Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:00

“Эзгулик” ҳукумат қарорини қоралади


Самандар Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти мамлакат ҳукуматининг БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш тўғрисидаги қарорини қоралади.

Жамиятнинг Тошкент шаҳри бўлими раиси Суҳроб Исмоилов “Эзгулик” Ўзбекистон раҳбариятининг бу қарорини мамлакатни “жаҳон ҳамжамиятидан янада изоляция қилишга қаратилган” қадамлардан бири ҳисоблашини билдирди.

“Биз ушбу қарорни қоралаймиз. Айни қарор Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда фаолият юритиб келаëтган ташкилотларга нисбатан душманона кайфият кучайганидан далолат беради”, - деди С.Исмоилов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги БМТ ваколатхонасига юборган нотасида ҳукумат қарорига “агентлик мўлжалидаги барча режаларини амалга ошириб бўлган, энди унинг мамлакатда қолишига ҳожат йўқ”, дея изоҳлаган эди.

Ўзбекистондаги фаолиятини 1993 йилда бошлаган ваколатхона ҳақиқатан ҳам вазифасини бажариб бўлганми? Бу фикрга “Эзгулик” қандай муносабат билдиради?

“Ўзбекистонда қочқинлар масаласи билан боғлиқ муаммолар ечилган, деб бўлмайди. Масалан, бугунги кунда мамакатдаги кўп сонли қочқинлар Афғонистондан келаëтган муҳожирлар ҳисобланади. Улардан ташқари Тожикистоннинг талайгина фуқаролари ҳам бор. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 4 мингга яқин афғон муҳожири мавжуд. Уларнинг иши ҳали кўриб чиқилмаган”, - деди С.Исмоилов.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Андижон воқеаларидан кейин қўшни Қирғизистонга қочиб ўтган 400 дан ортиқ қочқинни учинчи мамлакатга кўчиргани учун Ўзбекистон ҳукуматининг ғазабини қўзғаган эди.

Аммо ваколатхонани ёпиш ҳақидаги қарор комиссарлик томонидан бошқа бир ўзбек қочқини - таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг Оврўпога жўнатилиши ортидан пайдо бўлди.

Обидхон қори диний экстремизм ва терроризм айбловлари билан Ўзбекистонда қидирилаётганлар рўйхатининг бошида турган шахс ҳисобланади.

Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб билан муносабатлари совуқлашган Ўзбекистон мамлакатда халқаро ташкилотларга нисбатан тозалаш ўтказиб келяпти. Ўтган давр мобайнида сиëсий “шанбалик”лар доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва демократия тарафдорлари бўлган бир неча ноҳукумат ташкилотнинг ковуши тўғриланди. Қисқа вақт ичида “Internews”, “Freedom House” ташкилотлари, Миллий демократик институт, “Озодлик” ва “Би-Би-Си” радиолари, “Евроосиё” жамғармаси, Уруш ва тинчликни ëритиш институти ва ҳоказолар мамлакатдан чиқариб юборилди.

Расмий Тошкентнинг даъвосича, бу ташкилотлар мамлакатнинг ички сиëсатига аралашган.

Яқинда эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бундай ташкилотларга юзланиб: “Агар ҳеч ким бизнинг ички ишимизга аралашмаса¸ Ўзбекистонда ҳеч нарса юз бермайди. Демократия, озодлик кўриниши остида бизнинг ички ишимизга аралашманг”, - деган эди.

“Эзгулик” жамиятининг Тошкент шаҳри бўлими раиси Суҳроб Исмоилов даъволарга жавобан: “Биз бу иддаоларни анчадан бери эшитиб келамиз, лекин уларни қабул қила олмаймиз. Сабаби, шу кунгача ишлаëтган ташкилотлар халққа кўп ëрдам бериб келмоқда. Аслида эса Ўзбекистон режими халқаро ташкилотлар фаолиятидан қўрқади. Чунки жамиятда эркин фикрлайдиганлар сони қанча кўпайса, уларни бошқариш шунча қийинлашади. Ҳукумат хавотири тагида ëтган асл сабаб ҳам шу”, - деди.

Ўзбекистон ҳукумати ўзига ёқмаган ташкилотларни мамлакатдан ҳайдашда давом этиши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG