Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:33

“Зарафшон-Ньюмонт” нишонга олинадими?


“Зарафшон-Ньюмонт” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси расмий Тошкентнинг навбатдаги нишонига айланган ва энди ушбу компания билан ҳисоб-китоб қилиш вақти келганга ўхшайди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Молия вазирлиги “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасига нисбатан солиқ сиëсатини ўзгартириш ва компанияни солиқ имтиëзларидан маҳрум қилиш ҳақида нота юборган.

Агар тахмин қилинаëтган ўзгаришлар юз берса, у ҳолда бу солиқ америкаликлар қўлига тегадиган даромаднинг 50 фоизи йўқолишига олиб келади. Бу воқеа эса Ўзбекистонда энди нафақат сиëсат, балки иқтисод билан шуғулланиш ҳам ҳукумат таъқиби остида эканига далолат сифатида кўринади.

Кузатувчиларга кўра, Андижон воқеаларидан сўнг хорижий ноҳукумат ташкилотларни ҳайдаб солган Ўзбекистон ҳукумати энди диққатини бизнесга ҳам қаратаëтганга ўхшайди.

АҚШнинг олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи “Ньюмонт майнинг” компанияси Ўзбекистон Молия вазирлигининг ширкатни солиқ имтиëзларидан маҳрум қилиш ҳақидаги қароридан хавотирда.

Маълумотларга кўра, 17 март куни компания Ўзбекистон расмийлари томонидан 2006 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасининг самарали фаолияти ҳамда ширкатнинг ҳукумат томонидан кафолатланиши тўғрисида”ги 151-қарори кўриб чиқилиши ëки умуман бекор қилиши ҳақида огоҳлантирилган.


Американинг “Newmont Mining Corporation”, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий тоғ-металлургия комбинати ўртасида чиқиндилардан олтин ажратиб олиш ва “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси тузиш ҳақида 1992 йил 16 январда келишувга эришилган ва ширкат 1995 йилда ишга тушган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси фаолиятига бир неча бор ижобий баҳо берганди. Аммо ўтмишдаги мақтовлар ширкатнинг келажакдаги фаолиятига кафолат бўла олмайдиган кўринади.

Андижон воқеаларидан сўнг бир қанча ноҳукумат ташкилотлар фаолиятига нуқта қўйган Тошкент ўз кампанияси кўламини кенгайтириб, бизнес соҳасига ҳам ўтгандай.

Мустақил иқтисодчи Алишер Таксанов гапиради:

“Масаланинг иккита жиҳати бўлиши мумкин. Биринчидан, қўшма корхонага маълум бир муддатга имтиëз берилган ва бу муддат якунига етган бўлиши мумкин. Бошқа томондан қарайдиган бўлсак, “Зарафшон-Ньюмонт” ëпиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти ҳақида аниқ маълумот берилмас эди. Масалан, биз унинг қанча олтин ажратиб олаётгани ва яна қанча вақт мобайнида Ўзбекистонда қолишини билмас эдик”.

А.Таксанов қўшма корхонага нисбатан бу сиёсат Тошкентнинг аксилғарб сиëсати доирасида амалга оширилаëтган бўлиши ҳам мумкинлигини эътибордан қочирмади.

“Андижон воқеалари ортидан кўпгина ноҳукумат ташкилотлар фаолияти тўхтатилгандан сўнг навбат энди бизнесга етиб келган бўлиши мумкин. Балки ҳукумат агар АҚШ сармоядорлари мамлакатдан чиқиб кетса, улар ўрнига Россия сармоядорлари кириб келишига ва газ, ëнилғи ва бошқа соҳаларга сармоя ëтқизишига умид қилаëтгандир”, - деди А.Таксанов.

АҚШда иқтисод соҳаси бўйича таълим олаëтган ўзбекистонлик талабалардан бири Мурод Ўзбекистон қайси давлат билан алоқалари ёмонлашса, ўша мамлакат билан илгари ўрнатилган иқтисодий алоқалар ва улар доирасида амалга оширилаëтган ишлар сиқувга олинишини таъкидлади.

“1991 йилда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингандан сўнг мамлакат иқтисодий мураккаб вазиятлардан чиқишга ҳаракат қила бошлади. Иқтисодий ривожланиш йўлида Каримов тараққиётнинг турли моделларини танлаб кўрди. Масалан, бир вақтлар мамлакатда бизнеснинг Туркия модели ҳукм сурганда юзлаб турк ширкати Ўзбекистонга кириб кела бошлади. Дўконлар Ulker, Arcelik, Aiwa ва шунга ўхшаш маҳсулотлар билан тўлиб кетди. Орадан бир оз вақт ўтиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ëмонлашди ва туркиялик сармоядорлар Ўзбекистонга қандай келган бўлса, шундайлигича уни тарк этди. Кейинчалик бизнеснинг Жанубий Корея, Хитой ва ҳоказо моделлари гувоҳи бўлдик. Улар ҳам ошини ошаб, ëшини яшаб, кўздан ғойиб бўлди. Шундай экан, мамлакат сиëсати ва иқтисоди фақатгина унинг раҳбари кайфиятига боғлиқ бўлган Ўзбекистонда бу икки омилни бир-биридан ажратиб бўлмайди”, - деди иқтисодчи талаба.

“Зарафшон-Ньюмонт” қўшма-корхонаси фаолиятидан маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам норозилик билдирмоқда. Масалан, Елена Урлаева республикага экологик зарар етказгани учун “Зарафшон-Нюмонт”дан Ўзбекистон бюджетига бир миллиард доллар товон пули ундирилиши зарурлиги даъвоси билан чиқди.
XS
SM
MD
LG