Линклар

logo-print

Таъсир ўтказишнинг энг мақбул йўли ҳақидаги тортишувлар

  • Замира Шукур

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси махсус топшириқлар бўйича собиқ элчиси Роберт Сипл инсон ҳуқуқлари, хусусан, фуқаролар диний эркинликлари қўпол равишда бузилаëтган мамлакатларга нисбатан қандай ëндашув қўллаш масаласидаги эски баҳсни янгидан қўзғади.

“Комиссия асосий урғуни босқичма-босқич сўзлашувларни рағбатлантириш эмас, балки кескин баëнот ва санкциялар қўллаш ҳақидаги даъватлар қилиш орқали АҚШ таъсир кучини камайтирмоқда’’, - дея танқид қилди бир пайтлар ўзи хизмат қилган комиссияни “Ассошэйтед пресс” мухбири билан суҳбатда Р.Сипл.

Унинг фикрича, комиссия ўзини “қоровул ит вазифасини бажарувчи”, бу ишни уддалашнинг энг яхши йўли “қаттиқроқ акиллаш” ва “бундай акиллаш жазонинг энг мақбул йўли” ҳисоблайди.

Ўз фикрларини давом эттирган собиқ элчи, хусусан, Ўзбекистонни АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликларга оид йиллик ҳисоботидаги алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатига қўшиш санкция ва кучли босимларга йўл очиши, бундай ҳаракат эса дипломатия мағлубиятини англатишини қўшимча қилди.

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси бир неча йилдан бери, хусусан, 13 майдаги Андижон воқеаларидан кейин Давлат департаментидан айнан шуни талаб қилиб келмоқда. Аммо шу пайтга қадар бундай талаб ва тавсия инобатга олинмади ва Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар энг ëмон аҳволда бўлган мамлакатлар рўйхатига киритмади.

9 ноябрь куни АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс 2005 йилда бу рўйхатга киритилган давлатлар номини эълон қилган эди.

“Алоҳида ташвиш уйғотадиган молик давлатлар рўйхатига 8 мамлакатни киритдик. Булар Мьянма, Хитой, КХДР, Эритрея, Эрон, Саудия Арабистони, Судан ва Въетнамдир. Ўтган йил давомида бу давлатлар ҳукуматлари диний эркинликларни қўпол равишда топтади ва биз бу вазиятни яхшилаш чораларини излаймиз”, - деган эди К.Райс.

АҚШ қонунчилигига кўра, диний эркинликлар борасида алоҳида ташвиш уйғатаётган давлатлар масаласи Конгрессда кўрилади ва вазиятга бевосита таъсир кўрсатиш чоралари ишлаб чиқилади. Улар орасида санкциялар қўллаш эҳтимоли ҳам бор.

Ўзбекистоннинг бундай давлатлар рўйхатига киритилмаганига норозилик билдирган Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссия раиси Майкл Кромарти мазкур ëндашув АҚШ сиëсатига зиëн етказишини таъкидлаб келмоқда.



“Ўзбекистон ҳукумати томонидан диний эркинликлар қўпол равишда бузилаëтган бир пайтда бу мамлакатни рўйхатга киритмаслик Диний эркинликлар ҳақидаги қонун руҳи ва моҳиятини таҳдид остида қолдиради”, - деди Давлат департаментининг 2005 йилги қарорига муносабат билдирган М.Кромарти.

М.Кромартининг собиқ ҳамкасби Роберт Сипл бундай ëндашувга қўшилмайди ва Ўзбекистонни қора рўйхатга киритмасликни “вазиятга дипломатик усуллар орқали таъсир қилиш эшигини очиқ қолдириш”, деб баҳолайди.

Халқаро Хелсинки федерацияси раиси Аарон Родос бундай қарама-қарши ëндашувга муносабат билдириб, Ўзбекистондаги каби ҳукуматга нисбатан ëндашувни мавҳум принциплар эмас, мамлакатдаги реал вазиятдан келиб чиқиб белгилаш лозимлигини таъкидлади.



“Мен шу ўринда жаноб Сиплдан Ўзбекистон режими амалга ошириб келаëтган жиноятларга ëн бериб, унга дипломатик музокаралар орқали таъсир этишга уринишнинг қачон самара берганига бирорта мисол келтиришни сўраган бўлардим. Ҳозирга қадар бундай дипломатиядан режим қурбонига айланган Ўзбекистон фуқароларига бирор наф етдими? Биз режим нима дер экан, деган савол ўрнига унинг қурбонларидан биздан нима керак, дея сўрасак тўғрироқ бўлади. Ўзбекистон режимининг ўн минглаб қурбонлари ўз қисматларига оид ҳақиқат баралла айтилишини истайди”, - дейди А.Родос.

Жаҳондаги диний эркинликлар вазиятини кузатиш билан шуғулланувчи “Форум 18” ташкилоти таҳлилчиси Жон Кинаҳан ҳам Роберт Сиплнинг қарашларига эътироз билдирди.




“У ëки бу мамлакатни алоҳида ташвиш уйғотадиган давлатлар рўйхатига киритиш ҳам дипломатия усулидир. Бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Ўзбекистон каби инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузаëтган ҳукуматлар БМТга аъзо ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро декларацияга имзо чеккан. Бу декларациянинг 18-моддасида барча фуқароларнинг диний эркинликлари кафолатлаб қўйилган. Шундай экан, инсон ҳуқуқлари давлатлараро муносабатларнинг таркибий қисмидир. Давлатлар, ташкилот ва шахслар Ўзбекистондаги каби ҳукуматнинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини қандай бажараëтганини кузатиш ва муносабат билдириш ҳуқуқига эга. Айни пайтда, бу ҳукумат мажбуриятларини бажармаëтган экан, уни рисоладагидай усулда жавобгарликка чақириш ҳам мутлақ қонуний ҳаракатдир”, - дейди таҳлилчи.

Ўзбекистон каби ўз фуқаролари ҳуқуқ ва эркинликларини мунтазам топтаб келаëтгани айтилаëтган ҳукуматлар билан ишлашнинг самарали усули Р.Сипл айтаëтган каби юмшоқ дипломатиями ëки Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссия талаб қилаëтган каби кескин чора ва санкцияларми?




Халқаро Хелсинки федерацияси раиси А.Родоснинг фикрича, бундай вазиятда энг тўғри йўл ҳақиқатни айтишдир. Кимгадир бу жуда кескин ëндашув бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ҳақиқат ўзи учун ўзи гапиради ва бундай ҳақиқатни айтиш қандай оқибатларга олиб келмасин, уни қабул қилиш керак.

“Форум 18” ташкилоти таҳлилчиси Жон Кинаҳан эса “жаҳон давлатлари ўз халқаро мажбуриятларини менсимаëтган ҳукуматлар қилмишига кўз юмишни одат қилса, ер куррасининг инсон боласи учун дўзахга айланиб кетиши” ҳақида гапира туриб, “Ўзбекистондаги вазиятга тегишли муносабат билдириш халқаро ҳамжамиятнинг бурчи” эканини таъкидлади.

“Ҳозирча Ўзбекистонга нисбатан яхши гап билан кўндириш усули иш бермади. Инсон ҳуқуқлари, хусусан, диний эркинликлар борасида бирор жиддий ўзгариш кузатилмади. Шундай экан, нега Ўзбекистонни АҚШ Давлат департаментининг алоҳида ташвиш уйғотаётган давлатлар рўйхатига қўшмаслик керак? Бу ҳали дипломатиянинг қолган усуллари йўққа чиқди, дегани эмас. Биз Ўзбекистон фуқароларини режим қурбонига айланишдан асраб қолиш учун нимаики усул лозим бўлса, шуни ишга солишимиз лозим”, - деди Ж.Кинаҳан.
XS
SM
MD
LG