Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:38

Ўзбекистон матбуот эркинлиги вазияти ёмонлашган давлатлар қаторида


2005 йилда дунё бўйича 65 журналист касбий фаолиятини бажараётиб ҳалок бўлди. Бу журналистларнинг 23 нафари Ироқда, 20 таси Осиё, 11 нафари Америка давлатларида қурбон бўлган.

Бу ҳақда Халқаро матбуот институтининг ўтган йили дунёда матбуот эркинлиги вазиятига доир ҳисоботида маълум қилинган.

Унда айтилишича, гарчи бу рақамлар аввалги йилгидан камроқ бўлса-да (2004 йилда 78 журналист касбий фаолиятини амалга ошираётганида ҳалок бўлган), 2005 йилда ҳам журналистларга қарши зўравонлик ва тазйиқлар кўлами камаймаган.

Институт ўз ҳисоботида матбуот ва сўз эркинлиги ҳамда унга қўйилаётган чекловлар, Интернет цензураси каби муаммоларга ҳам тўхталган. Унда Осиё давлатлари, жумладан, Хитой матбуотни бўғишда ва журналистларни қамашда ҳали ҳам етакчилик қилаётгани айтилади.

Ҳисоботда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ юзага келган вазиятга ҳам кенг ўрин берилган. Ҳужжатда, айниқса, Андижон воқеаларидан кейин журналистларнинг Ўзбекистонда ишлаши қийинлашиб қолгани таъкидланади.

Ҳисобот муаллифларидан бири, Халқаро матбуот институтининг Европа бўйича дастури раҳбари Диана Орлованинг билдиришича, ўтган йили минтақада матбуот эркинлиги билан умумий тенденция сақланиб қолган.

“Журналистларга тазйиқлар ва ҳужумлар, бу ҳолатларнинг жазосиз қолаётгани, матбуот устидан давлат назорати шулар жумласидан. Айрим давлатлар, хусусан, Украина, Грузия қатори Қирғизистонда ҳам рангли инқилоблардан сўнг матбуот эркинлиги бирмунча яхшиланди. Лекин Туркманистон ва Ўзбекистонда вазият ёмон томонга кетмоқда”, - деди Д.Орлова.

"Ўзбекистонни журналистик фаолият учун энг ёмон давлат, дейиш мумкин, - гапида давом этди Д.Орлова. - Деярли барча халқаро ташкилотлар ҳисоботларида бу давлат матбуот эркинлиги кўрсаткичи бўйича энг охирги ўринларни эгаллаб келмоқда. Айниқса, Андижон воқеаларидан сўнг у ердаги вазият янада яққолроқ кўринди. Ўзбекистон шарқида содир бўлган 13 май воқеаларини ёритган журналистлар тазйиқлар остида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Гарчи ҳукумат журналистларни Андижонга ўзи олиб борганини айтаётган эса-да, уларга фақат махсус жойлар кўрсатилган. Мустақил суриштирув ўтказиш ва аҳоли билан суҳбатлашишга изн берилмаган".

Д.Орлова 2004 йилги ҳисобот билан солиштирганда 2005 йилда Грузия ва Украинада вазият яхшилангани, Озарбойжон ва Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аҳволи ёмонлашганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG