Линклар

logo-print

Аксилтеррор тузилма фаолияти самаралими?

  • Фаррух Юсуфий

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ҳузуридаги Минтақавий аксилтеррор тузилманинг навбатдаги олтинчи мажлиси 29 март куни Тошкентда иш бошлади.



Расмий маълумотларга кўра, мажлис давомида мазкур тузилманинг уч йиллик фаолиятига оид ҳисобот ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, учрашувда ШҲТ доирасида 2-5 март кунлари Ўзбекистон ҳудудида ўтказилган аксилтеррор машқларининг натижалари ҳамда тузилманинг 2007-2009 йиллар учун иш режаси муҳокама этилади.

ШҲТга аъзо давлатлар ташкилотнинг халқаро сиёсат майдонида муҳим ўрин эгаллаётганини таъкидлашига қарамай, кўпчилик сиёсатшунос ва кузатувчилар бу таъкидларнинг бироз бўрттирилганини айтяпти. Хўш, кейинги пайтларда ШҲТнинг фаоллашиб бораётгани унинг Андижон воқеаларидан кейин ШҲТга катта умидлар боғлаётган Ўзбекистонда геосиёсий ўйинлар қоидасини белгиловчи тузилмага айланаётганини англатадими?

Кейинги ойлар давомида ШҲТ доирасида турли миқёсларда, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ўтган йилнинг июль ойида Остонада бўлиб ўтган саммитдан кейин ташкилотга аъзо давлатларнинг ташқи ва ички ишлар вазирлари, хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралари раҳбарларининг бир неча учрашувлари бўлиб ўтди.

Остона саммити Андижон воқеаларидан кейин ташкилот доирасида ўтказилган биринчи йирик тадбир бўлди. Андижон хунрезлиги боис Ғарбдан ёғилаётган танқидлардан ҳафсаласи пир бўлиб, халқаро террорга қарши курашда ўша пайтлардаги асосий иттифоқчиси бўлмиш АҚШнинг ҳарбий базасини ўз мамлакатидан ҳайдаш арафасида турган Ўзбекистон президенти Остонадаги саммитда бу ташкилотнинг халқаро майдондаги муҳим ташкилотлардан бирига айланишига умид қилган эди.

“Халқаро ҳамжамият яқин келажакда, жаҳон майдонида ШҲТдек ташкилот пайдо бўлганини сезишига умид қиламан”, - деганди И.Каримов.

Ўшанда кўпчилик кузатувчи ва сиёсатшунослар Ўзбекистон раҳбарининг бу баёнотини унчалик жиддий қабул қилмасдан, И.Каримовнинг бу умидлари ушалгунча ҳали анча қовун пишиғи борлигини айтганди. Лекин Остона саммитидан кейин бу ташкилотнинг анча фаоллашиб қолгани, аксинча, президент И.Каримовнинг умидлари ушалаётганидан далолат бермайдими?

Россиялик мустақил таҳлилчи Аркадий Дубнов бу саволга йўқ, деб жавоб берди.

“ШҲТ доирасида навбатдаги тадбир ҳақида эълон қилиниши унинг фаоллашиб бораётгани ёхуд бу ташкилот доирасидаги ҳамкорлик жадаллашаётганидан далолат беради, деб ўйламайман. Бунга март ойининг бошида Ўзбекистонда ШҲТ доирасида ўтказилган аксилтеррор машқларининг матбуот назаридан четда қолиб кетгани ҳам исбот бўла олади. Буни икки хил изоҳлаш мумкин, ё бу машқлар ўта махфий ўтган, ёки ҳеч нарсани ҳал этмайдиган, аҳамиятсиз навбатдаги тадбир бўлган. Шунинг учун ШҲТнинг фаоллашиб бораётгани ҳақида ҳозирча гапирмаган бўлардим”, - деди А.Дубнов.

А.Дубнов ШҲТ давлатлари ичида, айниқса, Ўзбекистон бу ташкилотнинг аҳамиятини бўрттиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

“Тошкент кейинги пайтларда Россия ва Хитой ҳамда яқин қўшнилари билан ШҲТ доирасида ҳамкорликни маъқул кўришини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Москва Тошкентни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтаришга зўр бериб уринаётганига қарамай, бунга эриша олмаяпти. Нега? Менимча жавоб қуйидагича: Тошкент Москвада белгиланаётган геосиёсий қоидаларга яна тобеъ бўлиб қолишни истамайди. Тошкент кейинги йиллар давомида юритиб келган мувозанатли сиёсатини сақлаб қолмоқчи, яъни аввал Ғарб билан Россия ўртасида мувозанатни сақлаб келган бўлса, энди Россия, Хитой ва ҳатто охирги пайтларда муносабатлари совуқлашиб қолган Қозоғистон билан ҳам алоқаларни бир хилда олиб боришга ҳаракат қилмоқчи”, - деди А.Дубнов.

А.Дубновнинг айтишича, яқинда Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев Тошкентда дабдабали кутиб олиниши ва Ислом Каримовнинг унга дўстлик ва муҳаббат изҳор этиши ҳам бежиз эмас. Бундан ташқари, Тошкентнинг минтақага кирмайдиган бошқа давлатлардан ҳам умидлари бор. Бу ўринда шу кунларда И.Каримовнинг Жанубий Кореяга бўлаётган сафари назарда тутиляпти.

Аксилтеррор маркази хабарномасида айтилишича, чоршанба куни бошланган мажлисда тузилманинг 2007-2009 йиллар учун иш режаси ҳам ишлаб чиқилади.

Аркадий Дубнов бу режалар шу пайтгача амалга ошириб келинган режалар каби ҳеч нарсани англатмаслигини айтди.

“ШҲТ доирасида тузилган аксилтеррор тузилма ташкил этилганидан бери Марказий Осиёда террорчиликни бартараф этишда нима қилгани ҳақида ҳеч нарсани билмаймиз. Бу марказнинг самаралигини исботлаш фурсати пайдо бўлишини истамас эдим, албатта. Бошқа тарафдан эса бу ташкилотнинг самаралилигида шубҳаларим бор. Худо кўрсатмасин, Ўзбекистонда яна бирор ҳодиса рўй берадиган бўлса, ШҲТнинг аксилтеррор тузилмаси Ислом Каримовга ёрдам бера олишига ишониш қийин. Яна қайтараман, буни исботлаш фурсати пайдо бўлишини истамаган бўладим”, - деди А.Дубнов.
XS
SM
MD
LG