Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:09

Ўзбекистонлик собиқ ректор ҳибсга олинди


Тошкент Ирригация институтининг собиқ ректори Фаррух Оқназаров Москвада ҳибсга олинди. Сўнгги йилларда профессор Оқназаров Россиянинг Нижний Новгород технология билим юрти ходими бўлиб ишлаётган эди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакиласи Елена Рябининанинг Россия расмийларига таяниб маълум қилишича, собиқ ректор Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўрови бўйича қўлга олинган.

“Бу якшанба куни Ярославль вокзалида рўй берди. Оқназаров Нижний Новгородга кетаётган пайтда милиция ходимлари уни олиб кетган”, - дейди Елена Рябинина.

Профессор Ф.Оқназаров Ўзбекистонни икки йил аввал тарк этган эди. Россияга келгандан сўнг у Нижний Новгород шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирининг менежмент кафедрасида ўқитувчилик қилган. Шунингдек, у Россияда яшаш ҳуқуқини олган ва Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжат топширган эди. Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати уни давлат мулкини ўзлаштиришда айбламоқда.

“Маълум бўлишича, Ўзбекистонда унга қарши давлат мулкини ўғирлаш бўйича жиноят иши қўзғатилибди. Оқназаровнинг яқинлари бу иш Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра очилганини айтмоқда. Кўринишидан у Ўзбекистон амалдорлари сир сақлаган айрим маълумотларни биладиган одам", - деди Е.Рябинина.

Ф.Оқназаровнинг москвалик дўстлари сўзларига кўра, икки йил муқаддам у ўзи эгаллаб турган Тошкент Ирригация институти ректори лавозимини Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев талабига кўра ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бир вақтлар Ш.Мирзиёев айни билим юртида Ф.Оқназаров билан ҳамкасб эди.

Хабарларда айтилишича, Ш.Мирзиёев ўзи билан боғлиқ ахборотлардан Ф.Оқназаров хабардор бўлиши мумкинлигидан чўчимоқда.

Ф.Оқназаров билан яхши таниш бўлган Ўзбекистондаги “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов ҳам бу иш сиёсий мақсадда қилингани эҳтимолдан йироқ эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон томони ҳозирча ушбу хабарга бирор муносабат билдирганича йўқ. Айни дамда Фаррух Оқназаровнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлиги борасида хавотирлар мавжуд.

“Россия Бош прокуратураси экстрадиция масаласини Минск конвенциясига биноан кўриб чиқмоқда. Тўқсонинчи йилларда МДҲ мамлакатлари ўртасида имзоланган бу ҳужжатнинг халқаро конвенциялардан фарқи қийноқ ҳамда адолатли судлов йўқлигининг инобатга олинмаслигидир. Масалан, Ўзбекистонда қийноқлар хавфи борлиги ҳамда адолатли судловлар йўқлиги айтилса-да, Минск конвенцияси асосида Россия Ўзбекистон сўровига кўра одамларни бериб юбораверади. Шу боис, Оқназаровнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши хавфи жуда катта”, - дейди Елена Рябинина.

Айни пайтда кўпчилик Ўзбекистондаги кўплаб билим юртлари қатори Тошкентдаги Ирригация институтида ҳам порахўрлик авжида бўлганини эслайди. Лекин бу порахўрликларга Ф.Оқназаровнинг алоқаси бўлгани ҳозирча номаълум.

Францияда чиқадиган “Марказий Осиё” газетаси муҳаррири Надежда Отаева гапиради: “Кўпчилик Ирригация институтида порахўрлик, ўғирликлар кўп бўлганини айтади. Лекин бу ўғирликлар айнан Ф.Оқназаров ректорлиги пайтида бўлганми, ё ундан кейин, буни ўрганиш керак”, - дейди Н.Отаева.

Лекин “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов профессор Оқназаровни яхши билишини айтиб, унинг порахўрликларга аралашгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG