ташлаб қўйилиб, унинг бўлимлари ёпилмоқда.

Россия либерал демократик партиясидан Давлат думасига сайланган депутат Алексей Митрофанов эса “Родина” партияси Рогозин бошчилигидаги эски ҳамкорлари билан зиддиятда бўлгани бу инқирозга сабаблигини таъкидлади.

Турли фикрларга кўра, “Родина” партияси Россия президенти маъмурияти томонидан ташкил этилган.

“Родина” - ўз вазифасини адо этган лойиҳа. Айтиш керакки, партия яхши имкониятларга эга эди. Уларнинг вақти битди. Улар ўзига ортиқча баҳо бериб юборди. Улар партия ким томонидан тузилганини унутмаслиги керак эди. Партия ўзини ўзи чўктирди”, - дейди Алексей Митрофанов.

“Яблоко” партиясидан Москва шаҳри думасига депутат этиб сайланган Сергей Митрохин эса Дмитрий Рогозиннинг истеъфосида Владимир Путиннинг қўли борлигини айтмоқда.

“Рогозинга кучли тазйиқ ўтказилган. Кремль ўз лойиҳаси асосида тузилган партия мустақил, бошқарувга бўйсунмайдиган бўлишини ва реал мухолифатга ўтишини ҳеч қачон кечирмайди. Шунинг учун у истеъфога кетишга мажбур қилинди”, - деди С.Митрохин.
XS
SM
MD
LG