Линклар

logo-print

“Кадима”нинг ғалабаси

  • Ҳасанжон

http://gdb.rferl.org/99D5CDB8-F654-4BE2-AB05-A1F1C9D04EE0_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/99D5CDB8-F654-4BE2-AB05-A1F1C9D04EE0_mw800_mh600.jpg 28 март куни Исроилда ўтказилган парламент сайловининг ҳозирча расман тасдиқланмаган натижаларига кўра, “Кадима” партияси мамлакат парламенти – Кнессетда энг кўп ўринни эгаллаган.

Партия раҳбари Эҳуд Олмерт 28 март куни сайлов участкасига овоз бериш учун борганида сайловни “Фаластиндан ажратилган давлат барпо этиш режаси учун ўтказилаётган референдум”, деб атаган эди.

Кузатувчилар сайлов натижасига асосланиб, 120 ўринли Кнессетдаги 28 та ўринни “Кадима” партияси вакиллари эгаллашини айтмоқда. Бу эса янги ҳукумат коалицияси, асосан, шу партия вакилларидан иборат бўлишини англатади.

Ўз партияси сайловда ғолиб чиққанини айтган Э.Олмерт фаластинликларни алоҳида-алоҳида давлат тузиш учун бирга ишлашга чақирди. У музокара олиб борадиган томон бўлмаган тақдирда ҳам партия ўз режасини амалга ошириши мумкинлигини билдирди.

“Воқеликни тан олган ва тушунган ҳолда биз энг яхши ўғлонларимиз, аскарларимиз дафн этилган Исроил учун муқаддас ҳудудларнинг бир қисмини бериш орқали муроса қилишга тайёрмиз. Орзуингиз рўёбга чиқиши учун биз билан ёнма-ён ўз давлатингизда тинч ҳаёт кечиришингизга имконият яратиш мақсадида биз ўша ерларда яшаб келган яҳудийларни бошқа жойларга кўчириш орқали муросага келишга тайёрмиз”, - деди Э.Олмерт.

Э.Олмерт сайловолди кампанияси давомида Фаластин ҳудудларидан Исроил қўшинларини бир томонлама олиб чиқиш ишларини давом эттиришини билдирган эди. Иккита алоҳида давлат яратиш мақсадида партиянинг ҳозир беҳуш ҳолда шифохонада ётган асосчиси Ариэл Шарон Ғазо секторидан Исроил қўшинларни олиб чиқиш ишларини ўтган йил сентябрь ойида тугатган эди. Режага кўра, 2010 йилга қадар Исроил ва Фаластин давлати ҳудудларини хавфсизлик деворлари ажратиб туради.

Кнессетда кўпчиликни ташкил этиш учун “Кадима” 61 та ўринни эгаллаши керак бўларди. Шунинг учун эндиликда партия сайловда иккинчи ўринни эгаллаган “Меҳнат” партияси билан коалиция тузиши кутилмоқда. Шарон режасини қўллаб-қувватлаган бу партия парламентдаги 20 та ўринни эгаллаши айтилмоқда.

Сайловда учинчи ўринни “Бизнинг уй – Исроил” партияси эгаллади. Бу партия аъзоларини, асосан, собиқ Совет Иттифоқидан Исроилга кўчиб борган иммигрантлар ташкил этади. Партия раиси Авигдор Либерман сайлов натижаларидан қониқиш ҳосил қилганини билдирди.

“Сайлов натижаси бизни қониқтиради. Менимча, бу ўта муҳим муваффақият. Бугунги кунда биз ўнг қанотнинг йирик қисмини ташкил этяпмиз. Кейинги сайловда биз асосий ҳамкор бўлишга умид қиламиз”, - деди А.Либерман.

Исроилда ўтказилган парламент сайловида собиқ бош вазир Беньямин Нетаняху етакчилигидаги “Ликуд” партияси катта йўқотишга учради.

29 март куни Эҳуд Олмерт янги ҳукумат тузиш масаласида бошқа партиялар билан норасмий маслаҳатлашув бошлади.

“Кадима”нинг ғалабасига халқаро ҳамжамият турлича муносабат билдиряпти.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос фикрича, агар Олмерт ўз сиёсатини ўзгартирса ва бир томонлама ҳаракат қилиш фикридан қайтса, ҳақиқий ўзгариш бўлади.

“Биз Олмерт бир томонлама ҳаракат қилиш сиёсатини музокаралар олиб бориш сиёсатига ўзгартиришига умид қиламиз”, - деди М.Аббос.

Фаластиндаги “Ҳамас” радикал гуруҳи Исроилдаги сайлов натижаларини рад этди.

АҚШ президенти Жорж Буш эса Олмертга қўнғироқ қилиб, сайловдаги ғалаба билан табриклади.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавъер Солана ҳам Эҳуд Олмертни телефон орқали қутлаб, Исроил фаластинликлар билан бирга тинчлик сари ҳаракат қилишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG