Линклар

Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан сиёсатда якдил бўладими?

  • Озодлик

30 март куни Ғарб, Россия ва Хитой ўртасида Эроннинг ядровий дастури юзасидан уч ҳафтадан буëн давом этиб келаëтган музокараларга нуқта қўйилиб, Теҳроннинг кейинги тақдири ҳал бўладиган кўринади.

Зеро, АҚШ расмийлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси Теҳрон ядровий дастури юзасидан бир тўхтамга келишга жуда яқин қолганини маълум қилди. БМТ Хавфсизлик кенгаши Эроннинг ядровий қурол яратишга уринаётгани ҳақидаги халқаро ҳамжамият хавотирига тўлиқ ва очиқ жавоб бермагани учун расмий Теҳронга нисбатан дастлабки чора кўриши мумкин.

30 март куни Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва Германия ташқи ишлар вазирлари иштирокида Берлинда ўтказиладиган йиғилишда якуний баëнот бўйича бир тўхтамга келиниши айтилмоқда.

Март ойи бошларида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Эроннинг оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро қоидаларга риоя қилишини таъминлаш учун мазкур мамлакатга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳақидаги ҳужжатларни Хавфсизлик кенгашига юборган эди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Жон Болтон Хавфсизлик кенгашининг Эрон ядровий дастури борасида тегишли чоралар кўриш пайти келганини таъкидлади.

“Менимча, узоқ давом этган музокаралардан сўнг Хавфсизлик кенгашининг гапирадиган вақти келди. Кенгаш бу онлар нафақат Эрон, балки ўзи учун ҳам муҳимлигини тушуниб турибди”, - деди Ж.Болтон.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс 28 март куни АҚШ Сенатида ўтган йиғилишда Теҳрон ядровий дастури юзасидан махсус огоҳлантиришлар тарафдори бўлган Ғарб ҳамда масалага мулойимроқ ëндашаëтган Россия-Хитой ўртасида муросага борилганини гапирди.

К.Райс, шунингдек, Вашингтон Эронни “АҚШ хавфсизлиги учун таҳдид солувчи мамлакат” ҳисоблашини айтди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Кин Ганг Пекинда ўтган матбуот анжуманида Пекин Теҳрон масаласи тўлалигича БМТ Хавфсизлик кенгашида эмас, балки Атом энергияси бўйича халқаро агентлик йиғилишида муҳокама қилиниши тарафдори эканини маълум қилди.

“Биз ҳали ҳам Теҳроннинг ядровий дастури масаласини Атом энергияси бўйича халқаро агентлик доирасида ҳал қилса бўлади, деб ҳисоблаймиз. Дунë жамоатчилиги бу борадаги хизматларини аямаслиги керак. Берлин учрашуви Эрон ядровий дастури атрофида юзага келган мураккаб вазиятни музокаралар орқали ҳал этиш учун қулай имконият. Биз ушбу учрашувнинг юзага келган бўҳроннинг дипломатик йўллар орқали ҳал этишда муҳим роль ўйнашига ишонамиз”, - деди Кин Ганг.

Россия Эрон ядровий дастури масаласида кўприк вазифасини ўтаëтган мамлакат ҳисобланади. Маълумки, бу дастур атрофида узоқ вақтдан бери мубоҳасалар давом этмоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳрон ўзининг ядровий дастури доирасида атом қуроли ясамоқчи эканини айтиб келаётган бўлса, Россия, Хитой ва бошқа мамлакатлар Эроннинг бу дастури тинч мақсадларга қаратилганини билдиряпти.

Расмий Теҳрон учун боши берк кўчага кирмасликнинг биргина йўли, афтидан, уранни Россия ҳудудида бойитишга кўнишида кўринади. Аммо Эрон бу борада ҳали аниқ жавоб айтгани йўқ.
XS
SM
MD
LG