Линклар

logo-print

Россия Ўзбекистон тузумидан норозилар учун хавфли мамлакатга айланяпти


Басира Россияда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сиёсий ва диний сабаблар бўйича қидирувга берилган этник ўзбекларни ҳибсга олиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ва “Фуқаровий кўмак” қўмитаси маълумот тарқатди.

“Мемориал” маълумотларига кўра, 2006 йил 27 февралда Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳрида ўзбекистонлик 3 фуқаро ҳибсга олинган. Улардан бири Мухтор Боймирзаевнинг турмуш ўртоғи сўзларига кўра, улар яшаган уйда тинтув ўтказиш вақтида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг икки ходими ҳам бўлган.

Тинтув вақтида эса М.Боймирзаевнинг уйига турли диний адабиётлар, варақалар ташлаб қўйилгани айтилмоқда. У 2 ҳафта давомида ҳибсда сақланган. Озод қилинганидан сўнг милиция ходимлари унга Ўзбекистонга қайтиб кетишни маслаҳат берган.

“Мемориал” вакилларининг айтишича, ўзбекистонлик икки фуқаро диний- сиёсий фаолиятга оид айблар билан ҳанузгача қамоқда қолмоқда. Айни пайтда уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши эҳтимолидан хавотир билдириляпти. 28 февраль - 1 март кунлари эса ўндан ортиқ ўзбек 10 соатдан 16 соатгача ушлаб турилган. Баъзиларининг сўроқ бериш жараёнида Ўзбекистон МХХнинг вакиллари иштирок этган.

Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳрида мазкур воқеаларни ўрганган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев бундай деди: “Варақа ташлаб, ҳибсга олишлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ички ишлар ходимлари россиялик ҳамкасбларига курашиш йўлларини ўргатаётганга ўхшайди. Энг ачинарлиси, Россияга тирикчилик мақсадида келган ўзбекистонликлар фитналар остида қолиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда”.

“Мемориал” тарқатган маълумотларда 2006 йил 2 февралда Липецк вилоятининг Грязи шаҳрида ҳам Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани борасидаги бир воқеа қайд этилади. Яъни сурхондарёлик Рустам Мўминов “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб, ҳозир Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш эҳтимоли бор.

Энг сўнгги ҳодиса эса 2 март куни Москва вилоятида тошкентлик Абдукарим Мирзаевнинг ҳибсга олинишидир. Расмийларнинг таъкидлашича, у 4 йил муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айбланиб, қидирувга берилган.

“Мемориал”нинг “Россияда ўзбек исломчиларига ов”, деб номланган мурожаати сўнггида Ўзбекистон хавфсизлик кучларининг Россияда очиқчасига фаолият олиб бораятганини таъкидланган.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси ходими Елена Рябинина Ўзбекистон фуқароларининг Россиядан бу қадар кўп экстрадиция қилинаётганини чангютгичга ўхшатган эди.

“Каримов режими, яъни, ибора билан айтганда, ўзбекларни ўз ичига ютаётган чангютгич ишламоқда. Унинг комига тушиб қолган ўзбеклар эртами-кечми бу тузумнинг қурбонларига айланяпти. Халқаро ҳамжамият олдида бу шахслар террорчи, диний ташкилот аъзоси сифатида кўз-кўз қилинаётир. Ўзбекистоннинг ичида ҳам фуқароларни қатағон қилиш давом этаяпти. Қўшни давлатлардан ўзбекларни тутиб мамлакатига қайтариш эса “халқаро терроризм” номини олган ўйинга ўйнаш, холос”, - деганди Е.Рябинина.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Россияда ҳибсга олинаётган ўзбекистонликлар сони аслида янада кўп бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Россия ҳудудида Ўзбекистон тузумидан қочиб юрганларни кенг кўламда “ов”лаш имконияти Ислом Каримовнинг Россияга яқинлашувидан сўнг янада кенгайгани айтиляпти.
XS
SM
MD
LG