Линклар

Исроилда ўтказилган парламент сайловида Кадима ғалабага эришди.

  • Ҳасанжон

28 март куни Исроилда парламент сайловлари ўтказилганида ҳақида аввал маълумот берган эдик. Ҳозирча расман тасдиқланмаган сайлов натижаларига кўра, Кадима партиясиИсроил парламенти - “Кнессет”даги энг кўп ўринни эгаллаган. Январ ойида миясига қон қуйилгандан бери касалхонада беҳуш ётган Бош вазир Ариэл Шарон тузган Кадима партияси сайловчиларга Исроилдан ажралган Фаластин давлати барпо этишни ваъда қилган.

Кадима партияси раҳбари Эхуд Олмерт 28 март куни сайлов участкасига овоз бериш учун борганида сайловни Фаластиндан ажратилган давлат барпо этиш режаси учун ўтказилаётган референдум, дея атади. Кузатувчилар сайлов натижасига асосланиб 120 ўринли Кнессетдаги 28та ўринни Кадима партияси вакиллари эгаллаши айтмоқда.

Бу янги ҳукумат коалицияси асосан Кадима партияси вакилларидан иборат бўлишини англатади. Ўз партияси сайловда ғолиб чиққани айтган Олмерт фаластинликларни алоҳида-алоҳида давлат тузиш учун бирга ишлашга чақирди. Айни пайтда, у музокара олиб борадиган томон бўлмаса ҳам патия ўз режасини амалга ошириши мумкинлигини билдирди:

“Воқеликни тан олган ва тушунган ҳолда биз энг яхши ўғлонларимиз, аскарларимиз дафн этилган Исроил учун муқаддас ҳудудларнинг бир қисмини бериш орқали муроса қилишга тайёрмиз. Орзуингиз рўёбга чиқиши учун, биз билан ёнма-ён ўз давлатингизда тинч ҳаёт кечиришингизга имконият яратиш учун биз ўша ерларда яшаб келган яҳудийларни бошқа жойларга кўчириш орқали муроса қилишга тайёрмиз” – деди Эхуд Олмерт.

Олмерт сайлов олди кампанияси давомида Фаластин ҳудудларидан Исроил қўшинларини бир томонлама олиб чиқиш ишларини давом эттиришини билдирган эди. Иккита алоҳида давлат яратиш мақсадида Шарон Ғазо секторидан Исроил қўшинларни олиб чиқиш ишларини ўтган йил сентябр ойида тугатган эди. Режага кўра, 2010 йилга қадар Исроил ва Фаластин давлати ҳудудларини хавфсизлик деворлари ажратиб туради.

Кнессетда кўпчиликни ташкил этиш учун Кадима 61та ўринни эгаллаши керак бўлади. Шунинг учун Кадима партияси сайловда иккинчи ўринни эгаллаган Меҳнат партияси билан коалиция тузиши кутилмоқда. Шарон режасини қўллаб-қувватлаган бу партия парламентдаги 20та ўринни эгаллаши айтилмоқда.

Сайловда учинчи ўринни Бизнинг уй Исроил партияси эгаллади. Бу партия аъзоларини асосан собиқ Совет Иттифоқидан Исроилга кўчиб борган иммигрантлар ташкил этади. Партия раиси Авигдор Либерман сайлов натижаларидан қониқиш ҳосил қилганини билдирди:

“Сайлов натижаси бизни қониқтиради. Менимча, бу ўта муҳим муваффақият. Бугунги кунда биз ўнг қанотнинг йирик қисмини ташкил этяпмиз. Кейинги сайловда биз асосий ҳамкор бўлишга умид қиламиз”.

Исроилда ўтказилган парламент сайловида собиқ Бош вазир Бенямин Нетаняху етакчилигидаги Ликуд партияси катта йўқотишга учради.

29 март куни Эхуд Олмерт бошқа сиёсий партиялар билан янги ҳукумат тузиш масаласида норасмий маслаҳатлашув бошлади.

Сайлов олди кампанияси давомида алоҳида давлат яратишга ваъда берган Олмерт 29 март куни Ғарбий соҳилдаги ҳудудларнинг бир қисмини фаластинликларга беришга тайёрлигини билдирди:

“Фаластинликлар билан келишув фақат томонлар бир-бирини ва аввал эришилган шартномаларни тан олиши, йўл ҳаритаси принцпларини рад этмаслик, зўравонликка чек қўйиш ва қуролсизланиш борасида музокараларга асосланган ҳолда бўлиши мумкин ”.


Кадима партияси ғалабасига халқаро ҳамжамият турлича муносабат билдиряпти.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос фикрича, агар Олмерт ўз сиёсатини ўзгартирса ва бир томонлама ҳаракат қилиш фикридан қайтса, ҳақиқий ўзгариш бўлади.

“Биз Олмерт бир томонлама ҳаракат қилиш сиёсатни музокаралар олиб бориш сиёсатига ўзгартиришига умид қиламиз ” – деди Маҳмуд Аббос.

Фаластиндаги радикал Ҳамас гуруҳи Исроилдаги сайлов натижаларини рад этди.

АҚШ президенти Жорж Буш Олмертга қўнғироқ қилиб унинг партияси сайловда ғалаба қозонгани билан табриклади.

Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддиси Хавиер Солана ҳам Эхуд Олмертни телефон орқали қутлаб, Исроил фаластинликлар билан бирга тинчлик сари ҳаракат қилишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG