Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:51

Тамара Чикунова - Франция ордени соҳибаси


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тамара Чикунова Франция Республикаси орденига сазовор бўлди. Унга орден топшириш маросими 30 март куни кечқурун Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтади.

Т.Чикуновани бу орденга Франциядаги ўлим жазоси ва қийноқларга қарши курашувчи ташкилот ҳамда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси тавсия этган.

“Ушбу мукофот Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси тарафидан бериляпти. Ушбу комиссия 1988 йилда мукофотлар жорий этган ва ҳар йили 10 тадан шундай мукофот бериб боради”, - деди Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмийси.

Бу йилги 10 та мукофотдан бири Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикуновага бериладиган бўлди.

“Бу мукофотнинг берилиши Франция дунёда ўлим жазоси бекор қилиниши тарафдори эканини англатади. Бу Франция Ўзбекистонда ўлим жазоси билан боғлиқ вазиятдан ташвишда экани борасидаги сигнал ҳамдир”, - деди элчихона расмийси.

Т.Чикунова ўз фаолиятини 2000 йилда ўғли Дмитрий қамоқхонада қатл этилгандан сўнг бошлаган эди. Сўнгги олти йил ичида Ўзбекистонда ўлим жазоси билан боғлиқ 18 ҳолатнинг бекор этилишида унинг ҳиссаси катта бўлганини айтади ҳамкасблари.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Андреа Бергнинг сўзларига кўра, Т.Чикунова Ўзбекистондаги энг фаол ноҳукумат ташкилот намояндаларидан биридир.

“У Ўзбекистонда ўлим жазоси ва қийноқлар билан боғлиқ кўплаб ҳолатларнинг жамоатчиликка ошкор этилиши ва тўхтатилишига ҳисса қўшган ва ҳозир ҳам мард инсон, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда”, - деди А.Берг.

Кўпгина давлатлар Т.Чикунова фаолиятини юқори баҳолаган. 2004 йилда у Италия ва Германия мукофотларини олди. Ўтган йили эса Т.Чикунова “Нюрнберг-2005” мукофотига сазовор бўлди.

"Бу мукофотлардан мақсад, энг аввало, Чикунова фаолиятини эътироф этиш ҳамда жамиятдаги чигал муаммоларни ечишда ноҳукумат ташкилотлар роли муҳимлигини Ўзбекистонга эслатиб қўйишдир”, - деди А.Берг.

Францияда чиқадиган “Марказий Осиё” журнали муҳаррири Надежда Отаеванинг билдиришича, Франция Республикаси ордени юксак мукофотлардан биридир.

"Инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича Франция Республикаси ордени давлат мукофотидир. Бу орден камдан кам ҳолларда, фақат алоҳида фаоллик кўрсатган инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига берилади", - деди Н.Отаева.

Ўзбекистон президенти 2008 йилнинг 1 январидан мамлакатда ўлим жазоси бекор қилиниши ҳақида фармон чиқарган. Аммо инсон ҳуқуқи ҳимоячилари бу масалани чўзиб ўтирмай, жазо дарҳол бекор қилинишини сўрамоқда.
XS
SM
MD
LG